Охирги марта қачон ғазабланганингизни эслай оласизми?

07:00 13.04.2019 469

Нима сабабдан ғазабланган эдингиз ?

Вазиятни ҳаёлингизга келтириб олган бўлсангиз, энди тасаввур қилинг. Шу вазият икки кишида юз берди. Биринчи киши ғазабини кўрсатмасдан, вазминлик билан муносабат билдирди. Иккинчи кишининг эса ғазабдан ҳатто бўйнидаги томирлари бўртиб чиқди ва у ўзини тутолмай ёнида турган столга зарб билан бир урди.

Бир хил вазият. Икки хил муносабат.

«Қайси бири тўғри иш қилди? Қайси бири Аллоҳга яқинроқ банда деб ўйлайсиз?» деб қайси инсондан сўрасангиз ҳам катта эҳтимол билан айтаманки, ҳаммасидан бир хил жавоб оласиз.

«Биринчи инсон».

Биз инсонлар, шунақа фитратда яратилганмиз. Бизни ҳаракатдан кўра кўпроқ натижа қизиқтиради.

Бир киши ёшлигидан исломий оилада тарбия топади. Ибодатларини ўз вақтида бошлаган, ҳатто таҳажжуд намозларида ёшлик чоғидан қойим бўлиб келаётган, бир қарасангиз, гуноҳлардан анчагина йироқ инсон бўлади. Яна бир киши эса умрининг ярмини яшаб қўйгандан сўнггина динига қизиқишни, ибодатларини йўлга қўйишга ҳаракат қилаётганини кўрамиз.

«Ўша куни (амалларни) тортиш ҳақдир. Бас, кимнинг тортилган (амаллари) оғир келса, ана ўшалар нажот топгувчилардир». ("Аъроф" сураси, 8-оят)

Батаҳқиқ, Аллоҳнинг тарозуси инсонларнинг тарозусидан катта фарқ қилади. Инсонлар натижасига қараб баҳоласа, Аллоҳ ҳаракатга қараб ҳукм чиқаради!

Яъни. (Диққат қилинг!) Юқорида мисоли келтирилган биринчи кишининг табиати оғир вазмин, ўта босиқ, ғазаблантириш ниҳоятда қийин бўлган бир табиат эди.

Иккинчи кишининг табиати эса кескин ва шиддатли эди. Устига устак, у инсоннинг асаб тизими баъзи сабабларга кўра бироз ишдан чиққан эди. Шунга қарамай, айниқса шу ғазаб борасида у инсон ўз нафси устида тинмай ишларди. Ва ўша вазиятда у бор кучи билан ғазабини яширишга уринди ва охири қилган иши стол устига бир зарб бўлди. У шундай инсон эдики, агар бу вазият у нафси устида ҳали ислоҳот бошламаган чоғларда рўй берганида эди, атрофдаги ҳамманинг тинчи бузилар эди ва бу асло битта зарб билан ўтиб кетмасди.

Иккинчи эса инсон ўз нафсига қарши жиҳод қилди! Қўлидан келганича курашди. Биринчи инсон эса бу вазиятдан ғазабланмади ҳатто, унинг табиати шунақа эди. Демак, биз биринчи инсонни Аллоҳга яқин дейишга шошилмаслигимиз керак. Чунки қаранг, у ҳатто ҳаракат ҳам қилмаган бўлиб чиқди.

Эътибор беринг, кўп ҳолларда биз вазиятни кўрамиз, муносабатни кўрамиз, аммо унинг ортидаги ҳикоядан бехабар бўламиз.

Аллоҳ таолонинг тарозуси ҳақдир!

Аллоҳ таоло бандасини нафси кўтара оладиганидан ортиғи билан қийнамайди, юк қилмайди. Аллоҳ таоло бандасига нима бергани ва бермаганини билади!

Бу келтирилган мисолнинг яна бир кўринишини қуйида келтираман, токи янада тушунарлироқ бўлсин.

Маккада доимий яшовчи мусулмоннинг ҳарамда ўқиган намози ва узоқ юртдан атайлаб ибодат учун келиб ўқиган мусулмоннинг намози орасида албатта фарқ бўлади. Маккада доимий яшовчи мусулмоннинг намози худди бошқа юртлардаги мусулмонларнинг намози каби бўлади. Яъни, уларнинг бир ракати 1000 ракатга тенг қилинмайди. Чунки Аллоҳ адл Зот.

Демак, қайси гуноҳни қилиш осон бўлиб турганда ундан тийилсак ва қайси савобни қилиш қийин бўлиб турган ҳолатда уни қилсак, ажри одатдагидан улуғ бўлади инша Аллоҳ.

Бу дегани, баъзи бир инсонларнинг вазиятни баҳона қилишлари фақат ва фақат шайтондан (вазият қийин бўлгани учун шу гуноҳни қилишга мажбур бўлдим дейишлик). Аллоҳ бизга қайси вазиятни қийин қилиб қўйган бўлса, айнан ўша вазиятдан фойдаланиб қолишимиз керак. Чунки вазият енгиллашгандан кейинги қилинган амалнинг ҳам қиймати енгил бўлади.

Бир гуноҳни қилмасликка ҳаракат қилганимиз қадар ажрланамиз. Бир савобни қилишга ҳаракат қилганимиз қадар мукофотланамиз.

Минг доллар пули бор инсоннинг берган юз доллар садақасидан, ўн минг сўми борнинг берган 8 минг сўми афзал.

Демак, биз ҳеч қачон ўзимизни бошқалар билан таққосламаслигимиз керак. Билмаймиз, балки Аллоҳ шу ишни уларга осон қилиб қўйгандир.

Биз ўзимизни ўзимиздаги лаёқат билан таққослашимиз керак. Яъни бор кучимизни, бор илмимизни ва бор тоқатимизни ишга солган ҳолда амал қиляпмизми ёки дангасалик қиляпмизми ?

Бизнинг осонгина ёдлаган 30 пора Қуръонимиз, бошқа бир киши учун(вақт, шароит, лаёқатдан келиб чиққан ҳолда) ўта машаққатли бўлиши мумкин.

Ўзимизнинг амалларимиздан ғурурланмаслигимиз ва бошқаларнинг амаллари ҳақида ҳеч қандай гумонга бормаслигимиз муҳим. Чунки биз уларга қанча миқдорда имконият берилганини билмаймиз.

Қўлимдан келганча, тоқатим етганича ҳаракат қиламан ва ҳаракатдан тўхтамайман. Хатоларим учун истиғфор айтаман, ҳар қандай амалимнинг ҳисобини ёлғиз Аллоҳга қолдираман(катта амал қилдим демайман ҳеч қачон) ва Аллоҳдан ҳамиша раҳматини умид қиламан.

Мана мен қандай ҳаракат қилишим керак.

Амин Асия

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!