«Қалбим билан чинқира бошладим: Роббим мени қайтар…»

12:01 12.06.2019 1528

Дўстларим билан соҳил бўйида ўтирардик. Азон овози эшитилди. “Ҳайя алас солаҳ, ҳайя алал фалаҳ” деган калималардан қалбим титраб кетди. Илгари ҳам кўп бор азон эшитган бўлсам-да, “фалаҳ” сўзининг маъносига эътибор бермаган эканман.

Ёнимиздагилар намозга ҳозирлик кўрар, биз эса сув остига тушиш учун махсус мосламаларимизни йиғардик. Сувга шўнғидик, мен соҳилдан анча узоқлашдим. Ҳамма нарсадан кўнглим тўқ сув тагига сузардим. Бир пайт оғзимга шўр сув томчилари сизиб кира бошлади. Нафас олишим қийинлашди. Чунки, ҳаво етказиб берувчи резина каучик қувурчаси ёрилиб кетган ва энди мен нафас ололмас эдим. Денгиз зулматдан иборат, дўстларим мендан анча олислаб кетган. Хотиралар бир-бир кўз ўнгимдан ўта бошлади. Яна саноқли сониялар ичида жоним узилади. Бақириш тугул инграшга ҳам имконият йўқ. Қанчалар ожиз ва заиф эканимни ҳис этдим.

Бутун вужудим билан қалбан Ўзидан ёрдам кутдим. Қайси юз билан Аллоҳнинг ҳузурига боришдан, амалларим озлигидан, ҳали бирон марта ибодатга шошилмаганимдан афсусда эдим. Шаҳодат калималарини эсладим. Ҳаётим ушбу икки калима билан якунланишини қаттиқ истадим. “Ашҳ..” демоқчи бўламан, бўғиламан. Бор кучим билан ҳаракат қилдим: “ашҳ… ашҳ… ашҳ…” Лекин ушбу ҳарфлардан уёғига ўтолмадим.

Қалбим билан чинқира бошладим. “Роббим мени қайтар… Роббим мени қайтар… бир соатга… бир дақиқага… бир лаҳзага бўлса ҳам…” Ундан уёғини билолмайман.

Бирданига кўксимга ҳаво қайта кира бошлади. Кўз ўнгимда бир киши ҳаво найчасини оғзимга тутиб тургандек эди. Унинг юзида табассумни кўрардим. Аҳволим яхшиланиб бораётган эди.

Қалбим.. тилим… бор кучим билан: “Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва Ашҳаду анна Муҳаммадур Расулуллоҳ… Аллоҳга ҳамд бўлсин..” дердим.

Ниҳоят хавф ортда қолди. Дўстларим олдига қайтдим, уларга воқеани ҳикоя қилганимда, ҳа сенга омад кулиб боқибди, дейишди. Мен эса, энди ўзга одамман, ҳаётга бўлган қарашларим ўзгарди.

Орадан кунлар ўтди, ўша ҳодисани унутолмай, яна денгизга бордим. Оёқларим титраётганга ўхшарди. Ўзимни қўлга олдим, Аллоҳ таолога таваккал қилиб, махсус кийимларимда сувга тушдим. Денгиз тубидаги ўша ерга бориб, Аллоҳга сажда қилдим. Ҳали умримда ҳис этмаган маънавий қувват қалбимни ларзага келтирди. Гўё дунёга қайта туғилгандек, ўзимни жуда енгил ҳис қилдим...

Робияхон МУҲАММАДРИЗО қизи тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!