Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий давлатларга ташрифи дунёдаги бошқа ОАВлар қатори Ўзбекистон матбуотида ҳам кенг ёритилиши табиий. Лекин юртимиз медиа субъектлари Президентимизнинг Қирғизистонга ташрифининг аниқ санаси ҳақида негадир Қирғизистон ОАВлари орқали хабар топишди. Ёки Ўзбекистон-Қозоғистон иттифоқчилиги ҳақидаги ҳужжат лойиҳасини ҳам аввал Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг сайтидан кўрдик. Табиийки, ўз Президентимизнинг сиёсий фаолияти ҳақидаги маълумот манбаси сифатида хорижий манбаларни кўрсатишга мажбур бўляпмиз. Нега биз бундай хабарларнинг биринчи манбаси бўла олмаяпмиз?
Бунинг сабаби нимада? Мутасадди ташкилотларимизнинг ёпиқлигидами, бу ташрифлар фақат Ўзбекистон ОАВлари учун сир тутиладими ёки ишонса бўладиган бошқа сабаблари борми?
AzonTV даги «Фикрат» таҳлилий дастурининг навбатдаги сонида эксперт, халқаро сиёсий шарҳловчи Абдували Сойибназаров билан уюштирилган суҳбатда ана шу мавзу ҳам кўтарилди.
Дарҳақиқат, нега бундай катта расмий тадбир, халқ учун қувончли бўлган воқеа ҳақида бошқалардан билиб оламиз? Бу воқеа ҳақида биринчилардан бўлиб биз хабар беришимиз керакку! Чунки аввал бошқа ОАВлар хабар берса, ўша давлат ва бизнес-субъект манфаатидан, ўз давлати пропаганда машинасининг фильтридан ўтказиб талқин қилади. Халқимиз ўзимизга тегишли ҳодиса ҳақида биринчи бўлиб ана шу чет эт пропагандасига йўғрилган материални кўриб, хулоса чиқаради. Ўзбекистонда цензура йўқ, лекин ахборот тарқатиш билан шуғулланувчиларимизнинг ўзларида ички цензура бордир, эҳтимол?
- Хабарларни беришда баъзан ортда қолаётгандек кўриняпмиз. Бу бор гап. Лекин бунга бир жиҳатдан ўзимиз ҳам айбдормиз, - дейди Абдували Сойибназаров. – Балки Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мулозимлари билан алоқаларни яхши йўлга қўймагандирмиз?
Бунга бошловчи Ғайратхўжа Сайдалиев “биз сўров жўнатсак, “бу ҳақда ресурсларимизда маълум қиламиз” деган баҳона билан чекланишади, доим”, дея эътироз билдирди.
- Лекин бир мисол келтираман: Қирғизистон ОАВлари бу ташриф 9-10 декабр кунлари ўтади, деб “подадан олдин чанг кўтаришганди”, кейин уялиб ҳам қолишди. Балки бизнинг мутасаддиларимиз шошмасдан, ташриф орқага сурилиш эҳтимолини инобатга олиб, ахборот беришга шошилмасак керак, деган фикрдаман, деди Абдували Сойибназаров.
Бироқ, сиёсий таҳлилчининг бундай субъектив мулоҳазасига антитезис ўлароқ, кўпгина амалдорларимизнинг мажлисларда, халқ ёки ходимлари билан ишлаш жараёнида “қовун туширган” видеолари чиқиб кетишларини мисол келтириш мумкин. Шунчалик эҳтиёткор мулозимлар бундай пайтларда нега ҳушёрликни унутиб қўйишади? Фақат расмий масалаларда ҳушёрлик қилишдан кимга фойда?
Абдували Сойибназаровнинг фикрича, “оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади”, деган мақол бу вазиятга айни мос тушади. Бироқ, “қатиқни ҳам пуфлаб ичувчи”ларни бундай масъул лавозимларда, давлат, ҳатто Президент имижига путур етказиб қўйиш мумкин бўлган жойларда ушлаб ўтираверсак, ҳеч нарса ўзгармайди. “Қозоғистон ОАВларининг маълум қилишича, эртага Президентимиз Қозоғистонга борар эканлар”, деб ёзишда давом этаверамиз яна.