Ислом

Одамларнинг аксарига эргашган хато қилади... 

1323

Кейинги кунларда жуда кўп биродарлардан ушбу мазмундаги фикрларни ўқияпман:

“Одамларнинг аксари адашган, фақат оз тоифа ҳақда бўлади“.

“Кўпчиликка эргашсангиз адашасиз, Аллоҳ ҳақда бўлишни камчиликка насиб этади“.

“Ҳақ томон озчиликнинг томони бўлади, кўпчилик эмас.“

Бу мазмундаги гаплар турлича иборалар билан қуйидаги оятга ишора қилмоқчи бўлади:

﴿ وَإِنْ تُطِعْ أَكْثَرَ مَنْ فِي الْأَرْضِ يُضِلُّوكَ عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ إِنْ يَتَّبِعُونَ إِلَّا الظَّنَّ وَإِنْ هُمْ إِلَّا يَخْرُصُونَ ﴾.

Оят тафсири:

Ер юзидаги кимсаларнинг кўпларига итоат қиладиган бўлсангиз, сизни Аллоҳнинг йўлидан оздирурлар. (Зотан) улар фақат гумонларигагина эргашурлар ва фақат алдайдилар, холос.

Ушбу мазмундаги оятлар кўп. Уларнинг БАРЧАСИ юқоридаги жумлага бир муҳим шарт билан далолат қилади: 

ОДАМЛАРНИНГ кўпчилигига эргашсангиз, адашасиз, ОЛИМЛАРНИНГ эмас!

Сабаби, ОДАМЛАРнинг кўпчилиги куфрни танлайди, кўрмайсизми, мусулмонлар инсоният тарихида доимо озчилик бўлганлар. 

Кўрмайсизми, намоз ўқийдиган ўқимайдигандан камроқ. Охират учун яшайдиганлар дунё учун яшайдиганлардан камроқ. Шунинг учун аксар муфассирлар бу мазмундаги оятларда айтилган “кўпчилик”дан мурод “мушриклар” эканини зикр қилганлар. 

Бироқ, эътибор беринг, бу жумлани баъзи биродарлар ўз тоифаларига нусрат бериш учун қуйидаги маънода ишлатмоқчи бўляптилар:

ОЛИМЛАРНИНГ аксарига эргашсангиз, улар сизни адаштирадилар. 

Улар, табиийки, буни очиқ айтмайдилар, лекин суҳбат қуйидагича бўлади: 

Масалан, бир одам келиб, бу фиқҳий мазҳабларни йўқотиш керак, одамларга эмас, тўғридан-тўғри Китоб ва суннатга эргашиш керак, дейди. 

Сиз: «Бу гапинг тўғри бўлса, Қуръон илмлари, ҳадис илмлари, фиқҳ илмлари, араб тилшунослиги илмлари (тафсир, ҳадис, усул, фиқҳ, мусталаҳ, наҳв, қавоид ал ҳадис ва бошқалар)дан бўлган муфассирлар, муҳаддислар, фуқаҳолар, усулийлар- деярли барча уламолар шу тўрт мазҳабдан бирига эргашган экан-ку, шуларнинг ҳаммаси сен билганни билмаганми? Шу уламоларнинг ҳаммаси Қуръон ва суннатга эмас, одамлар сўзларига эргашиб юрганми?!»- десангиз, у айтади:

“Одамларнинг кўпчилиги ботилда бўлади, ҳақ озчилик томонда бўлади. “

Ва мана шу юқоридаги гап, шубҳасиз, оятни ўз манфаатлари учун буриб ишлатишдир! Саҳиҳ ҳадисда айтилади: 

وإن العلماء ورثة الأنبياء.

“Уламолар набийларнинг меросхўрларидир”.

Қандай қилиб набийларга меросхўр бўлганларнинг аксари адашган бўлади? Ақлингизни ишлатмайсизми? 

Агар шу гапни айтгудек бўлсангиз, сизнинг "аксар саҳобалар адашган” дейдиган рофизалардан фарқингиз нима?! 

Оятлар кўпчиликка эргашмаслик кераклигини таъкидлаганда ОЛИМЛАРНИ эмас, умумий шаклда ОДАМЛАРНИ назарда тутган. Зеро, ОЛИМЛАР ана шу одамларга нисбатан олганда камчилик бўлиб қолади. 

Бироқ 1400 йиллик Ислом тарихида аксар олимларнинг бир томонда бўлиши ўша томон учун мурожжиҳ - унинг рожиҳ эканига аломат бўлади. 

Албатта, баъзи жуъзий ИЖТИҲОДИЙ масалаларда кўпчилик уламолар хато қилиб, камчилик тўғри ҳукмга келиши эҳтимолдан холи эмас. Бироқ аксар масалада кўпчилик Ислом уламоларининг хато қилгани даъвоси қуруқ ботил гап. Аксар уломолар аҳли сунна эмас, деган гап фақат тоифапарастлар гапи бўлади! 

Шундай экан, қалбингизни хотиржам қилинг! Ҳақ йўл аксар уламолар кўзларидан беркитилган, фақат кичик бир тоифагагина калитлари берилган йўл эмас. 

Ҳақ йўл муфассирлар, муҳаддислар, фуқаҳолар -  аксари уламолар тўғри деган йўлдир! Шубҳасиз, исломнинг асрлар давомида илмни бизгача етказиб берган аксар уламолари аҳли сунна уламоларидир! 

Маҳмуд Усмон

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ислом хаёл эмас, ҳаёт динидир!

1806 11:55 04.04.2020

«Исломда бойлик ва камбағалликка муносабат»

341 20:04 03.04.2020

Бойлик, саховат саҳобалар ва ҳозирги бойлар мисолида

1402 12:30 03.04.2020

“Ислом умматининг 100 буюк шахси”: Имом Шавконий

598 20:30 02.04.2020

Закотни қанча бериш керак?

541 20:00 02.04.2020

Закот ҳақидаги мулоҳазалар

319 12:00 02.04.2020
« Орқага