Ислом

Оила: одатий муаммоларга оддий ечимлар (тўртинчи мақола)

489

Эр томонидан бўлган муаммолар

31-муаммо: эр иқтисодий жиҳатдан қийналиб қолганида хотинидан қарз олади. Уни тўлашни эса кечиктириб юради. Бу пулни ўз яқинларидан олиб турган хотин эса қийин аҳволда қолади.

Ечим. Эр бу пулни ўзлаштириб олиши мумкин эмас. Чунки уни қарз сифатида олган. Хусусан, хотин ўша пулни ўз оиласидагилардан қарзга олган бўлса, эр уни қайтариб бериши вожиб. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одамларнинг пулини қайтариб бераман деб олса, Аллоҳ таоло ундан адо қилдиради (қарзини узишга имкон беради). Йўқ қилиб юбориш (ниятида) олса, Аллоҳ уни (ўзини) йўқ қилиб юборади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Эр олган пулини қайтариб бермаслик омонатга хиёнат экани, бундай қилган кишининг яхшиликлари барбод бўлишини билмоғи лозим. Расулуллоҳ: “Муфлис ким эканини биласизларми?”  дедилар. Саҳобалар: “Бирон дирҳами ва бирон нарсаси бўлмаса, бизнингча, муфлис бўлади”,  дейишди. “Умматимнинг муфлиси – қиёматга намоз, рўза ва закотини олиб келади. У киши уни сўккан, буни ҳақоратлаган, бунинг молини еган, унинг қонини тўккан ва буни урган бўлади. Унга ҳам яхшиликларидан олиб берилади, бунга ҳам яхшиликларидан олиб берилади. Унга белгиланган ҳукм тугашидан (олдин) савоблари тугаб қолса (зулм кўрганларнинг хато-гуноҳлари олиниб) унга қўйилади. Сўнг дўзахга ташланади”,  дедилар (Имом Муслим ривояти).

Эр хотинининг пулини бермай, унга зулм қилгани учун қиёмат куни яхшиликлардан маҳрум бўлади.

32-муаммо: хотин сотиб олган нарсасини эр ўз уйдагиларга кўрсатишга мажбур қилиши. У нарса хотиннинг ўзига тегишли бўлиши ҳам мумкин.

Ечим. Барча инсонларнинг ўзига хос жиҳатлари бўлади. Айримлар ўзидаги нарсаларни бошқага кўрсатгиси келмайди. Хотин ҳам олган нарсасини эрнинг уйидагиларга кўрсатмасликка ҳақи бор. Мисол учун, ўша кийимини эри олдида кийиб, унга чиройли кўриниш мақсадида олган бўлиши мумкин-ку.

33-муаммо: баъзи эрлар хотиннинг ҳақ-ҳуқуқлари уй-жой, еб-ичиш ва кийим-кечак билан чекланади деб ўйлайдилар.

Ечим. Хотинга Аллоҳга итоат қилишда ёрдам берадиган эр лозим. Шунингдек, у раҳм қиладиган, вақтида эркалатиб кўнглини кўтарадиган ва қалбига ҳурсандчилик, бахт олиб кирадиган эрга эҳтиёж сезади. Баъзан эр аёлини пул бериб, уни хурсанд қила олмаслиги мумкин. Лекин унда бир оғиз ширин сўз билан хотинга бахт улашиш имконияти мавжуд. Зеро, аёл киши доимо қалби шодликка тўлишини истайди.

34-муаммо: эрнинг ўз хотини билан онасини солиштириши.

Ечим. Ота-оналар замони – қайтиб келмайдиган ва такрорланмайдиган замон. Эр ўз онасида кўрган фидойилик билан хотинида кўраётган суст ғайратни солиштирмасин. Чунки бу унинг хотини билан давом этаётган ҳаётини бузади. Хотини ҳам эрини ўз отаси билан солиштиришга ўтади. Эр инсоф юзасидан хотинига мазкур замонда туғилган аёл сифатида қарасин. Ҳозирги давр аёллари заиф бўлгани учун оналаримиз замонидагидек қийин ишларни қилишга кучлари етмаслигини эрнинг ўзи ҳам билади. Баски, Аллоҳнинг берганига рози бўлсин.

35-муаммо: эр хотинидан буйруқларини ўз вақтида, тезлик билан бажаришни талаб қилиши. Узрли сабаб бўлса ҳам, кечикканига тоқат қилмаслик.

Ечим. Аллоҳ таоло бандаларига Ўзидан қўрқишни буюриб:

“Эй имон келтирганлар! Аллоҳдан чинакам қўрқув билан қўрқингиз ва мусулмон бўлмай дунёдан ўтмангиз!”, деди (Оли Имрон сураси 102-оят). Бандалар Аллоҳнинг буюклигига яраша Ундан қўрқишга тоқатлари етмаслигини билгани учун уларга енгиллик қилди. Аллоҳ таоло айтади:

 “Бас, тоқатингиз етганича Аллоҳдан қўрқингиз” (Тағобун сураси 16-оят).

Расулуллоҳ: “Бирон нарсадан қайтарсам, ундан сақланинглар. Бирон ишга буюрсам, уни тоқатларинг етганича қилинглар”, дедилар.

Аллоҳ ва Пайғамбари шундай деб турганда эрнинг хотинидан барча нарсани зудлик билан бажаришни талаб қилиб туриб олиши тўғрими? Унинг узрини қабул қилмайдими? Эр хотини борасида Аллоҳдан қўрқсин. Хотин бирон ишини қилишдан ожиз бўлса, унинг узрини инобатга олсин.

"Исломда оила: муаммо ва ечимлар" китоблар

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Одатий муаммоларга оддий ечимлар (ўн тўққизинчи мақола)

201 22:00 22.10.2019

Одатий муаммоларга оддий ечимлар (ўн саккизинчи мақола)

355 22:00 20.10.2019

Одатий муаммоларга оддий ечимлар (ўн еттинчи мақола)

239 16:00 20.10.2019

Одатий муаммоларга оддий ечимлар (ўн олтинчи мақола)

268 10:00 20.10.2019

Одатий муаммоларга оддий ечимлар (ўн бешинчи мақола)

242 22:00 19.10.2019

Одатий муаммоларга оддий ечимлар (ўн тўртинчи мақола)

252 22:00 18.10.2019
« Орқага