Иймон

Охират бозорига нима олиб боряпсиз?

989

Бир солиҳ киши бозорга борди.

Зарур нарсаларни сотиб олиш учун қанча пул кераклигини чамалаб, керакли пулни ўзи билан олиб кетди.

Бироқ, у бозорга кирганида, бу пул ўзи хоҳлаган нарсани сотиб олиш учун етарли эмаслигини билиб йиғлаб юборди. Йиғлайвериб кўйлаклари нам бўлди, узоқ вақт тинчлана олмади.

Атрофдагилар унинг бу ҳаракатидан ҳайрон бўлишди. Улар пул йўқлиги учун бу қадар хафа бўлмаслик кераклигини айтиб, уни тинчлантиришга ҳаракат қилишарди.

Бир оз вақтдан кейин солиҳ киши бироз тинчланди ва унга ҳайрат билан қараб турганларга деди:

“Бу дунёнинг бахтсизликлари сабабли йиғлаяпти деб ўйламанг! Менинг ҳисоб-чамаларим бугунги бозорга сафаримда ўзини оқламагани учун йиғлаяпман.

Агар шундай бўлса, бизнинг бу дунё ҳаётида қилган ҳисобларимиз абадий ҳаётда ўзини оқламаса нима қиламиз?!”

Дарҳақиқат, Қиёмат куни, биз уларни ҳисобга олмаган ва ҳатто сезмаган ишларимиз ҳам тарозида ўлчанади.

Аллоҳ таоло бу ҳақда бизни огоҳлантириб дейди:
"Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам, кўрадир. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам, кўрадир".  (Залзала, 7-8)

Бир аъробий бу оятларни Расулуллоҳдан эшитиб улардан таъсирланган ҳолда сўради:
"Ё Расулаллоҳ, майда заррадек гуноҳлар ҳам тортиладими?!"

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга тасдиқ жавобини бердилар. Бадавийнинг кайфияти шу заҳоти ўзгарди ва кўкрагидан оҳ-воҳлар янгради: "Эй гуноҳларим!"

У бу сўзларни бир неча бор айтди, кейин ўрнидан туриб мазкур оятларни қайтариб йўлига кетди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Имон бу бадавийнинг юрагига кириб борди", дедилар.

Бинобарин, Қиёмат кунида ҳатто энг аҳамиятсиз ва арзимас бўлиб туюлган камчиликлар ҳам тарозида тортилади.

Шунинг учун, имонли қалбларнинг энг муҳим ташвиши – бу энг аниқ ва адолат тарозисининг ўнг ва чап косаларида қанча нарсалар бўлишига қайғуришдир.

Шайх Саъдий «Гулистон»ида шундай байт бор:

ای تهی دست رفته در بازار
ترسمت پر نیاوری دستار

Яъни, “Эй бозорга бораётган қўли калта (камбағал) киши! Сенинг бозордан тугунинг тўлиб келмаслигидан қўрқаман”. 

“Бозор” дея улуғ шоир Қиёматни, ҳисоб-китобни назарда тутса, “тугундаги нарсалар” деб солиҳ амалларни фикр қилгандир.

Аллоҳ ушбу муборак ойларда қилган арзимас амалларимизни ажрини кўпайтириб, дўзах оловидан сақласин! Жаннатда пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қўшниларидан қилсин!

Ёқуб Умар

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Маҳрга исломни олган саҳобия

1202 02:40 16.05.2020

"От! Ота-онам сенга фидо бўлсин!" 

1408 05:00 10.05.2020

Улар бир бирини сотмаган... 

1581 07:20 09.05.2020

Етти нафар фақиҳ саҳоба

854 08:30 27.04.2020

Пайғамбар алайҳиссалом Рамазонни қандай ўтказганлар? 

1141 01:00 26.04.2020
« Орқага