Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Видео

Одинахон Муҳаммад Содиқ: «Қайнонаси ўлган келиннинг қайнотаси билан бир уйда яшаши...» (учинчи қисм)

1809

(биринчи қисм)  (иккинчи қисм)  (тўртинчи қисм)  (бешинчи қисм)

Azon.uz'нинг "Онлайн савол-жавоб" лойиҳасида "Оила ва жамият" мавзусида суҳбат ташкил қилинди. Унда "Muslimaat.uz" ва "Бинту Содиқ" саҳифалари муаллифи, олима Одинахон Муҳаммад Содиқ ҳозирги кунда жамиятимиздаги долзарб мавзулардаги кўплаб саволларга жавоб бердилар.



- “Устоз мени анчадан бери қийнаб келаётган бир савол бор, турмушга чиққанимга яқинда бир йил бўлишига қарамай мен ўзимни ҳали ҳам бахтли ҳис эта олмайман. Оила учун энг асосий бўлган туйғулар қалбимда мужассам бўлмайди. Албатта оила қурган бандаларига Аллоҳнинг яна бир неъмати, бу уларни ушбу ибодатни иймон билан қилганларидагина уларни иймонлари янада зиёда бўлиши эди, лекин бу ибодатни қилгандан кейин иймони зиёда бўлиш неъматига банда муяссар бўлмаса, унда нимага қилиши керак? Айниқса турмушини хайрсизга йўйиб, бу амалини хайрсиз деб гумон қилса...”.

Одинахон Муҳаммад Содиқ: Кўпчилик ёшларимизда турмуш қуриш билан бахтга эришилади, деган тушунча мавжуд. Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифларда ҳам фақат никоҳланиш орқали бахтга эришилади, деган маънодаги нарсани топа олмаймиз. Никоҳланиш ҳаётнинг жараёнидан бир босқич саналади. Аслида, никоҳдан мақсад, аёл ва эркакнинг ҳаётни бирга кечириши, иффатини сақлаши, бир-бирининг олдидаги ҳуқуқларини қоим қилиши, шарий чегарада бир-биридан манфаатланиши, зурриёт қолдириши ҳисобланади. Афсуски, бугунги кунда ташқаридан кириб келаётган турли хил одатлар, филмлар, мусиқалар таъсирида ёшларимиз онгида турмушдан сўнг ҳақиқий бахт-саодатга эришиш тушунчаси шаклланиб қолган. Бунинг оқибатида, ҳақиқий ҳаётда турмуш қийинчиликларига дуч келишганда, улар кутгани эмас, бошқа нарса содир бўлганда буни бахтсизлик, ҳайрли эмас, деб ўйлашяпти. Бунинг  ўрнига, қизларимизни олдимизга олиб, турмуш ҳақида, унинг ўзига яраша қийинчиликлари, никоҳланишдан асл мақсад нима эканлигини, бахт-саодатга инсон ўзининг меҳнати билан эришиши керак эканлигини тушунтиришимиз лозим. Бошқа хонадонга борди дегани, бахтга эришди дегани эмас. Вақти келганда машаққатларга, қийинчиликларга сабр қилиб эришиш мумкин. Ундан ташқари, агар турмушидан кўнгли тўлмаётган бўлса, тафаккур қилиб кўриш керак. Кўпинча жуфтлар қарши томондаги ноқисликларни кўришади, ўзларидагини эса кўришмайди. Муносабатлардаги муҳим нарса, энг аввал ўзини ислоҳ қилишдир. Бу каби муаммоларга дуч келган опа-сингилларимиз улардан қаерда, қандай хато ўтгани ҳақида ҳам ўйлаб кўришлари керак. Агар камчилик ҳақиқатдан ҳам жуфти томонидан кузатилса ҳам умидсизликка тушиш керак эмас. Сабаби, Аллоҳ ҳузуридан келадиган ҳар қандай нарса хайрлидир ва биз ҳаммасига рози бўлишимиз лозим, гарчи бу иш бизга ёқмаса ҳам. Чунки Аллоҳ таоло томонидан ҳеч бир иш беҳикмат бўлмайди. Бандаси эса, бунга сабр қилса, албатта, ажрга эга бўлади. Бундай ҳолатда кузатувчимизга берадиган маслаҳат, ҳамма нарсани ёмон томонларини ўйлаб, умидсизликка тушмасдан, бу муаммони яхшилаб ўрганиб, уни муолажа қилсинлар. Умуман имконсиз бўлган нарсаларда ажрашишга руҳсат берилган. Лекин ажрашиш ҳам оҳирги ечим эмас. Шунинг учун, бор нарсадан фойдаланиб, ислоҳ қилишга ҳаракат қилсинлар. Яхши ҳаётга эришиш инсоннинг ўз қўлидадир. Фақатгина ҳаракат, меҳнат, ўрганиш, тажриба орттириш ҳамда сабр билан ўрни-ўрнига тушиб кетади. Аллоҳга дуо қилиб, яхшиликдан умид қилсинлар, камчиликларни муолажа қилиш асносида ҳаммаси ўз жойига тушиб кетишига, умид қиламиз.

- Навбатдаги савол: «Устоз янги келин, аёли ўтиб кетган қайнота билан бир уйда, яъни ҳовли уй эмас балки, бир квартирада эри ишдан келгунига қадар ёлғиз қолиши жоизми? У уйда иккаловидан бошқа ҳеч ким бўлмаса, келин намозхон, қайнота эса намоз ўқимайдиган бўлса, у инсон билан бирга, бир уйда ўтиришига шариатимиз қандай қарайди? Мен бир неча марта турмуш ўртоғимга қайнотам билан ёлғиз қолишни, намоз ўқимайдиган инсон билан бир уйда яшашни хоҳламаётганимни тушинтиришга ҳаракат қилиб келаман. Лекин бу бефойда эканини билдим. Буни улар ҳеч ҳам тушинишни хоҳламайдилар. Тушунгандаям қўлларидан ҳеч нарса келмайди ва ҳолатни ўзгартишингизга қодир эмаслар, деб ҳисоблайман. Аллоҳдан уларга инсоф сўрашдан бошқа ҳеч нарса қўлимдан келмаслигини сезаман. Устоз вақтингизни аямай бераётган жавобларингиздан Аллоҳнинг ўзи рози бўлсин! Олдиндан катта раҳмат деб қоламан.»

Одинахон Муҳаммад Содиқ: Ҳозирда бу ҳам долзарб масала бўлган қайнота-келин муносабати ҳам муаммо даражасига етиб борган. Бу ерда айтишимиз керак бўлган нарса аслида қайнота келинларга маҳрам бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: ”Ўзингизнинг наслингиздан бўлган ўғилларингизнинг ҳалоллари сизга маҳрамдир”  Яъни ўғил бир аёлга уйланиши билан ўша аёлга жуфт, унинг отасига марҳрмга айланади. Демак, унинг отаси ўғлининг ҳалолига уйлана олмайди, никоҳ ҳаром қилинган бўлади. Бу тақвони ўрнига қўйган, шатиат чегарасида турганлар учун муаммо эмас эди. Илгариги одобларимизда қайнона келин ўртасида маҳрамли алоқаси бўлса ҳам, чегара одоби ҳаммаси ўрнида бўлган. Лекин ҳозирги кунга келиб минг афсуски, қайнота шариат йўлини ушламаслиги сабаб, келинга ҳар хил назарда қараш кўпайиб кетди. Бунинг оқибатида баъзи ҳукмлар ҳам жорий қилинаяпти ва нохуш ҳолатлар ҳам юзага келиб чиқаяпти. Ҳозирги берилаётган саволда ҳам қайнота намоз ўқимас экан. Демак, шариатга амал қилмайди.  Лекин бошқалар сўраётган нарса, келинга нолойиқ иш қилиб қўйиши ўғли ва аёли ўртасидаги ниҳоҳига путур етказиш ҳолатлари ҳам бўляпти. Оилани пароканда бўлиш каби нохушликлар келиб чиқяпти. Буни олдини олиш ҳолатида савол йўлловчи қайнотани ҳолатини баён қилдилар. Кўп қаватли уйда яшар эканлар. Ёлғиз қолишлари ножоиз деймиз. Бу жуда катта муаммоли масала эмас. Бир оқу қорани ажрата оладиган ёшдаги болани бўлса ҳам келинни ёнига шерик қилиб қўйиш керак. Яъни бундай ҳолатга келин қайнота билан ёлғиз қолмайди ва хижолатли ҳолат ҳам бўлмайди. Албатта, қайнота бўлса ҳам эркак киши билан ёлғиз қолиш ёш келинга ноқулайчилик туғдиради. Шунинг учун оқу қорани ажрата оладиган бир қизчаними, ўғилчаними, келинни ёнига шерик қилиб қолдирса бўлади. Масалан, қариндошлардан жиянлар бўлиши мумкин ёки қўни-қўшнидан илтимос қилиб, то эри ишдан қайтиб келгунига қадар ёнида тириб туришини илтимос қилса ҳам бўлади.  

 Суҳбатни Хосиятхон Одилжон қизи олиб борди.

(давоми бор)

Тўлиқ суҳбатни Azon News' нинг YouTube канали орқали томоша қилишингиз мумкин.

Диёра Эргашева тайёрлади

УЛАШИНГ:

Teglar
« Орқага