Ислом

Оила: одатий муаммоларга оддий ечимлар

825

Эр-хотинлик муаммоларини иккига бўлиш мумкин:

1. Эр томонидан юзага келадиган муаммолар.

2. Хотин тарафидан пайдо бўладиган муаммолар.

Энди ушбу муаммолар ва уларнинг қисқача ечимини кўриб чиқишга ҳаракат қиламиз.

Эр тарафидан пайдо бўладиган муаммолар

Мавзуни шу нуқтадан бошлаётганимиз сабаби оила тизгини эркакнинг қўлида бўлади. Шунинг учун оилани ҳимоя қилишдаги энг катта қийинчилик эр зиммасига тушади. Лекин ҳозирги кунга келиб,  бу ҳолат ўзгарганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Кўп эрлар шу муҳим бошқарув вазифасини қўлдан чиқариб, оила ҳимоясига эътиборсизлик қилмоқдалар.

Эр тарафидан бўладиган муаммолар қуйидагилар:

1-муаммо: хотинга етарли эътибор бермаслик.

Ечим. Хотин – эрнинг бир бўлаги. Унга эътибор қаратиш зарур. Хурсанд бўлса, хурсандлигига, хафа бўлса, дардига шерик бўлиш лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар бир ҳақдорга ўз ҳақини беришга амр қилганлар.

Имом Бухорий ривоят қилади: “Расулуллоҳ Салмон Форсий розияллоҳу анҳу билан Абу Дардо розияллоҳу анҳуни ака-ука қилиб қўйган эдилар. Салмон уни зиёрат қилгани келганида Умму Дардо розияллоҳу анҳо аччиқланиб турган эканлар. Салмон: “Сенга нима бўлди?” деб сўради. Умму Дардо: “Биродарингизнинг дунё билан иши йўқ. Кечаси намоз ўқийди, кундузи рўза тутади”, деди. Шунда Абу Дардо келиб қолиб, Салмонни (ичкарига) таклиф қилди ва олдиларига егулик қўйдилар. Салмон Абу Дардога: “Егуликдан ол”, деди. “Мен рўзаман”,  деди у.  “Рўзангни очиб, егуликдан оласан”,  деди. Сўнг биргалашиб едилар ва Салмон ўша ерда тунаб қолдилар. Ярим кечаси Абу Дардо намозга турмоқчи бўлганларида, Салмон уни қайтардилар ва: “Сенда жасадингнинг ҳам, Раббингнинг ҳам ҳақи бор. Оилангнинг (ҳам) ҳақи бор. Рўза (ҳам) тут, оғзинг очиқ (ҳам) бўлсин, оиланг билан (ҳам) бирга бўл. Барча ҳақдорлар ҳақини адо қил”,  дедилар. Тонг ота бошлаганда Салмон: “Хоҳласанг энди тур”, деди. Иккалалари туриб, таҳорат олишди ва икки ракат намоз ўқидилар. Сўнг намоз бомдод ўқиш учун масжидга чиқдилар. Абу Дардо Расулуллоҳга яқин келиб, Салмон қилган ишни айтмоқчи бўлган эдилар, унга: “Ё Абу Дардо, Салмон айтганидек, сенда жасадингнинг ҳам ҳақи бор”,  дедилар”.

2-муаммо: кичик хато ва тойилишларга беэътибор бўлмаслик.

Ечим. Эрда ўзини билмасликка олиш сифати бўлиши керак. Яъни хотиннинг диёнатига таъсир қилмайдиган арзимас хато ва камчиликлар содир бўлса, ўзини билмаганга олиши керак. Аммо хотиннинг хатоси динга алоқадор бўлса, бепарволик қилмайди. Меҳрибонлик ва мулойимлик билан дин ишларини мукаммал бажаришига кўрсатма бериб беради.

Ҳикматли сўзда: “Эркак кишининг яхшиси ўзини билмаганга оладиган зийрагидир”, дейилган. Аллоҳ таоло айтади:

“Пайғамбар хотинларидан бирига (Ҳафсага) бир гапни (чўриси Мория талоғи ва халифаликни) хуфёна айтганини эсланг! Бас, қачонки, (Ҳафса) у (сир) ҳақида (Ойшага) хабар бергач, Аллоҳ уни бундан воқиф қилди ва у (Ҳафсага ўзи билган нарсанинг) баъзисини билдирди ва баъзисидан юз ўгирди (билдирмади). Бас, қачонки, (Пайғамбар Ҳафсага) хабарни айтгач, у: “Ким Сизга бу хабарни берди?” деди, (Пайғамбар): “Менга Билувчи ва Хабардор (Аллоҳ) хабар берди”, деди” (Таҳрим сураси 3-оят).

3-муаммо: ўзлари ёки фарзандлари учун муҳим бўлган масалада хотиннинг фикрига эътибор бермаслик.

Ечим. Эр жуфти ҳалоли ҳаётдаги шериги эканини ёдидан чиқармаслиги зарур. Балки ҳаёт йўлидаги ҳамроҳи эканини ҳис қилиши лозим. Муҳим масалаларда фикри тўғри бўлса, қабул қилади. Тўғри бўлмаса, қабул қилмайди. Унинг фикрини буткул инкор этмайди. Энг муҳими – фикри тўғри бўлмаганда, ҳис-туйғуларига (ориятига) тегадиган йўсинда инкор қилмайди. Аллоҳ таоло мўминларни: “Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур” (Шўро сураси 38-оят), дея мақтаган.

4-муаммо: эр бўйнидаги вазифасини бажариб туриб шуни хотинига миннат қилиши.

Ечим. Эр хотинига жавобгар эканини билиши зарур. Унинг ҳуқуқларига риоя қилмаса, қиёмат куни жавоб беради. Расулуллоҳ: “Аллоҳ таоло барча маъулларни қўл остидагилар риоясини қилган ёки риоясини қилмаганидан сўрайди. Ҳатто эркакни оиласидан сўроқ қилади”, дедилар. Эр бурчини бажараркан,  хотинига бу нарсаларни миннат қилишга ҳақи йўқ. Чунки у хотиннинг ҳуқуқлари ҳисобланади.

5-муаммо: эр болалари ёки оиласи олдида хотинини ҳақорат қилиши ва менсимаслиги.

Ечим. Эр хотинининг ҳурмати ўзининг ҳурмати эканини билиши лозим. Бошқалар олдида хотинининг туйғулари ва ҳурмати сақлаши керак. Хусусан, болалари олдида. Чунки болалари қалбида хотиннинг ҳайбати кетиб қолса, уларни тарбиялаш учун гапи ўтмай қолади. Эр аёлини койимоқчи бўлса, бошқаларнинг қулоғига етмайдиган узоқроқ жойга бориши керак. Шунда туйғуларини топтаган бўлмайди ва ҳайбати ҳам йўқолмайди. Хотинга яхши муносабатда бўлиши мардлик эканини эр билиши лозим.

6-муаммо: эрнинг никоҳ вақтида берилган ваъда вафо қилмаслик.

Ечим. Эр никоҳ вақтида хотин қўйган шартларга розилик билдирган бўлса, уларга вафо қилиши керак. Расулуллоҳ: “Вафо кўрсатишингиз керак бўлган энг ҳақли шарт фаржни ҳалол қилиш (учун қўйилган) шартдир”, – дедилар.

7-муаммо: хотинни ихтиёрида бўлмаган нарсага мажбурлаш.

Масалан, фақат қиз туғадиган бўлса, талоқ билан қўрқитиш. Ҳомиладорлиги ва туғиши кечиккани учун хотинни ҳақорат қилиш.

Ечим. Фарзанд Аллоҳнинг совғаси, эр-хотин бу борада ҳеч нарса қила олмаслигини эр билиши керак. Аллоҳ таоло айтади:  “Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай. Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир” (Шўро сураси 49 – 50-оятлар).

Хотин фақат қиз туғар экан, бунга унинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. У қорнидаги болани қиз ёки ўғил қилиб олишдан ожиз. Барчаси Аллоҳнинг тақдири. Инсон Аллоҳнинг тақдирига рози бўлиши керак. Фарзанд Аллоҳнинг совғаси. Банда бу совғага шарт қўйиши мумкин эмаслигини эр тушуниши керак. У ўзига берилганига шукр қилиши ва рози бўлиши зарур.

8-муаммо: аёл ҳуқуқларини амалга оширишда пайсалга солиш. Унинг эҳтиёжларини қондиришни кечиктириш. Эрнинг эҳтиёжлари бўлса, ҳеч қачон кечикмайди ва чўзилмайди.

Ечим. Эр ушбу оятини эслаб турсин: “Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир” (Бақара сураси 228-оят). Расулуллоҳ: “Ўзингизга яхши кўрган нарсани биродарингизга (ҳам) яхши кўрмагунингизча сизлар комил мўмин бўлмайсизлар”, дедилар.

Ўз ҳуқуқларингиз адо қилинишига эътиборли бўлганингиз каби хотинингизнинг ҳам ҳуқуқлари адо этилаётганига эътибор беринг. Бу комил мўминлик аломатидир.

9-муаммо: эр ўзининг барча қариндошлари меҳмон бўлиб келишига рухсат бериб, хотинининг қариндошлари келишини тақиқлаши.

Ечим. Эр яхши билиб қўйсинки, хотин ўз яқинлари билан алоқа қилишни сўрашга ҳақли. Эр ота-онаси ва қариндошларига яхшилик қилишга ошиққани каби, хотинини ҳам қариндошларидан узиб қўймаслиги лозим. Аёлнинг қариндошлари меҳмонга келишганида гуноҳга сабабчи иш содир этилмаса, бас. Аммо меҳмондорчилик шариат одобларига тўғри келмаса, эр буни тақиқлаш мумкин. Бу ўринда тақиқлаш сабабини айтиб берса, хотини ҳам тушунади ва рози бўлади.

10-муаммо: арзимас сабаб ва аҳамиятсиз муаммони рўкач қилиб, болаларни олиб қўйиб талоқ қилиш ва ажрашиш билан қўрқитиш.

Ечим. Эр оила эҳтиёт қилинадиган мустаҳкам ришта эканини билиши лозим. У мазкур риштани қадрлаши керак. Талоқ ва ажралиш сўзларини тилига олмасин, етарли сабаб бўлмаса, хаёлига ҳам келтирмасин.

Давоми бор...

"Исломда оила: муаммо ва ечимлар" китоблар

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Одатий муаммоларга оддий ечимлар (ўн тўққизинчи мақола)

201 22:00 22.10.2019

Одатий муаммоларга оддий ечимлар (ўн саккизинчи мақола)

355 22:00 20.10.2019

Одатий муаммоларга оддий ечимлар (ўн еттинчи мақола)

239 16:00 20.10.2019

Одатий муаммоларга оддий ечимлар (ўн олтинчи мақола)

268 10:00 20.10.2019

Одатий муаммоларга оддий ечимлар (ўн бешинчи мақола)

242 22:00 19.10.2019

Одатий муаммоларга оддий ечимлар (ўн тўртинчи мақола)

252 22:00 18.10.2019
« Орқага