Одамлар нима деркин?

11:20 11.10.2018 868

Қўлдан кетмиш ихтиёр,
Бу дунёда ким эркин?
Қарғиш урган бир гап бор:
“Одамлар нима деркин?”

Онам ўшандан қўрқар,
Отам ухлолмай чиқар,
Менинг кўнглимни сиқар:
“Одамлар нима деркин?”

Гап-сўзларга йўқ мажол,
Юролмайман бемалол,
Йўлим тўсар бир савол:
“Одамлар нима деркин?”

Андуҳлардан дил тилим,
Боққа кетдик, юр, Гулим.
Жовдирайди севгилим:
“Одамлар нима деркин?”

Қўшним тўй деб тўймайди,
Янги кий, деб қўймайди,
Ўзгармасам бўлмайди,
Одамлар нима деркин?

Камбағални бой қилган,
Қўлларини лой қилган,
Ҳолимизни вой қилган –
“Одамлар нима деркин?”

Беҳзод Фазлиддин

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!