«Одамларнинг гўштини еб, уларнинг обрўсини тўкадиган кимсалар»

20:30 09.04.2019 453

Тил инсон аъзолари ичидаги энг кичиги бўлишига қарамай, у бошқа аъзолар қила олмайдиган ишларни қилишга қодир. Тилнинг тўғри бўлишлиги бошқа аъзоларнинг иши яхши бўлишлигига сабаб бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Банданинг токи қалби тўғри бўлмагунча, унинг иймони мукаммал бўлмайди. Токи тили тўғри бўлмагунча, унинг қалби тўғри бўлмайди,”, – деб марҳамат қилганлар. Бошқа аъзоларга қараганда, тилнинг имконияти кенг бўлгани боис, динимиз таълимотида тилга алоҳида эътибор билан қаралади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасидаги нарсани сақлашга кафолат берса, мен унга жаннатга киришни кафолат бераман”, – деб марҳамат қилганлар.

Маълумки, Аллоҳнинг инсонга берган энг улуғ неъматларидан бири тилдир. Тил инсонларнинг ўзаро муомалаларида фикрларини баён қилишлари, ички кечинмаларини ифодалашлари учун, қолаверса, Аллоҳни зикр қилиш, Қуръон тиловат қилиш, одамларни ҳидоят йўлига чақириш каби Ўзи рози бўладиган ўринда ишлатиш учун берилгандир. Тил инсоннинг ақл-идроки ва маънавиятини намоён қилувчи асосий аъзодир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин кишининг тили қалбининг орқасида бўлади. Мунофиқнинг тили эса қалбининг олдида бўлади. Мўмин киши аввал ўйлаб кейин сўйлайди. Мунофиқ эса, аввал сўйлаб кейин ўйлайди”, – дейдилар. Халқимизда ҳам “аввал ўйла, кейин сўйла” деган мақол бекорга айтилмаган.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, инсоннинг инсонийлиги унинг тилига қай даражада эътибор беришига боғлиқдир. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзининг “мутакаллим”, яъни сўзлагувчи деб аталмиш сифатидан башариятга ҳам озгина улуш берган экан, инсонлар буни катта неъмат деб билиб, ундан фақат хайрли мақсадда фойдаланмоқлари лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаи киромлардан: «Сизлар ғийбат нима эканини биласизларми?» − деб сўрадилар. Саҳобийлар: «Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир», дея жавоб бердилар. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ғийбат биродарингни у ёқтирмайдиган нарса билан зикр қилишингдир» − дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, мен айтган нарса биродаримда бор бўлса ҳам ғийбат бўладими?», деб сўралган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сен айтган нарса унда бор бўлса, уни ғийбат қилдинг. Агар сен айтган нарса унда бўлмаса, сен унга бўҳтон қилган бўласан», дея марҳамат қилдилар («Саҳиҳи Муслим», «Сунани Термизий»)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «биродаринг» сўзи билан сен ғийбат қилаётган киши бир қарашда сенга қариндошлиги бўлмаса ҳам, аслида у уч жиҳатдан биродаринг эканига ишора қилмоқдалар. Биринчидан, сенинг ҳам, унинг ҳам бобокалони Одам Атодир. Иккинчидан, сенинг ҳам, унинг ҳам момокалони Ҳавво онамиздир. Учинчидан, ҳар иккингиз мусулмонсизлар, мусулмонлар эса ўзаро ака-укадирлар. Киши туғишган ака-укасини ғийбат қилишдан ва уни хорлашдан иложи борича сақланганидек, бошқа кишининг айбини баён қилишдан ҳам сақланмоғи лозим.

Халқимизда, “яхши сўз билан илон инидан чиқади, ёмон сўз билан мусулмон динидан”, деган мақол бор. Бунинг маъноси, одамларга ширин сухан билан сўзлаган инсонни ҳамма яхши кўради. Унинг суҳбатидан баҳраманд бўлишга ошиқади. Захархандалик ва ғазаб билан гапирадиган кимса эса, ҳамманинг таъбини тирриқ қилиб, одамларнинг нафратини қўзғатади. Ҳакимлар: тиғнинг жароҳатига малҳам топиш мумкин, аммо тилнинг жароҳатига малҳам йўқ, дейдилар. Ўзгаларга озор беришда бошқа аъзоларга қараганда тилнинг имконияти каттадир. Одатда, тил орқали ғийбат, туҳмат, бўҳтон, ёлғон гувоҳлик бериш каби жиноятлар содир этилади. Шунинг учун ҳам инсонларнинг обрў иззатларини сақлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ислом динида мазкур жиноятлар ҳаром қилингандир. Хусусан, ғийбат одамларнинг яширин айбларини ошкор қилиш ва уларнинг обрўларини тўкишдан иборатдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажидаги хутбаларида ҳам буни алоҳида таъкидлаб: “Албатта, қонларингиз, молларингиз ва обрўларингизга тажовуз қилиш бир-бирларингизга ҳаромдир. Шу ойда, шу шаҳарда бу арафа кунининг ҳурматини сақлагандек, уларнинг ҳам ҳурматини сақланглар!”, - деганлар (Муттафақун алайҳ). Демак, бировнинг қонини тўкиш, молини зулм билан ейиш қандай ёмон иш бўлса, унинг обрўсига тажовуз қилиш ҳам шундай манфур амаллардандир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ғийбатнинг ҳақиқий моҳиятини шундай баён қилади: “...(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи ва раҳмли зотдир” («Ҳужурот» сураси, 12-оят). Қуръони Каримда ҳеч бир гуноҳ бунчалик ёмон ҳолатга ўхшатиб тавсифланмаган. Биламизки, инсон ҳеч қачон ўлимтик ҳайвон гўштини емайди. Агар гўшт инсонники бўлса, бутунлай ундан жирканади. Ўз туғишган биродарининг ўлган ҳолатида гўштини ейиш эса, умуман инсониятга номуносиб ва ақлдан узоқ ишдир. Ғийбат ана шундай қабиҳ ҳолатга қиёсланди. Албатта, бу виждонли, соғлом ақлли ва имонли ҳар қандай кишининг қалбини ларзага келтиради.

Бундай мудҳиш гуноҳнинг жазоси ҳам шубҳасиз даҳшатлидир. Бунга Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳам мисол бўла олади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққаларида (яъни етти қават осмонга кўтарилганларида) бир қавмнинг олдидан ўтдилар. Уларнинг тирноқлари қўрғошиндан бўлиб ўзларининг юзларини ва куракларини тирнаётган эдилар. Буни кўриб ажабланган Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Жаброил алайҳиссалом, булар кимлар?” – деб сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом: “Булар одамларнинг гўштини ейдиган ва уларнинг обрўларини тўкадиган кишилар”, – деб жавоб бердилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Бирор кимсани ғийбат қилинаётган вақтда, унга қулоқ солиб турган киши ҳам ғийбатчининг гуноҳига шерик бўлади. Зеро, ҳадисларда ғийбат эшитувчи ҳам ғийбатчиларнинг бири эканлиги баён қилинган. Шунинг учун ҳар бир мусулмон бошқа мусулмон биродарининг обрўсини ҳимоя қилиши ва ғийбатни тўхтатишга ҳаракат қилиши лозим. Бунинг фазилати ҳақида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан, Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг ривоят қилишларича: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки бир биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унинг юзидан дўзахни даф қилади”, – деганлар (Имом Термизий ривояти). Демак, ғийбатчини ғийбатдан тўхтатиб, мусулмон биродарини ҳимоя қилишнинг мукофоти жаннат бўлса, суҳбатга қўшилиб, ғийбатга шерик бўлишнинг оқибати аламли азобдир. Ривоятларда келтирилишича, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаламга ушбу сўзларни ваҳий қилди: “Кимки ғийбатдан тавба қилган ҳолда вафот этса, жаннатга энг охирги бўлиб киради. Ғийбатда давом этиб (тавба қилмасдан) вафот этган бўлса, у дўзахга биринчи бўлиб киради”.

Уламолар баъзи ҳолатларда, зарурат юзасидан бировнинг айбини гапириш ғийбат ҳисобланмайди дейдилар. Масалан:

1. Мазлум киши золим устидан шикоят қилиб, унинг айбини гапириши ғийбат эмас.

2. Бир одамни тўғри йўлга солиш ва ёмон ишдан қайтариш мақсадида бошқалардан ёрдам ва маслаҳат сўраш ҳам ғийбат бўлмайди.

3. Бирор кимса ҳақида сўралганида ўша киши ҳақида тўғри тавсиф бериш мақсадида ҳам унинг айбини рўй-рост айтиш жоиз (яъни, уй сотиб олмоқчи бўлган кишига қўшниларнинг, оила қуришда йигит ёки қизнинг камчиликларини айтиш мумкин).

4. Олим кишилардан фатво сўраш ниятида гапиришнинг ҳам зарари йўқ. (Яъни, “фалончи менга шундай муомала қилди, мен нима қилишим керак?” каби саволларни бериш мумкин).

5. Турли хил гуноҳларни ошкора қиладиган ва шу гуноҳи билан мақтаниб юрадиган одамнинг айбини гапириш ҳам ғийбат ҳисобланмайди.

Шундай бўлса ҳам, ғийбатдан сақланиш фойдалироқдир. Бирор кимсанинг ғийбатини қилган киши, албатта, биринчи навбатда қилган гуноҳи учун афсус надомат қилиб, Аллоҳга тавба қилмоғи, гуноҳининг кечирилишини сўрамоғи лозим. Шу билан бирга, ғийбат қилган биродарининг олдига бориб, ундан узр сўрамоғи, розилигини топмоғи лозим. Борди-ю, ғийбат қилган кишиси вафот топган бўлса, умрининг охиригача унинг ҳаққига Аллоҳдан мағфират тиламоғи лозим бўлади. Мана шу йўл билан у ғийбат туфайли орттирган гуноҳларидан фориғ бўлиши мумкин. Акс ҳолда, ушбу гуноҳи охиратга қолса, оқибати оғир бўлади. Зеро, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни огоҳлантириб шундай деганлар: “Кимнинг зиммасида бир биродарининг обрўси ёки молига тегишли бирор ҳаққи қолган бўлса, динор ва дирҳамлар (яъни мол-дунё) ўтмайдиган қиёмат куни келишидан олдин ҳаққини адо қилиб олсин. Акс ҳолда, охиратда унинг савоблари ҳақ эгасига олиб берилади. Агар савоблари етмаса, ҳақ эгасининг гуноҳлари унинг гуноҳларига қўшиб қўйилади” (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таоло барчаларимизни ғийбатдан ва унинг ёмон оқибатларидан асраб, ҳақ йўлда собитқадам қилсин!

Манбалар аосида А. Ўрозов тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!