Бола дарсдан сўнг...

11:00 26.02.2019 618

Ким спорт, ким тил ўрганиш машғулотларига кимлардир эса компютер клубларда...

Давримиз болалари кўнгилдагидек таълим-тарбия олишлари учун таълим муассасаларида барча шарт-шароитлар яратилган. Уларнинг ҳаммасини номма ном санашнинг ҳожати йўқ. Бугун фарзандларимиз фан, таълим, спорт ва санъат соҳаларида эришаётган ютуқлар уларга яратилган имкониятларнинг яққол ифодасидир. Аммо фарзандларимиз билан боғлиқ масаланинг бошқа жиҳатлари ҳам борки, улардан кўз юмиб ўтолмайсан киши. Бугун болаларимиз тарбияси билан боғлиқ ана шу жиддий муаммога мулоҳазали нигоҳ ташлаймиз.

Ота- она боланинг ўқиши ва хулқи учун жавобгардир

Юртимизда бола тарбияси иши умумхалқ ишига айланган. Мамлакатнинг кўпгина ишлаб чиқариш корхоналарида ва муассасаларида мактабни бошқариш, унга раҳбарлик қилиш ва кўмаклашиш мақсадида комиссиялар тузилган ва шунинг билан бир қаторда Президент фармони билан маҳалла қўмиталарининг масъулияти, жавобгарлиги, уй бошқармалари қошида тузилган болалар клублари, болалар кенгашлари, ота-оналар комитетлари ва ниҳоят, “Камолот»ёшлар ижтимоий ҳаракати ёшлар тарбиясида ўзаро ҳамкорликнинг ёрқин далилидир. 

Бола мактабга қабул қилиниши билан уни тарбиялаш масъулияти оила зиммасидан соқит бўлмайди. Ота-оналар болаларини мактабга ўз вақтида юбориши учун, уларнинг ўқиш машғулотларига мунтазам равишда қатнаб туришлари учун, уларнинг хулқи учун давлат олдида жавобгардирлар. 
Аммо таассуфки, баъзи ота-оналар мана шу жавобгарлик ҳиссининг масъулиятини тўла англаб етмайдилар. Демоқчимизки, гўёки мактаб ўқувчиси бўлган боласининг тарбияси буткул мактаб ва ўқитувчи зиммасида бўлади. Хўш, унда ота-онанинг вазифаси нима экан?

Ўқитувчи нари борса беш ёки олти соат мобайнида ўқувчини назорат қилиш имкониятига эга. Шунда ҳам бир ўқитувчи йигирма беш- ўттиз боланинг давоматидан тортиб, фанларни ўзлаштиришигача тўла назорат қилиш кучига эга бўлолмайди. Бола дарси тугаб, мактаб биносидан чиқиб кетгач унинг тарбияси, вақтни қандай ўтказишини ҳар доим ҳам ўқитувчи назорат қилолмайди. Демак, ўз-ўзидан бунда ота-она ва маҳалла ўқитувчига ёрдамга келиши шарт. Бизнинг тамойилда “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган нақл залвори ҳануз оҳорини тўккани йўқ. Бироқ шунга қарамай кўча-кўйда, маҳаллаларимизда дарсдан сўнг назоратсиз қолиб оқибатда бўш вақтини беҳуда ўтказаётган болалар кўпчиликни ташкил қилади. Ота-она иш билан банд. Бола эса куннинг иккинчи ярмидан кечгача назоратсиз, хоҳлаган жойига бориши, хоҳлаган одами билан мулоқот қилиши, хоҳлаган ишини бажариши мумкин. Оқибати хунук ҳолатларни тақозо қилганида эса калтак энг аввало ўқитувчининг бошига келиб тушади.

Мадина Насимова, Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги 70-мактаб ўқиувчиси: — Ўқувчини назорат қилиш, таълим-тарбиясига эътибор беришга фақат ўқитувчи масъул деган фикр хато, деб ўйлайман. Бу борада ота-она, бобо-бувилар ҳам биз ўқитувчиларга яқиндан ёрдам беришлари керак. Ўқитувчи ҳам инсон, унинг ҳам ўзига яраша ташвишлари, муаммолари, оиласи бўлади. Қолаверса, дарсдан сўнг уйига кетган ўттиз нафар боланинг ҳар бирини назорат қилиш ақлга сиғмайди. Шундай бўлса ҳам ўқувчиларимизнинг ота-онасининг, уйи, ўзларининг телефон рақамларини ёзиб олганмиз. Имкон даражасида уларга боғланиб, боласининг хулқ-атвори, ўзлаштириши, бўш вақтларда нималар билан машғул бўлишини сўраб-суриштириб турамиз.

Воқеа: Н. Исмли бола 15 ёшда. Унинг ота-онаси иш важидан хорижга кетган. Бола кекса бувисининг тарбиясида қолган. Буви ўз вақтида неварасини назорат қилолмайди. Натижада  бола ўзбошимча бўлиб кетади. Аввалига дарсдан сўнг компьютер клубларида ҳар хил ўйинлар билан вақт ўтказган бола, кейинчалик кўчадан топган ўзига ўхшаган назоратсиз болаларга қўшилиб зарарли одатларни ўрганади. Яқинда Н. Бир болани калтаклаб, оғир тан жароҳати етказади ва жавобгарликка тортилиб, тарбияси оғир бола сифатида назоратга олинди...

Амрулло Аҳмедов, ҳуқуқшунос: — Бола ёмон бўлиб, жиноятчи бўлиб туғилмайди. Эътиборсизлик, тарбиясига бефарқлик ҳар қандай яхши болани ҳам қуюшқондан чиқариши мумкин. Афсуски, фарзандларимизнинг камоли учун барча шароитлар яратилган юртимизда баъзан тарбиясига лоқайдлик оқибатида болалиги сарсон бўлаётган болаларни ҳам учратяпмиз. Аввало бундай болаларнинг оилавий муҳитини ўрганиш керак бўлади. Чунки тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, тарбияси оғир, безориликда айбланган болаларнинг аксарияти муҳити носоғлом оиланинг фарзандлари бўлиб чиқади. Ота-она тарбияга муҳтож. Дейлик ота ичувчи, оиланинг  таъминоти она зиммасига юкланган. Ўз навбатида болаларини моддий жиҳатдан таъминлаш учун кўп вақти сарфланаётган она эса боланинг тарбиясига жиддий аҳамият қаратишга вақт ва имкон топмайди. Ёки оилада эр-хотин — ота-она ўртасида мутаассил уруш-жанжал, зиддият давом этади, болалар ўз ҳолига ташлаб қўйилган бўлади. Бундай ҳолатда ўсаётган боладан ним кутиш мумкин? Ахир ҳамма ҳам даҳо бўлиб, туғма тарбияли бўлиб туғилмайди-ку!..

Дилором Саъдуллаева, психолог: —  Бола энг аввало тарбияни оилада олади. Бунинг учун ота-она ўзи намуна бўлиши, фарзандига ўзининг болалик чоғларини мисол қилиб ибрат бўлиши керак. Аксарият ҳолларда ота-она ишда, ёки ўз юмушлари билан банд бўлгани сабабли боласини назоратсиз қолдиради. Баъзан кўча-куйда тентираб юрган болаларни учратиб қолиб, секин гапга солсам ота-онаси уни тингламаслигини, бола ўз фикрини, қизиқишларини яқинларига билдиролмаслигини сезаман. Бундай ҳолатда кўчада таралла- бедод қилиб юрган болани айблаб бўлмайди-да! Айрим ота-оналар болаларини турли тўгараклар, спорт машғулотларига беришни моддий етишмовчилик билан боғлашади. Ваҳоланки, онанинг бир кунлик “юриш”и учун тоғорага сарфланадиган пул, отанинг “чойхона”сидан тежалган маблағга бола бир ой давомида тил ўрганиш курсига, спорт машғулотларига қатнашиши мумкин.

Фируза Холиқова, журналист: — Фарзандларимнинг бири еттинчи, иккинчиси тўртинчи синфда ўқишади. Отаси иккимиз кун бўйи ишда бўламиз. Тан олиш керак, эрталаб соат еттида апил-тапил нонушта тайёрлаб, ишга отланаман. Отаси ҳам шу аҳвол. Болаларимиз билан бир неча соат вақт ўтказамиз. Баъзан бу ҳолдан виждоним қийналади. Болаларимни меҳримга интиқ қилаётганимни ҳис қилиб ўзимдан уяламан. Бироқ имкон борича болаларим билан телефон орқали тез-тез боғланиб, ўқитувчилари билан алоқага чиқиб тураман. Вақт топиб болаларимнинг дарси тугагач уларни мактабидан олиб машғулотларига олиб бораман ёки уйга олиб келиб қўйиб, топшириқлар бериб яна ишга қайтаман. Менимча хоҳиш бўлса вақт ва маблағ масаласи ҳам ечимини топади.

Азиза Сафарова, уй бекаси: — Ўғлимиз мактабга чиқа бошлаганди турмуш ўртоғим мени ишдан бўшатиб олдилар. “Боланинг тарбиясини ҳеч бир сумма ўрнига қўёлмайди. Сен болаларимиз ўзини ўзи эплайдиган, ўқишига, қўшимча машғулотларига ўзи қатнайдиган бўлганида ишлайсан” дедилар. Катта ўғлим учинчи, кичик ўғлим биринчи синфда ўқийди. Уларнинг тарбияси, ўқишини ўзим назорат қиламан. Аслида аёл кишининг энг катта карьераси — соғлом, билимли, доно фарзанд. Маблағ масаласига келсак, биз ҳам ошиб-тошиб яшаётганимиз йўқ. Вилоятдан келиб пойтахтда яшайдиган кўпчилик юртдошларимиз қатори ижарада яшаймиз. Аммо қаловини топса қор ёнади деганларидек, болаларимизнинг ўқиши учун имкон топяпмиз. Менимча, фарзандининг келажагини ўйлаган ота-она учун моддий етишмовчилик баҳона бўлолмайди.

Шоҳида Саидова, ҳамшира: — Турмуш ўртоғим вафот этганида катта ўғлим беш ёш, қизим уч ёшда эди. Яқинларимиз ёрдам беришардию лекин қўлдан берганга қуш тўймас, дегандек рўзғордаги етишмоқчиликни тўлдира олмасдим. Икки-уч жойда иш олдим, ҳатто ўзига тўқларнинг хонадонида уй ҳамшираси бўлиб ҳам ишладим. Болаларим қаровсиз қолиб кетаётгани учун хорижий тилларга ихтисослаштирилган, кечгача қолиб кетишса ҳам қарайдиган масъул ходим ишлайдиган хусусий боғчага жойлаштирдим. Ўзи пулдан қийналганмиз, лекин “Болаларим бу ерда яхши овқатланади, тил ўрганади, соғлиги назоратда, муҳими мен кечаю кундуз ишда бўлганимда кўнглим хотиржам бўлади” деб ўзимга таскин берардим. Ўғлим мактабга чиққанида ҳам назоратсиз қолмаслиги учун пулини ўйламай репитеторга қўйдим. Ҳозир ўғлим олтинчи синф, қизим тўртинчи синфда ўқийди. Ишонсангиз, болаларимнинг менга умуман оғирлиги тушмайди. Бир пайтлари қийналиб бўлса ҳам уларни репитеторларга қўйиб тўғри қилган эканман. Ёзги таътилда ака-сингил маҳалламиздаги болаларга, ҳатто ўзларидан катталарга инглиз ва рус тилларини ўргатиб ҳар боладан ўттиз- эллик мингдан ойига пул олишди. Ҳозир ўқишларини давом эттиришяпти. Кўз тегмасин, болаларимдан ҳамма ҳавас қилади.

Таълимга сарфланган сармоя беҳуда кетмайди

Дарсдан сўнг кўчада вақт совураётган боласини фойдали машғулот билан машғул қилиш учун маблағ ва эътибор қизғонаётган ота-она, сиз нафақат фарзандингизнинг балки ўз келажагингизга ҳам чизиқ тортаяпсиз. Қирққа кириб ҳам олтмиш ёшар отасининг пулига яшаб, оила, бола-чақасини боқаётганлар, кекса ота-онасининг қўлидан пенсия пулини тортиб олиб ичкилик ичаётганлар, пенсия пули учун болаларининг ўртасида сарсон қариялар ва ёхуд “жиноятчининг ота-онаси” деган тамға билан яшаётганларнинг қисмати сизга ибрат бўлсин. Фарзандингиз сиздан кўра билимли, доно, кучли ва албатта бахтли бўлишларини истасангиз болалик чоғларида унга бир дақиқа ҳам бўш вақт қолдирманг. Зеро, ёшликда олинган илм тошга ўйилган нақш кабидир.

Умида АЗИЗ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!