Обрўсини билганнинг ҳурмати баланд бўлади

09:31 28.08.2019 1335

“Саришта кийининг. У ерга кўйлаксиз, калта иштонда, калта шимда ёки бу жойга тўғри келмайдиган бошқа либосда борманг. Маҳаллий аҳолига эътибор берсангиз, тушуниб оласиз: улар сизни бу ерда худди сиз ўз ватанингиздаги мана шундай жойда қандай кийинсангиз, ўшандай либосда кўришни исташади. Ибодат масканига отланганда либосга алоҳида эътибор беринг: елка ва тиззалар албатта тўсилган бўлиши лозим. Туристлар кўп қатнайдиган зиёратгоҳларда ортиқча яланғоч жойларингизни яшириш учун ёпинчиқ беришади. Шундай бўлса-да, диний қадамжоларга экскурсияга боришда камтарона ва одоб билан кийинишга ҳаракат қилинг.

- масжидда эркаклар бош кийим кийган бўлишлари лозим. Аёлларга эса, ичкарига фақат шимда ёки узун юбкада, енги узун, тугмачалари тўлиқ қадалган блузка ва бошларини ўраб турувчи рўмолда бўлишлари талаб қилинади. Масжидга киришдан олдин пойабзални ечиш керак. Намоз ўқилаётганда масжидда бегоналар бўлиши тақиқланган”.

...Булар Ўзбекистондаги сайёҳлар учун кўрсатмалар эмас, балки ҳаммага маълуму-машҳур, бутун дунё сайёҳларининг диққат марказидаги Таиландда сайр қилиш йўл-йўриқларидир.

Кўпчилигимиз ҳар қандай одобу тартибдан холи деб тасаввур қиладиганимиз Таиланд ҳам саёҳатчилар учун қатъий одоб қоидаларига эга экан. Ҳаттоки, уни бузганлар жиноий жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин экан.

Аммо бу тартиботлар сайёҳлар оқимига ҳеч салбий таъсир кўрсатмайди – қайтанга маҳаллий урф-одатлар, зиёратгоҳлар, диний эътиқодлар обрўсини оширади.

Биз эса... оёғини йириб расмга тушса – “фон учун бизни танлаганига раҳмат” деймиз. Кечаси томоғи қақраб қолса, “нега ароқхоналар куну-тун ишламайди?!” деб айюҳаннос соламиз. Сайёҳлар қизиқади деб қиморхоналару, худо асрасин, бузуқхоналаргача очиб қўйишга тайёр турамиз.

Билмаймизмики, келадиган сайёҳлар ўзларида бор, ўзлари ўрганган нарса учун эмас, балки бутунлай ўзгача муҳитга тушиш, ўзгача эътиқоду, урф-одатларни кўриш учун келадилар. Ва инсон зоти шундай яралган – обрўсини билганнинг ҳурмати баланд бўлади.

Алоуддин Садриддинов

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!