Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Видео

Одинахон Муҳаммад Содиқ: «Намозхон эр бегона аёл билан гаплашса...» (иккинчи қисм)

1571

(биринчи қисм) (учинчи қисм)  (тўртинчи қисм)  (бешинчи қисм)

Azon.uz'нинг "Онлайн савол-жавоб" лойиҳасида "Оила ва жамият" мавзусида суҳбат ташкил қилинди. Унда "Muslimaat.uz" ва "Бинту Содиқ" саҳифалари муаллифи, олима Одинахон Муҳаммад Содиқ ҳозирги кунда жамиятимиздаги долзарб мавзулардаги кўплаб саволларга жавоб бердилар.

- «Ассалому алайкум. Агар эр намозхон бўлсаю, аммо бегона аёл билан телефонда гаплашиб турса, аёли билиб қолиб бу ишдан қайтарса, лекин шунчаки таниш деб бу ишдан қайтмаса аёли нима қилиши керак? Индамай юравериши керакми? Гаплашадиган аёл эса эрдан ажрашган. Бу дугонамнинг саволи эди».

Одинахон Муҳаммад Содиқ: Ёдингизда бўлса, “Бахт сири” кўрсатувининг “Хиёнат” номи остидаги сонида бу масалани батафсил берган эдик. Савол йўлловчидан илтимос қилган бўлардик, кўрсатувнинг шу қисмини топиб кўрсалар, ўзлари учун керакли маълумотларга эга бўлган бўлардилар. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, албатта, аёл киши учун эрининг бошқа аёл билан мулоқот қилаётганини кўриш ёқимсиз ҳолат. Агар бу иш никоҳсиз бўлаётган бўлса, бир сидра насиҳат маъносида бу ишни қилмасликларини эслатиб қўйилади. Лекин, бу иш учун аёли жавобгар бўлмайди. Аслида аёл киши эрнинг мункар ишлари учун масъул эмас. Лекин акс ҳолатда, эр аёлининг қилмишлари учун жавобгар ҳисобланади. Шунинг учун, жуфтини муҳофаза қилиш, тартибга солиш, назорат қилиш эрнинг бурчи саналади. Аммо аёл киши учун бу бурч эмас. Насиҳат кўтарадиган, фитна бўлмайдиган, келишмовчиликлар чиқмайдиган ўринларда мўминлик юзасидан насиҳат қилиш жоиз. Аёл Аллоҳ розилиги йўлида ўзининг вазифаларини бажараверади, эркак ҳамма қилмишлари учун ўзи жавоб беради. 

- Назаримда кузативчимиз ўз саволларига кераклича жавоб олдилар, навбатдаги савол эса қуйидагича: “Ассалому алайкум, устоз. Бу савол эмас, шунчаки илтимоснома. Уйимизга жуда кўп уста туширамиз, ишдан қочмайман, фақат усталарга хизмат қилиш ҳам келинлар зиммасида. Чой дамлашми, овқат дастурхони тайёрлашми деярли ҳардоим усталар кўзи ўнгида бўлади. Қайнонам шуни талаб қиладилар ва ўғлларига ҳам шуни сингдирганлар, эркак киши кўчаники, фақат пул топиб келса бўлди, уйдаги барча ишлар аёлларники деб. Умуман олганда динга ҳам жуда юзаки қаралади, асосан, “ўзбекча” урф-одатлар қаттиқ талаб қилинади. Фарзандларим ҳам шундай тарбияланиб қолишидан хавотирга тушаман. Илтимос дуо қилсангиз”.

Одинахон Муҳаммад Содиқ: Ҳақиқатдан, бу ачинарли ҳолат. Бизнинг кўп урф-одатларимиз мусулмончиликдан олинган. Лекин ҳозир айтиб ўтилган баъзи ўзбекчилик деб олинган урф-одатлар шариат кўрсатмаларидан ғолиб келиб қолмоқда. Муаммо шуки, улар  ёшда ва мақомда биздан катта бўлганликлари учун, эътироз билдириш осон эмас. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам биз шариат буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтишимиз керак. Бу масала биргина савол-жавоб ёки насиҳат билан бартараф бўлмайди. Бу нарсага кўпчилик бўлиб, саъй-ҳаракат қилиш, тушунтириш ишларини олиб бориш, диний таълимотларни етқазиш билан секин-секин эришиш мумкин. Албатта, бунга давомий сабр қилиб, зиддиятсиз, уруш-жанжалсиз Аллоҳ таолога дуо қилган ҳолда бу масала ислоҳ қилинади. Бу савол йўлловчи эса турмуш ўртоқлари билан маслаҳатлашишлари, уларга чиройли йўл билан тушунтиришлари лозим. Чунки қайнонага келиндан кўра ўз оғиллари мурожаат қилиб, тушунтирса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Эркаклардан ҳам аёлларини ҳижолатли ҳолатга қўймасдан, Аллоҳ таоло буюрганини бажариб, қайтарганидан қайтишларидан умид қиламиз. Бу муаммолар ҳам секин-секин мана шундай дастур ва тушунтириш ишлари орқали амалга ошади, деган умиддамиз. Чунки бу каби шариат қайтарган аёлларнинг номаҳрамлар олдида хизмат қилиши, турли ортиқча вазифаларнинг юклатилганлиги нотўғри. Бу савол йўллаган кузатувчи ҳам, аслида, савол йўллаш орқали муҳим қадам қўйганлар. Биз бунга кераклича жавоб бердик, мана шунинг ўзи ҳам бир таъсир кўрсатиш бўлади, деб умид қиламиз.

- Кузатувчаримиз бу жавоблар орқали ўз муаммоларини ислоҳ қилишни бошлашади, деб ўйлаймиз. Кейинги саволни ўқиб, эшиттираман: “Ассалому алайкум! Биз оилада 3 та қиз фарзандмиз. Турмушга чиққанман, лекин қайнона-қайнотам тез-тез уйга бориб ота-онамдан хабар олиб туришимни хоҳлашмайди, борганимда ҳам тез қайтинг, деб жўнатишади. Ота-онам қарисалар ёлғизликда қандай яшашларини ўйлаб қўрқиб кетаман. Тез-тез бориб хизматларини қилиб келай десам, уйдагилар руҳсат беришмайди. Қайнона-қайнотамнинг хизматини қилиш келиннинг вазифаси бўлса, ўғли йўқ ота-онани хизматини қилиш кимнинг вазифаси? Динимизда бу масалада нималар дейилади?“. 

Одинахон Муҳаммад Содиқ: Албатта, аёл киши турмушга чиққанидан сўнг эрининг ихтиёрида бўлади. Бу каби нарсаларни эрининг руҳсати билан амалга ошириши керак бўлади. Лекин қиз билан ота-онанинг алоқаларига никоҳ таъсир қилиши керак эмас. Ота-она ҳаққининг нақадар улуғлиги ҳақида Қуръони Каримда ҳам баён қилинган. Бу ҳақни адо қилиш борасида аёлу эркак тенг саналади. Шу сабабдан, қайнона-қайнота ёки эрнинг аёлини ўз уйига бориб, ота-онаси олдидаги ҳаққини адо қилишида тўсқинлик қилиши шаран ножоиздир. Бу билан улар Аллоҳнинг амрига қарши чиқишаётган бўлишади. Чунки Қуръони Каримда ота-онага яхшилик қилиш ҳақида айтилган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларда баён қилганлар. Энди бунга монелик қилган одам, мана шу ҳадисга қарши чиқган бўлади. Аёл киши турмуш қурди, эрининг ихтиёрига ўтди дегани, унинг ота-онасидан узилди дегани эмас. Аёл кишининг бир ҳафтада бир марта ота-онасини зиёрат қилиб келиши унинг ҳаққи ҳисобланади.  Бу ҳаққига бошқа одамлар қарши бўлмаслиги керак. Агар ота-онанинг қаровчиси бўлмаса, бу нарса яна ҳам кучга киради. Шу ўринда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан яна бир ҳадис марҳамат қилиб айтадиларки: “Бирингиз биродарига ўзига раво кўрган нарсани раво кўрмагунича иймони комил бўлмайди ёки мўмин бўлмайди”. Ўзлари ҳам ўгиллари, ҳам келинлари орқасидан роҳат кўриб, уларнинг хизматидан манфаатланишяптими, бошқа ота-онани ҳам бу бахтдан маҳрум қилмасликлари керак. Ҳафтанинг олти кунида келин қайнона-қайнота хизматида бўлса, қолган бир кунини шериклари, иймондошлари, қизни вояга етказиб, тарбия берган ўз ота-онасининг хизматида бўлишига руҳсат бериши жоиз бўлади. Бу билан Аллоҳнинг розилигига эришиб, бошқа инсонларга ҳам ўрнак бўлишар эди. 

(давоми бор)

Тўлиқ суҳбатни Azon News' нинг YouTube канали орқали томоша қилишингиз мумкин.

Диёра Эргашева тайёрлади

УЛАШИНГ:

Teglar
« Орқага