Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Видео

Одинахон Муҳаммад Содиқ: «Рўмол ўрашимга онам қарши...»  (бешинчи қисм)

1114

(биринчи қисм)   (иккинчи қисм)  (учинчи қисм)  (тўртинчи қисм) 

Azon.uz'нинг "Онлайн савол-жавоб" лойиҳасида "Оила ва жамият" мавзусида суҳбат ташкил қилинди. Унда "Muslimaat.uz" ва "Бинту Содиқ" саҳифалари муаллифи, олима Одинахон Муҳаммад Содиқ ҳозирги кунда жамиятимиздаги долзарб мавзулардаги кўплаб саволларга жавоб бердилар.

– Бу саволимиз ҳам ҳам ҳижоб билан боғлиқ бўлиб, у қуйидагича: «Ассалому алайкум. Ёшим 31да ҳозирда уч фарзандим бор. Ҳижобга киришим ҳақида фақат эримнинг розиликларини олдим. Ота-онам эса бунга қаршилар. Рўмол ўраганимга олти ой бўлаяпти, Алҳамдулиллаҳ, отажоним юмшадилар, лекин онам қора ўрасам, онаси ўлган ўрайди деяптилар. Биргина мато учун ота-онангдан воз кечдинг, дейишаяпти атрофдагилар. Сабаби ҳеч қачон рўмолимни ечмайман деганман. Токи рўмолингни ечмагунингча уйингга қадам босмаймиз, деб шарт қўйишди. Шунга қарамай уйга борамиз. Лекин муносабатлари эса жуда ёмон. Ана шу каби муаммога ечим топиб беришингизни илтимос қиламан». 

Одинахон Муҳаммад Содиқ: Ҳақиқатда ачинарли ҳолат. Ёш аёлларимиз ҳидоят топишаяпти, лекин катталаримиз буларни йўлида тўсиқ бўлиб туришибди. Аллоҳ таоло барчаларига ҳидоят берсин, тез кунларда бундай ҳолатлар камайиб кетишини сўраймиз. Авваламбор бу савол йўлловчимизни муборакбод этамиз. Аллоҳ таоло хайрли қилсин, ажру савобини кўпайтириб берсин ва бошқа гўзал амалларга ҳам ўзи муваффақ айласин, илмларини зиёда, иймонларини мустаҳкам қилсин. Бундай ҳолатда албатта ота-онанинг ҳаққи улуғ ва уларга итоат фарздир, деймиз. Лекин бизда шундай қоида борки, агар ота-она Аллоҳни айтганига хилоф нарсага буюраётган бўлса, уларга итоат қилинмайди. Бу ҳам Қуръони каримда келган: «Сени менга ширк бўладиган нарсаларга мажбурлашса, итоат қилма». Шундан келиб чиқиб айтамизки, ота-онанинг ҳақи инкор қилинмайди, маъқул ишларда уларга итоат қилинади, уларга хизмат қилинади, аммо Аллоҳ таолонинг фарзига, буюрганларига қарши нарсага буюрадиган бўлса, уларга итоат қилинмайди. Итоат тарк қилинади. Мана шундан қоидадан келиб чиқиб уламоларимиз айтишадики, «Аллоҳга маъсият бўладиган нарсада махлуққа, яъни яратилган бандаларга итоат қилинмайди».  Мана шундай ҳолатни назарга олиб айтамизки, савол йўлловчимиз ҳам рўмолида Аллоҳ буюрган фарзда мустаҳкам бўлади, сабрли бўлади, ота-оналарини хизматини қилади, уларга яхшилик қилади, ҳақларини адо  қилади. Бу масалада шундай сабрли бўлиб туради, гарчи улар норози бўлишса ҳам. Аёл кишига сатр-аврат қилиш фарз бўлгандан кейин бу нарсага бошқа бир банданинг рухсати керак эмас. Қаршилиги ўтмайди: хоҳ эр бўлсин, хоҳ ота-онаси. Эрига итоат қилиш фарз, лекин бунга қарши бўладиган бўлса, унинг қаршилиги ўтмайди. Аллоҳга минг шукрки, эри томондан қаршилик йўқ экан. Аллоҳ таоло у кишига ҳам ажрларини берсин. Оталари ҳам бу нарсага кўникибди. Энди оналарининг кўникишини кутиш ва унга сабр қилиш керак. Одатда оналар ўзларини айтганларига эришиш мақсадида, мана шунга ўхшаш гапларни айтишади. Ўзларини хафа бўлган қилиб кўрсатишади, лекин сабр билан кўникиб қолишади. Уни эса кутиш керак бўлади. Яна бир башоратимиз борки, мана шунақа қийинчиликлар билан Аллоҳ таолонинг айтганига амал қилаётган бўлса, бунинг ажри ниҳоятда улуғ бўлади. Шу қийинчиликлари Аллоҳ таолони йўлида, бошқалардан топаётган озорлар, албатта уларнинг фойдаларига бўлади. У аёлнинг қийинчилик билан ўранаётганлари учун ортиқ даражада ажрларга эга бўладилар. Энди бу ерда кичик тавсия бериб ўтамиз. Агар қора ранг оналарига ёқмаётган бўлса, бошқа бир рангдаги рўмолни ўраб туришлари ҳам мумкин. Бу эса орада муроса қилиш маъносида. Лекин умид қиламиз, оналари кўникиб кетадилар. Ўзлари ҳам ҳақиқатини тушуниб етадилар ва шундай ҳақиқий бахт уларга ҳам насиб қилади. Аллоҳ таолодан ҳидоят сўраб қоламиз.

Суҳбатни Хосиятхон Одилжон қизи олиб борди

(давоми бор)

Диёра Эргашева тайёрлади

УЛАШИНГ:

Teglar
« Орқага