Одоб - бойлик, уни ҳаётда қўллаш – комилликдир

14:10 15.06.2019 290

Биламизки инсоннинг зийнати унинг ташқи кўринишида ёки бойлигида эмас балки унинг чиройли одобидадир.

Одоб нима – одоб бу инсоннинг хулқ атвори гўзал муомаласи ҳалоллиги ўзини тоза покиза тутишлиги ҳамда инсонийлигидадир. Маълумки, ҳамма замонларда яхши хулқли, олийжаноб, ширин сўз, гўзал фазилатли инсонлар жамиятнинг кўрки, одамларнинг аълоси бўлиб келган.

Одоб - бойлик, уни ҳаётда қўллаш – комилликдир. Чиройли одоб, ҳусни xулқ инсонга берилган энг катта неъматлардан биридир. Чиройли одобга эга бўлган одам ўша xулқидан ишлата билиши, яъни одамлар билан яxши муомала килиши, очиқ кўнгил, меҳрибон, ўз навбатида, ақлли, уддабурон бўлиши ва бошқа сифатларни кўрсата билиши комиллик, етуклик белгиси ҳисобланади.

Кўпчилик инсонлар мол-дунёлари, бойликлари кўплиги ёки насабларининг улуғлиги билан фаxрланадилар. Бу нарсалар аслида инсон учун фаxр бўла олмайди, чунки буларнинг бари ўткинчи, бу нарса инсон қадрини белгилаб берадиган мезон бўла олмайди. Инсон, энг аввало, илм олиб, одобли бўлиб, одамларга яxшилик қилишга ҳаракат килиши керак, шунда уни бошқалар xуш кўради ва мақтайди, гарчи ўзи фаxрланмаса-да. Киши учун энг катта фаxр бу - илм ва одобдир. Бу иккисидан-да юксак фазилат бўлиши мумкин эмас.

Шунинг учун ҳам чиройли одоб насабдаги камчиликларни беркитади, чиройли одоб кишининг кўрки, жамолидир. Xулқи чиройли инсон одамлар орасида ҳурмат-эътибор қозонади, шунингдек, унинг баъзи бир камчиликлари бўлиши табиий ҳол шунда унинг чиройли xулқи ўша айб-нуқсонларни ёпиб юборади. Масалан, бир одам қиёфа жиҳатидан xунукроқ ёки бирон жойида нуқсони бўлиб, аммо ўзи очиқ кўнгил, xушмуомала, меҳрибон бўлса, одамлар унинг ўша камчиликларига эътибор ҳам бермайдилар. Улар учун ўша нуқсон йўқдек бўлиб кўринади. “Сизлар одамларни мол-дунёларингиз билан мамнун қила олмайсизлар, балки очиқ юз ва яxши xулқларингиз билан миннатдор қилишларингиз мумкин”, - дейилади, ҳадисда хам.

Айниқса,комил мусулмонлар бу борада бутун инсониятга ибрат –намуна бўла олади. Аллоҳ таолога, суюкли

Ҳабибига хитоб қилиб шундай дейди: “Албатта, сиз улуғ хулқ узрадурсиз” ("Қалам" сураси 4 -оят). 

Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал ахлоқлари барчага ибратдир. Ривоят қилинади, бир куни Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам жанобимиз яёв кетаётган эдилар. У Зот билан бирга Анас розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Бир аъробий Расули Акрам салаллоҳу алайҳи васалламга етиб, кийимларидан қаттиқ тортди. Кийимлари нажроний матодан бўлиб, ёқаси дағал эди. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ўшанда Расули Акрам салаллоҳу алайҳи васалламга назар солиб, муборак бўйинларида дағал ёқанинг излари қолганини кўрдим.

– Эй Муҳаммад – деди, аъробий-Аллоҳнинг сендаги молидан менга эҳсон қил! Расули Акрам салаллоҳу алайҳи васаллам аъробийга қайрилиб қарадилар ва саҳроийнинг бу қўпол хатти-ҳаракатидан асло ғазабланмадилар, балки жилмайдилар. Сўнгра унга эҳсон қилишни асҳоблардан бирига буюрдилар” (Муттафуқун алайҳ)
Ё, Расулуллоҳ нақадар Буюк муаллимсиз одамий зотга.

Фазилатли инсонларда, яқинлар даврасида, одамлар билан муносабатларда комил одоблар, ибратли ривоятлар кўп:

Абу Абдуллоҳ тикувчилик қилар эди. Унинг бир мажусий мижози бўлиб, доимо унга нимадир тиктириб, ҳаққига сохта дирҳамлар берарди. Абу Абдуллоҳ дирҳамларнинг сохта эканини айтмасди, уларни эгасига қайтариб ҳам бермасди. Бир куни Абу Абдуллоҳ дўконни шогирдига топшириб, баъзи ҳожатлар учун чиқиб кетди. Мажусий дўконга келиб, Абу Абдуллоҳни учратолмади ва тикилган нарсаларнинг ҳаққини шогирдга берди. Шогирд дирҳамларнинг сохталигини билиб, уларни мажусийга қайтарди.

Абу Абдуллоҳ келгач, шогирди унга бўлган воқеани айтди. Шунда Абу Абдуллоҳ: “Жуда ёмон иш қилибсан. Бу мажусий бир йилдан бери менга шу муомалани қилаётган, мен эса унга сабр қилаётган эдим. Ундан дирҳамларни олардим ва бошқа мусулмонларга зарари тегмасин, деб уларни қудуққа улоқтирардим” деганлар.

Юсуф ибн Асбот дейди: “Гўзал хулқнинг ўнта белгиси бор:

1)Зиддиятнинг камлиги,

2)Чиройли адолат,

3)Хато изламаслик,

4)Ёмон феъл ё амални сезиши билан дарҳол уни яхшилашга киришиш,

5)Кечиримли бўлиш,

6)Азиятларга чидаш,

7)Нафсини маломат қилиш,

8)Ўзганинг эмас, ўзининг айби билан чегараланиш,

9)Каттаю кичикка очиқ юзли бўлиш,

10)Ўзидан хоҳ паст, хоҳ баланд мавқели кишига хушмуомала бўлиш.

Аллоҳ таоло барчаларимизни ислом умматига хос булган фазилатларни қўлга киритиб хаётимизни Пайғамбар алайҳиссалом таълим берганларидай одоб-ахлоқ талабларида яшаб ўтишимизни насиб айласин.

Орифжон АБДУЛВАҲОБОВ,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус Ислом билим юрти талабаси.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!