Оилада эрнинг вазифаси

16:00 01.05.2019 955

Эркак киши оиласига нисбатан барча масъулият­ни ҳис этиши ва ўзининг оилада устун эка­нини ҳеч қачон унутмаслиги керак. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ فَالصَّالِحَاتُ قَانِتَاتٌ حَافِظَاتٌ لِلْغَيْبِ بِمَا حَفِظَ اللَّهُ وَاللَّاتِي تَخَافُونَ نُشُوزَهُنَّ فَعِظُوهُنَّ وَاهْجُرُوهُنَّ فِي الْمَضَاجِعِ وَاضْرِبُوهُنَّ فَإِنْ أَطَعْنَكُمْ فَلَا تَبْغُوا عَلَيْهِنَّ سَبِيلًا إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيًّا كَبِيرًا

«Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёл­лар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоят­ли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир. Хотинлар­нинг итоатсиз­ли­гидан қўрқ­сан­гиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнгра (бу таъсир қилмаса,) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз. Аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтар­мангиз. Албатта, Аллоҳ олий ва улуғ зотдир» ("Нисо" сураси, 34-оят).

Оятда эркак кишининг аёл устидаги раҳбарлик масъулияти икки сабабга асослангани баён қилинган. Биринчиси, эркак киши хилқат жиҳатдан чидамли, оила бошлиғи бўлишдек масъулиятни кўтаришга қодир экани. Чунки эркаклар куч-қувват, сабр қила олиш, ҳар бир ишда шошмасдан мулоҳаза юритиш ва бошқа қоби­лиятлари билан устундир. Иккинчиси, оилада эркак­лар ўз молларидан нафақа сифатида сарф қилишлари, за­рур бўлган барча молиявий харажатларни ўз зиммала­ри­га олишлари. Яъни, хотиннинг еб-ичиш, кийиниш ва бошпа­нага бўлган эҳтиёжини эркак киши қондириши лозимлиги назарда тутилган.

Ҳақиқатан, эркак зоти аёл кишидан баъзи ху­сусият­ларда ортиқ қилиб яратилганига ҳеч шубҳа йўқ. Буюк ҳикмат ва қудрат соҳиби Аллоҳ таоло хилқатдаги бу устунликда бир неча ҳикматни мужассам қилган. Таф­сирларда, жумладан, шаръий нуқтаи назардан эркакларга хос қуйидаги афзаллик хусусиятлари қайд этилган: пайғамбарлик, ўринбосарлик, жисмоний куч-қувват, оила нафақасига масъуллик, ақлу идрок, хотира ва тафаккурнинг зиёдалиги, имом-хатиблик, муаззинлик, жамоат билан намоз ўқиш, жума намозининг вожиб бўлиши, ташриқ такбирини айтиш, жангларда қатнашиш, тўлиқ гувоҳлик, талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлиш, оила номининг унга нисбат берилиши, намоз ва рўзани узрсиз адо этиши ва бошқалар. Шу ва бошқа жиҳатларни ҳи­соб­га олиб, аёл кишининг эрига итоатли, ҳи­моятли ва иффатли бўлиб, оила тотувлиги йўлида дои­мий ҳаракат қилиши диёнат жиҳатидан талаб этилган.

Эр киши, умуман, оиланинг тинчлиги тўғрисида қайғуриш билан бирга, энг муҳим таъминотлар бўлган озуқа, кийим-кечак, бошпана билан таъминлашга масъул­дир.Ушбу масъуллик шариат нуқтаи назаридан вожиб, уни бажармаган одам Аллоҳ таоло олдида қаттиқ гуноҳкордир.

Маълумки, никоҳ муносабати билан зиёфат уюш­тирилиб, валийма-тўй ўтказилади. Ушбу тўйнинг хара­жатлари, имкони бўлса, куёвнинг ўзи, яқин қариндошлари ёрдамидақопланади. Яъни, қисқа қилиб айтганда, тўйни куёв томон ўтказади. Хотин яшайдиган уйни турмуш учун зарурий жиҳозлар билан жиҳозлаш ҳам эрнинг зиммасида бўлади. Лекин, афсуски, бугунги куни­мизда кўп ҳолларда буларнинг акси кўзга ташлан­моқда.

Қуръони каримда бундай дейилган:

وَالْمُطَلَّقَاتُ يَتَرَبَّصْنَ بِأَنْفُسِهِنَّ ثَلَاثَةَ قُرُوءٍ وَلَا يَحِلُّ لَهُنَّ أَنْ يَكْتُمْنَ مَا خَلَقَ اللَّهُ فِي أَرْحَامِهِنَّ إِنْ كُنَّ يُؤْمِنَّ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ وَبُعُولَتُهُنَّ أَحَقُّ بِرَدِّهِنَّ فِي ذَلِكَ إِنْ أَرَادُوا إِصْلَاحًا وَلَهُنَّ مِثْلُ الَّذِي عَلَيْهِنَّ بِالْمَعْرُوفِ وَلِلرِّجَالِ عَلَيْهِنَّ دَرَجَةٌ وَاللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ

«Талоқ қилинган аёллар ўзларига қараб, уч ҳайз муддати (ўтишини) кутиб ўтирадилар. Агар улар Аллоҳга ва охират кунига ишонсалар, бача­дон­ларида Аллоҳ яратган нарса (ҳомила ёки ҳайз)ни яширишлари ҳалол (иш) эмас. Агар эрлари ислоҳни (оилани тик­лаш­ни) хоҳласалар, шу муддат ичида уларни қайтариб олиш­га ҳақлидирлар. Аёллар учун (белги­ланган ҳуқуқ­лар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир. Аёлларга нисбатан эркак­лар­да бир даража (зиёдалик) бор. Аллоҳ қудрат ва ҳикмат эгасидир» ("Бақара" сураси, 228-оят).

Бир ёки икки талоқ қўйган эрлар идда чиққунига қадар сўз ёки ҳаракат билан ўз аҳдларидан қайтиб, никоҳни янгиламасдан турмушни давом эттиришлари мумкин. Аммо бир ёки икки «боин» (қатъий) талоқ қўйган бўлса, никоҳни янгилаш шартдир. Уч талоқ ёки ундан ортиқ ададни айтиб қўйган бўлса, эр-хотин ўртасидаги шаръий никоҳ бекор бўлиб, бирга турмуш қуриш мумкин бўлмай қолади. Бундай тақдирда, албатта, шариат пешволарига мурожаат қилиб, маслаҳат олиш зарур.

Бу эркаклар хоҳлаганларини қилишсин ёки аёлларига истаганларича зулм ўтказишсин, дегани эмас. Устунроқ бўлиш ортиқча масъулиятни зиммага олиш деганидир. Имконияти бўлатуриб оиласининг ҳожатларини қондиришга ҳаракат қилмаслик ҳам гуноҳдир. Бу Аллоҳ таолонинг омонат деб бер­ганига хиёнат қилишдан ўзга нарса эмас.

Устунлик эркакка хотинининг бирор айби бўлса, дарров унинг адабини бериш, азоблаш имкониятини бермайди, балки аёлларга бундай зулм қилишни шариа­ти­миз қаттиқ танқид этади. Пайғамбаримиз алайҳис­салом бир ҳадисларида: «Яхшиларингиз аёлларига яхши муома­ла қиладиганларингиздир», деганлар. Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, бир поғона устунроқ бўлиш тил ва қўлга эркинлик бериш эмас, балки уни яхшиликка ишлатиш, деганидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа ҳадисларида:

ألاكلكمراعوكلكممسؤولعنرعيتهفالأميرالذيعلىالناسراعوهومسؤولعنرعيتهوالرجلراععلىأهلبيته وهومسؤولعنهم

“Огоҳ бўлинг! Ҳаммангиз раҳбарсиз ва ҳамман­гиз қўл остингиздагилардан масъулдирсиз.Бас, амир қўл остидаги инсонларга раҳбар ва уларга масъулдир, эркак ўз оиласида раҳбар ва уларга масъулдир”, деганлар. Раҳбарлик масъулиятни сезиш мажбуриятларни бажариш демакдир. Ноҳақ ҳукм чиқариб, ножоиз ҳаракатлар қилиш, аҳлларига зулм кўрсатиш маъсият, гуноҳ деганидир. Демак, кишининг мавқеи қанчалик баланд бўлса, жавобгарлиги ҳам шунчалик қаттиқ бўлади.

Манбалар асосида «Коҳ ота бузрук» жоме масжиди Абдулҳаким ПИРНАЗАРОВ тайёрлади

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!