Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Видео

Одинахон Муҳаммад Содиқ: «Ҳижоб одобида хатоликка йўл қўймаяпманми?»  (тўртинчи қисм)

1675

(биринчи қисм)   (иккинчи қисм)  (учинчи қисм)  (бешинчи қисм)

Azon.uz'нинг "Онлайн савол-жавоб" лойиҳасида "Оила ва жамият" мавзусида суҳбат ташкил қилинди. Унда "Muslimaat.uz" ва "Бинту Содиқ" саҳифалари муаллифи, олима Одинахон Муҳаммад Содиқ ҳозирги кунда жамиятимиздаги долзарб мавзулардаги кўплаб саволларга жавоб бердилар.

Савол: «Ассалому алайкум, Аллоҳнинг иродаси билан яқинда ҳижобга кирдим. Илтимос ҳижоб одоби ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Ҳозирги кунда турли ҳижоб кийганларни кўриб қайси тўғри, қайси нўтўғри тушунмай қолдим. Мен бажараётган ҳижоб одобида хатоликка йўл қўймаяпманми, деб иккиланиб қоламан баъзан. Жавоб учун катта раҳмат»

Одинахон Муҳаммад Содиқ: Савол йўлловчимизга алоҳида ташаккурларимиз бор. Бу ҳам ниҳоятда муҳим бўлган саволлардан бири. Чунки ҳозирги кунда ҳам бу борада  кўплаб муаммоларга дуч келмоқдамиз. Аввало ҳижоб тўғрисидаги тушунчамиз нотўғри бўлиб қолди. Келин, аввало ҳижоб маъноси нимани англатишидан бошласак. Ҳижоб- тўсиш маъносини англатади. Шу маънода аёлларнинг сатрланишини, яъни номаҳрам шахсдан ўзини авратларини тўсишликни англатади. Ҳозирда ҳижоб деганда фақатгина бош қисмини мато билан ўраб олишни тушиниб қолишди. Бошқа тарафларига эса эътибор берилмаяпти. Мақсад фақат рўмолдангина иборат эмас. Мақсад шуки, сийратланганда шакл-шамойилини номаҳрамга кўрсатмаслик, фитнага айланиб қоладиган даражада назари у аёлга тушиб қолмаслигидир. Номаҳрамларнинг назаридан ўзини тўсиш ҳижоб деб аталади. Афсуски, рўмол ўраб олиб, умуман мусулмоннинг хулқига, динига тўғри келмайдиган тор кийимларни кийиб олган ҳолатларни кўп учратяпмиз. Ҳижобнинг иккита асосий шарти бор. Биринчиси, баданининг кўринмаслиги, устидаги мато тагидаги нарсани кўрсатмасин, юпқа, шаффоф бўлмасин. Иккинчи шарти эса,  қоматни васфлаб бермасин. Қоматни шаклини билдирмайдиган даражада устидаги ҳижоби тўсиқ бўлиб туриши керак. Унинг жисмини, қандай шакилда тузилганлиини номаҳрамга билдирмасин. 

Энди ҳижобнинг одобларига тўхталиб ўтамиз. Ҳозирда ҳижобнинг одобларига зид келадиган ҳолатлар йўқ эмас. Мана аҳамият қиладиган бўлсак, сатрланган аёллар кўп. Сатрланганларнинг ҳижоби ҳижоб одобларига тўғри келадими, одобларига риоя қилишаяптими деган савол туғилади. Ҳатто кенг кийим (абая) ташлаганлар ҳам бор. Лекин бирортаси кўкрак қисмини ёпмаган. Ҳижобдаги энг асосий одоблардан, шартларидан бири шу кўкрак қисмини ёпиш саналади. Энди бу ҳижолатли бўлса ҳам очиқ айтишга тўғри келаяпти, чунки кўп аёлларимиз бунга риоя қилишмаяпти. Нега буни муҳим деб айтадиган бўлсак , чунки Аллоҳ таоло аввало Қуръони Каримда “Рўмолларни кўксиларига тўсиб юрсинлар“ деб хитоб қилган ва буни алоҳида такидлаган. Очиқ-ойдин оят келгандан сўнг буни бажариш фарз даражасига кўтарилади. Энг фитнага учратадиган, мафтункор жиҳат аёлда мана шу кўкрак қисми бўлади. Шунинг учун буни сатрлашга, номаҳрамларни кўздан беркитишга чақиради. Яна ялтир-юлтир, нақшли, одамни ўзига жалб қиладиган ранг бўлмаслиги керак. Биз айтдикки, ҳижобнинг асосий шарти номаҳрамни эътиборига тушмаслик. Яна ҳижобнинг одобларидан бири шуки аёл кишининг пардози. Бизнинг мазҳабимизда юз қисмини очишга рухсат берилган. Лекин шарти пардоз бўлмаслиги керак. Чунки, пардоз ҳам номаҳрамни эътиборини ўзига тортади. Ҳозирда рўмолни ўраб олишяпти, вақти келса кенг, чиройли кийимларни ҳам кийишаяптику, лекин бўрттириб пардоз қилишяпти. Бу ҳам ҳижобнинг одобларига тўғри келмайди. Бу Аллоҳ таолонинг амрига хилоф. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам “Агар аёл номаҳрамнинг олдидан ҳушбўй ҳид сепиб ўтса, зинокор бўлади“ деб айтганлар. Айнан зинокор эмас, зинога сабаб бўлади деган маънода айтганлар. Шунинг учун ҳижобдаги аёллар атирни гупиллатиб сепишлари ниҳоятда ҳижобга зид келадиган амалдир.

Яна бир нарса шуки, кўпчилик баланд пошнали оёқ кийимларни кийиб, тақиллатиб юриши ҳам эркакларни фитнага солади. Бу ҳам мумкин эмас. Буни ҳам ҳукмини Қуръондан олишимиз мумкин. Илгари аёллар оёғига шилдироқ  нарса тақишган. Ўзларини зийнатларидан махфий қилган нарсани билдириб юришмасин, эркакларни фитнага солиб, қалбларига ғулғула солишмасин деган маънода хитоб бўлган. Шунга қиёсан эркакни жалб қиладиган нимаики бўлса мумкин эмас. Булар ҳаммаси кўпчилик томонидан поймол бўлаётган одоблар. Энди яна бир нарса айтиладики, ҳижоб маъносида Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам бундай аёлларни “Кийимли яланғочлар“ деб тавсифлаганлар. Кийим борга ўхшайди лекин ялонғоч ҳисобида. Ва яна шу турдаги аёллар «Жаннатга кирмайди, ҳидини ҳам ҳидламайди» деганлар. Ҳидини ҳидламайди деганда жаннатни яқинига ҳам келмайди деб айтганлар. Ўшаларнинг ичида нимала бор деса, йўлдан оздирувчилар деб айтилган. Ҳижобли аёл фақатгина кийимига эмас, ўзининг юриш туришига ҳам эътибор бериш керак экан. Юрганда эркак кишини этиборини жалб қилмаслиги керак. Юрганда ҳам содда бўлиб, иложи борча камтар бўлиб, ўзини сатрлаган ҳолатда юриши керак. Энди адаштирувчиларга қайтадиган бўлсак, ҳозир кўпчилик қалбим тоза, кўнглим тоза деб даъво қилишади, лекин унинг қалби, кўнгли тозалигига қарамас экан. Ўзини бу каби кўриниши билан бошқа аёлларни ҳам йўлдан уради. Булар ҳам гуноҳга сабаб бўлади.

Шунингдек, ҳижобли аёл овозини кўтариб эътиборни жалб қиладиган ҳолатга етиб келса, бу ҳам ҳижоб одобларига тўғри келмайди. Аёллар ҳижобга кирганларидан сўнг шу каби одобларга ҳам риоя қилишлари керак. Яъни юриш-туришида, гап-сўзларида ҳижоби акс этиб туриши керак. Оиша радияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, муҳожир аёлларни мадҳ қилиб туриб, уларни шаънига яхши гапларни айтиб туриб айтадиларки: “Ҳижоб оятлари нозил бўлганда, миртларини йиртиб, дарҳол бошларига ташладилар“. Қарангки олдин аёллар рўмолда юришмас экан, бирданига тўсининглар деган оят тушганда дарҳол чопон сифатга ўхшаган кийимларини йиртиб туриб, ўша заҳоти  бошларидан ташлаб олишган экан. Бу ерда бизга ибрат бўладиган нарса шуки, Аллоҳни амри келганда дарҳол бажариш керак, ўша пайтдаги мўмин-мусулмонлар, саҳобалар шу жиҳатлари билан жоҳилиятни бир зумда ислом нури билан мунаввар бўлиб кетишларига сабаб бўлишган. Нима учун? Чунки улар амрни эшитишлари билан унга итоат қилишган. Лекин ҳозир ҳижобнинг одобларини гапирганимиз билан ўзига йўл топа олмайдиган аёллар кўпайиб кетди. Саҳобалардан ўрнак олишсин ва дарҳол итоат этишсин. Ҳижобланиш дегани жуда ҳам катта маънога эга. Албатта, унинг одоблари ўзи билан биргаликда бўлиши керак.

Суҳбатни Хосиятхон Одилжон қизи олиб борди.

(давоми бор)

Диёра Эргашева тайёрлади

УЛАШИНГ:

Teglar
« Орқага