Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Видео

Одинахон Муҳаммад Содиқ: «Кинна солиш, чироқ ёқиш, мушкулкушод...»  (олтинчи қисм)

3214

(биринчи қисм)  (иккинчи қисм)  (учинчи қисм)  (тўртинчи қисм)  (бешинчи қисм)

Azon.uz'нинг "Онлайн савол-жавоб" лойиҳасида "Оила ва жамият" мавзусида суҳбат ташкил қилинди. Унда "Muslimaat.uz" ва "Бинту Содиқ" саҳифалари муаллифи, олима Одинахон Муҳаммад Содиқ ҳозирги кунда жамиятимиздаги долзарб мавзулардаги кўплаб саволларга жавоб бердилар.

- «Ассалому алайкум, устоз. Динимиз йўлида қилаётган барча ишларингизни Аллоҳ таоло ўзи қабул этсин ва Жаннатнинг энг юқори даражаларидан насиб этсин. Саволим Бизни қишлоқ жойларда ҳалигача “мушкулкушод”, момо кампирлардан дуо олиш, пул кўтариб кампирларни чақириб чироқ ёқиб, ис чиқариш, юрак солдириш ва кўтартириш, бирон нимадан қўрқса, қўрқоқ қилиш, кимдир боши оғриса назарланибди, деб кинна солиш, ҳомиладор аёлни 5-7 ойлигида 5-6 кампирларни чақириб шўрва қилиб, “чироқ ёқиш“ ва шунга ўхшаш баъзи маросимлар бўляпти. Ҳаттоки баъзи маҳалла отинойилари ҳам шу маросимларни қўллаб-қувватлайди. Илтимос бу маросимлар динимизда йўқ эканини яна бир бор тушунтириб ўтсангиз. Биз айтсак, бизга ишонишмаяпти. Шу видеони кўриб, уйимдаги ва бошқа аёллар бу амалларни қилишни бас қилишар».

Одинахон Муҳаммад Содиқ: Бу саволни йўлловчига алоҳида ташаккуримизни билдирамиз. Чунки ниҳоятда муҳим савол ва эътиқодга бориб тақаладиган мавзу бўлгани учун албатта бу саволни бериб жудаям ажрга эга бўлибдилар. Бу нарсалар шариатда қайтарилган ширк даражасига чиққан амаллардир. Аллоҳга тавба қиламиз ва истиғфор айтамиз. Бу каби амаллар қилишдан бизни ўзи асрасин, уни билиб билмай қилганларни ҳам ҳидоятга солиб гуноҳларини мағфират қилсин. Эътибор берадиган бўлсак, унинг бир неча хил номлари зикир қилиб ўтилди. Буларда асосий мақсад нима? Муродга етиш, кимдирга бир нарса билан мурожаат қилиш, ёки қайсидир маросимни қоим қилш ёки ўша ҳомиладор аёл учун кимнидир атрофга йиғиш, маълум бир таомни қилиш, уни тарқатиш каби мақсадларга эътибор қаратиш керак.  Мақсади қандайдир нарсага эга бўлиши, саломатлиги, тинчлиги, бирор бир мушкулин  ариши, кимнидир орасини ислоҳ қилиши ёки акси, ҳомиладор аёл боласини эсон-омон дунёга келтириши каби ҳар хил мақсадлар бу ерда ётади. Бизнинг этиқодимизда бу нарсаларни сўрашга фақат ва фақат Аллоҳ таоло ҳақли. У зотнинг ўзидангина сўраймиз. Аллоҳ таолодан ўзгасидан сорайдиган бўлса, бу албатта ширк саналади. Чунки биз Аллоҳдан сўраймиз, берувчи зот ҳам Аллоҳ. Бошқа ундан ўзгани берувчи деб эътиқод қилиш ширк ҳисобланади.  Ширк- Аллоҳ таолога бошқани  шерик қилиш. Аллоҳ таоло ўзининг зотида, сифатида феълларида ягона зотдир. Ҳеч бир махлуқ унга шерик бўла олмайди. Бу каби амалларни бажарганларнинг эътиқоди расво бўлади, иймони бекор бўлади. Шунинг учун дарҳол бу амалларни қилишдан тўхташ керак.  Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Дуо қилинглар, ижобат қиламан.» деб айтган. Ундан ташқари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор эҳтиёжи бор бандаларга «Хожат намози»ни тавсия қилганлар. Унинг дуосида, унинг моҳиятида Аллоҳга бандани бўлган эҳтиёжи баён қилинади. Шунча тавсиялар туриб, шариатда шунча баёнлар туриб, Аллоҳ таолони сифатини, у зотини фелларини, ҳаммасини баён қилиб турганда, ширклардан, эътиқодлардан қайтарилганда яна бу нарсаларни жорий қилиш  не сабаб? Агар шулар билан муродлар ҳосил бўлиб кетганда ҳамма қилинаётгананларнинг муроди ҳосил бўлиши керак эди. Аллоҳ истаса беради, истамаса бунданда хайрлисини бандасига раво кўрган бўлади. Шунинг учун зинҳор бу ишларни қилмаслик керак. Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, ширк исломдан чиқариб юборадиган, иймонини бир пул қиладиган нарсалар. Ундан кўра Аллоҳни ўзига мурожаат қилишсин. Аллоҳга эътиқод қилишадию, яна жоҳилиятнинг амалларини олиб келишаяпти. Жоҳилиятда шунақа ишлар бор эди. «Осмонни, ерни ким яратган?» деб сўралганда улар “Аллоҳ“ деб жавоб беришар эди. Улар шу орқали Аллоҳга етишамиз деб туриб, ўзларича ибодат қиладиган бут-санмалар, фол очишлар, тош отишлар, қуш учуришлар ва шунга ўхшаган бир қанча бидъату хурофот каби ширкларни яратиб олишган. Очиқ-ойдин ширк қилишар эди. Аллоҳ таоло ер юзини ислом билан мунаввар қилди, расулларини, таълимотларни юборди. Ундан кейин яна ҳозирги ҳолатда жоҳилиятга қайтишга нима эҳтиёжи бор? Бунга асло эҳтиёж йўқ. Бу ана шу жоҳилиятнинг айнан кўринишидир. Мусулмон ҳолатимда қоламан, иймоним билан саломат кетаман деса, зинҳор бу нарсаларни қилишмасин. Бундан қайтариш керак.

Аллоҳ ҳидоят берсин, нотўғри йўлдан юришда адашишликдан ўзи сақласин ва тавбаларимизни қабул қилиб, истиғфорларимизни ҳам ўзи қабул айласин.

-Ташаккурлар изҳор қиламиз ва ушбу савол эгаси ўзлари учун анча керакли бўлган, юракларига малҳам бўладиган жавобни олдилар. Ва шу ўринда вақтимиз ўз ниҳояси томон етиб бормоқда. Устоз, авваломбор сизга мана шу лойиҳага вақт ажратиб келганингиз учун ташаккур изҳор этамиз. Аллоҳ умрингизни янада зиёда қилсин, барчамиздан рози бўлсин. Ва бизни кузатаётган кузатувчиларимизга, азиз муслима опа-сингилларимизга ўзингизни айтар сўзларингиз бўлса, марҳамат…

Одинахон Муҳаммад Содиқ: Ўз ўрнида мен ҳам сизларга шунчалик сизларнинг саьй-ҳаракатларингиз учун ташаккуримни билдираман. Шариатимизнинг ва илмнинг хизматидасизлар, халққа чиройли тақдим қилаяпсизлар. Аллоҳ таоло доимо бу ишларингизда кўмакдош бўлсин, қўллаб-қувватласин, ҳамиша барчамизнинг юзимизни икки дунёда ҳам ёруғ қилсин. Савол йўллаганлар кузатувчиларимиз учун берган жавобларимиз  ўзлари ва бошқалар учун манфаатли бўлди деб ўйлаймиз.  Аёл-қизларимизга ҳижоб масаласида Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадиснинг  ниҳоятда таъсирли ва мухим эканлигини таькидлаб ўтамиз . Бу ҳадис ҳақида биз ҳам ўзимизнинг сайтимизда ҳавола қилиб боришга ҳаракат қиламиз. Чунки ушбу ҳадис ниҳоятда катта маънога эга, яъни Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келган амрга дарҳол итоат қилиш. Ҳозир бизда савол туғилади биз нима учун амал қила олмаймиз? Нимага иймонларимиз суст? Нима учун амалларимиз нуқсонли? Энг катта сабаблардан бири, эшитган амрга биз итоат қилмаймиз. Қачонки биз итоат қилар эканмиз ана шунда натижа бўлади.

Бизнинг аёлларимизнинг ғурурлантирадиган томони шундаки, улар оғир вазиятда ҳам сабрли бўлиб, ечим қидириб, илм қидириб, динларига муҳаббат қўйишади. Мана шу муҳаббатга яраша натижаларни тилаб қоламан. Динларида мустаҳкам бўлишсин, саҳобаларимиздан ўрнак олишсин. Мана шу диёримизда шариатимизга мувофиқ ҳолат бўладиган, миллийлигимизга мувофиқ бўладиган, тинчлик бўлишида, одоб-ахлоқлари ўз ўрнида бўлишида аёлларимизнинг ҳиссалари катта. Шунинг учун аёлларимиз қачонки салоҳиятли бўлишса, жамиятимиз ҳам салоҳиятли бўлишади. Мана шу жидди-жахтларида мустаҳкам бўлишсин, Аллоҳ таолодан саййидаларимизга насиб қилган бахтни уларга ҳам тилаб қоламан.

Суҳбатни Хосиятхон Одилжон қизи олиб борди

Диёра Эргашева тайёрлади

УЛАШИНГ:

Teglar
« Орқага