Ислом

Оила: одатий муаммоларга оддий ечимлар (олтинчи мақола)

420

42-муаммо: баъзида хотин бошқа шаҳардан бўлади. Табиийки, бу ҳолатда эр-хотин фарқли урф-одатларни қадрлашларини кузатиш мумкин. Буни яхши англамаслик оқибатида айрим келишмовчиликлар юзага чиқади.

Ечим. Албатта, турлича урф-одатларга ўрганиш ва эр-хотин орасида илиқлик пайдо бўлиши учун маълум вақт зарур. Эркак оилавий ҳаётда асосий мурожаат қиладиган манба Аллоҳнинг кўрсатмаси ва Расулуллоҳнинг суннатлари бўлиши керак. Қуръони каримнинг Нисо сураси 59-оятида шундай дейилган:

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз! Борди-ю, бирор нарсада (дин ишида) келиша олмай қолсангиз – Аллоҳга ва охират кунига ишонадиган бўлсангиз – уни Аллоҳга ва Пайғамбарига ҳавола қилингиз. Мана шу яхшироқ ва ечими чиройлироқ (иш)дир”.

43-муаммо: биттадан кўп хотини бўлган баъзи эркаклар улар ўртасида адолат қилмайди.

Ечим. Аллоҳ таоло айтади:

“Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради” (Наҳл сураси 90-оят). Оламлар Парвардигорининг бизга адолатли бўлишимиз ҳақидаги амри шундай.

Ҳадисларда адолатли бўлган кишига Аллоҳ юқори мартабалар бериши ва адолатсизларнинг оқибати яхшилик бўлмаслиги айтилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир кишининг икки хотини бўлса ва улар ўртасида адолат қилмаса, қиёмат куни бир томони нуқсонли бўлиб келади”, дедилар.

Урва (розияллоҳу анҳу) Оиша онамиздан ривоят қиладилар: “Эй синглимнинг ўғли! Расулуллоҳ бизнинг ҳузуримизда тунашдаги тақсимотда баъзиларимизни баъзиларимиздан устун қўймас эдилар. Гоҳида барчамизнинг олдимизга келар эдилар. Қўл теккизмасдан ҳар бир аёлга яқин келар эдилар. Ҳатто навбати бўлган хотиннинг олдига келиб, унинг ҳузурида тунар эдилар”,  дедилар.

44-муаммо: баъзи эркаклар уйига кириб келганда хотини билан ҳам, болалари билан ҳам сўрашмай, дарров ош-овқат сўрашга тушади. Вахоланки, Пайғамбаримизнинг кўрсатмалари бундай эмас.

Ечим. Оила ва болаларига салом бериш - ўша уйга барака олиб келади.

Расулуллоҳ Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуга: “Эй ўғлим, аҳлингга (уйингга) кирганингда салом бер. Сенинг саломинг ўзингга ва уйингдагиларга барака бўлади”,  дедилар.

Яна бир ҳадиси шарифда: “Уч (тоифа)нинг барчаларига Аллоҳ кафилдир... Уйига салом бериб кирган киши. Аллоҳ унга кафилдир”,  дейилган.

45-муаммо: эр хотинини рашк қилмаслиги.

Ечим. Эр қиёмат куни Аллоҳнинг олдида хотинидан сўралади. Пайғамбаримиз: “Барчаларингиз бошлиқсизлар. Бошлиқ қўл остидагилардан сўралувчидир”, дедилар.

Эр жуфти ҳалолини рашк қилиши, ҳимоялаши ва динини бузадиган нарсаларни олиб келмаслиги лозим.

Ислом бу ишни қуйидагича тартиблаган:

Аёлнинг ҳузурига яқин қариндош эркаклар, аёллар ёки бегоналар эрнинг рухсатисиз кириши мумкин эмас. Эр оилага нима фойдалироқ эканини яхши билади. У оиланинг барқарорлигини таъминловчидир.

Хотин уйидан эркаклар тўпланадиган жойларга чиқмаслиги керак.

Эр аёлига уятсиз нарсаларни кўрсатмаслиги лозим. Акс ҳолда, бунга ўрганиб қолган аёл шундай нарсаларни яна қумсаб қолади. Бундан ташқари у рафиқасини уятсиз ҳикоя ва ахлоқсиз журналларни ўқишга ундамаслиги керак. Ахлоқсизликни тарғиб қиладиган мусиқа ва қўшиқларни эшиттирмаслиги, телевизор ва видео жиҳозлардан гуноҳ кўрсатувларни кўрсатмаслиги лозим.

46-муаммо: баъзи эрлар хотинининг хато қилишини кутади.

Ечим. Оилавий ҳаётдаги асл нарса эр, имкон қадар, хотинининг қалбини Парвардигори оламга боғлаб қўйишидир. Барча каттаю кичик, ошкораю махфий ишларни Аллоҳ кузатиб турганини аёл ҳис қилиши зарур. Шундай йўл тутиш билан эр хотинини тарбия қилади. Унинг ўзи ҳам аёллар борасида Аллоҳдан қўрқсин. Шунда АлУ зот ҳам унинг хотинини сақлайди. Инсонга қилган ишига яраша жазо берилади. Эр хотинидан яхши гумон қилиши зарур. Ундан ёмон гумон қилиши дуруст эмас. Агар хотин тақводор бўлса-ю эри уни хиёнатда айблаётганини сезса, хотин ҳам ёмонлик қилишни (бузилишни) бошлайди. Шунинг учун Пайғамбаримиз эркак сафардан қайтганида хотинга билдирмасдан, тўсатдан олдига киришдан қайтарганлар. Шунда хотин эрига ёқмайдиган нарсаларни ўзидан кетказади ва эр ҳам рафиқасини ўзига номақбул ҳолатда кўрмайди.

Расулуллоҳ: “Сизлардан бирон киши кўп вақт йўқ бўлиб кетса, кечқурун оиласини (эшигини) тақиллатмасин”, дедилар. Бошқа бир ҳадисда эса киши кечқурун оиласининг эшигини тақиллатишидан қайтарганлар.

47-муаммо: эр пул топаман деб, узоқ йиллар хотинини ёлғиз қолдириб кетиши.

Ечим. Хотинни узоқ вақт ташлаб кетиш кўп фитналарга сабаб бўлади. Бир шаҳарда яшаш оғирлашиб, бошқа шаҳарга кетмоқчи бўлган эр хотинини ҳам ўзи билан олиб кетиши керак. Шунда ишлайдиган жойида шариатга зид, эрни ҳам, хотинни ҳам бузадиган ишлар содир бўлмайди. Эр эҳтиёжига ярашасини олиб, жуда кўп бойлик тўплашга муккасидан кетмасин. Шунда дин ишлари ҳам унутилмайди ва ибодатига керакли бўлган илмни ҳам олишга вақт топади.

48-муаммо: эр дин-диёнатдан узоқ бўлгани учун хотини ва болаларига йўлбошчилик қила олмайди.

Ечим. Эр сўзлари ва қиладиган ишлари хотини ва болалари олдида ҳисобга олиб қўйилишини билиши керак. Эр уларга яхши йўлбошчи бўлиши лозим. Шунда унинг ҳам уйидан Пайғамбаримизнинг саҳобалари каби буюк инсонлар етишиб чиқади.

49-муаммо: эр-хотин орасида бирор муаммо юзага келса эр яқинлари, дўстлари ва қўшнилари унга аралашишига қўйиб беради. Натижада, муаммо янада чигаллашиб, иш талоққача етиб боради.

Ечим. Аслида, муаммолар эшикдан ташқарига чиқмаслиги зарур. Бирор киши оилавий муаммодан хабар топгудек бўлса, у янада катталашиб кетади. Чунки кўп инсонлар нафс-ҳаво, одат ва кўр-кўрона тақлидга эргашиб ҳукм чиқаради. Бу каби ҳолатларда Аллоҳнинг кўрсатмаси ва Пайғамбаримизнинг тутган йўлларига эътибор қаратиш лозим. Шунда кўз олдингизда ечим пайдо бўлади.

50-муаммо: эр, жилла қурса, бир йилда бир маротаба хотинига яхши кўриши ёки ундан мамнун эканини билдирувчи сўз айтмайди.

Ечим. Одатда, аёллар ҳиссиётга берилувчан бўлади. Улар яхши кўриш ва ҳайратланиш сўзларини эшитишни яхши кўришади. Бу сўзларни эри айтмаса ким айтади?

Ҳар замонда бўлса ҳам, хотинингизга “Мен сени яхши кўраман”, “Жаннатда ҳам сен билан бирга бўлишни хоҳлайман” каби сўзларни айтиб туринг.

Чиройли сўзлар ила хотинингизни хурсанд қилишингиз ҳам ибодатдир.

"Исломда оила: муаммо ва ечимлар" китоблар

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Одатий муаммоларга оддий ечимлар (ўн тўққизинчи мақола)

201 22:00 22.10.2019

Одатий муаммоларга оддий ечимлар (ўн саккизинчи мақола)

355 22:00 20.10.2019

Одатий муаммоларга оддий ечимлар (ўн еттинчи мақола)

239 16:00 20.10.2019

Одатий муаммоларга оддий ечимлар (ўн олтинчи мақола)

268 10:00 20.10.2019

Одатий муаммоларга оддий ечимлар (ўн бешинчи мақола)

242 22:00 19.10.2019

Одатий муаммоларга оддий ечимлар (ўн тўртинчи мақола)

252 22:00 18.10.2019
« Орқага