Ахлоқ

"Оламдан ғамсиз ўтай десанг, илму ҳунар ўрган"

725

Ҳазрат Алишер Навоий айтади:

              Камол эт, касбким, олам уйидин
              Санга фарз ўлмағай, ғамнок чиқмоқ.
              Жаҳондин натамом ўтмак, биайниҳ
              Эрур ҳаммомдин напок чиқмоқ.

“Оламдан ғамсиз ўтай десанг, илму ҳунар ўрган. Дунё камолотига етмай дунёдан ўтиш, ҳаммомда тоза бўлмай чиқишнинг худди ўзи”, дея таъкидлайди ҳазрат Навоий.

Унинг фикрича, ёш авлоднинг  камолатли, халқпарвар, билимли, энг яхши фазилатларга эга кишилар қилиб етишида тарбия етакчи рол ўйнайди. Навоий болаларга илм-маърифат билан бирга, уларга одоб-ахлоқ ўргатишни ҳам вазифа қилиб қўяди.

Ҳақиқатдан ҳам инсон учун илм,одоб-аҳлоқ шу билан биргаликда ҳунар ҳам  зарурдир. Ҳар қандай нарсанинг моҳиятини англаш, жаҳондаги турли хил воқеаларнинг яхши-ёмон тамонларини ажрата билиш, одамларнинг қадр-қимматини тўғри тушуниш ва улар билан чиройли муомалада бўлиш, ҳамда оиланинг тинч,фаровон яшашини ташкил этиш учун илм ва ҳунарнинг ўрни биқиёс.

Ҳикматларда келтиришича, ҳар кимнинг зари бўлмаса ҳам  ҳунари бўлса, дунёда ҳеч бир хавф-хатар унга таъсир этолмайди.  Ҳунарсиз киши қуруқ савлатдир. Қуруқ савлат қотиб турган суратга ўхшайди. Сен суратга боқ, у одамга ўхшасада, жони бўлмайди. Дарахт шохи мевасиз бўлса, кийикнинг шохларидан нима фарқи бор. Қалам гарчи чўп бўлса-да, илму ҳунарни ошкор қилгани учун азиздир.

Кундалик ҳаётимизда  шундай инсонларни кўрамизки, беихтиёр отасига рахмат дегингиз келади. Сабаби, уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга эканлиги, ўз касбига садоқати, аҳли-оила ва оила нафақаси учун жонкуяр эканлиги билан ажралиб туради.

Ва яна шундай инсонларга дуч келасизки,  уларга нисбатан қалбингизда ачиниш, афсуслик ҳисси айланаверади. Сабаби, айни йигитлик даврини хазон қилаётганлиги, умр неъматини зое қилиб, вақтини беҳуда, бекорчи нарсалар билан айш-ишратда ўтказаётганлиги ва аҳли-оила, фарзанд тарбиясига бепарво эканлигидадир.

Донишмандлардан бири айтади: «Эй ўғил, ҳунарсиз, дангаса ва ишёқмас кишилар билан улфатлик қилма, уларнинг таъсири сенга ҳам уради. Дангасаларнинг фикру ўйи доимо ишламасдан катта ейиш, яхши кийинишдир. Улар беҳуда сўзлашни, вақтини хуш ўтказишни, танини семиртиришни ўйлайди. Семиз кишининг эса дил кўзи бекилган бўлади, доимо ором топишини ўйлайди. Зеро кўп еб семиришни ўйловчи кишиларни донолар,  “ҳайвон табиатли кишилар”, дейишган.     

Бир ишбилармон ва меҳнаткашдан: “Ночор ва ожиз киши қандай бўлади? ”, деб сўрашди. У шундай деди: “Ночор, ожиз, дангаса, ялқов  киши шундай кишики, оила нафақасини топишда  ғайрати кам, ҳиммати паст бўлади. Хотиннинг ёнидан чиқмай, уйда ўтираверади» (“Фавоқиҳ ал-жуласо”).

Абу Лайс Самарқандий айтади: “ Ким касби ҳалол бўлишини истаса, беш нарсани маҳкам тутсин: биринчиси, касб туфайли Аллоҳ таолонинг фарзларидан бирортасини ортга сурмасин ва уларда нуқсонга йўл қўймасин. Иккинчи, касб туфайли Аллоҳ таолонинг махлуқотларидан бирортасига озор бермасин. Учинчиси, касбида мол жамлаш ва кўпайтириш эмас, ўзи ва аҳли аёли иффатини сақлашни ният қилсин! Тўртинчи, касб қиламан деб ўзини ортиқча қийнаб юбормасин. Бешинчи, ризқни  касбдан эмас, Аллоҳ таолодан деб билсин!”.

Инсонда икки хил қувват ато этилган: жасадий-шаҳвоний қувват ҳамда ақлий-руҳоний қувват. Инсон ҳар иккисини ишга солиб, илму-ҳикмат ва касб-ҳунар билан шуғулланса, дунёвий ва ухровий манфаатларга эга бўлади, маънавий, руҳий озуқа олади, ажру савобга эришади.

Чироқчи тумани “Турсун Болтахон” жоме
масжиди имом-хатиби Исмоилов Акмал

 

 

    

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

«Билмайман»ни билмаган олим…

720 09:00 12.11.2019

Мусулмон савдогар риоя қилиши керак бўлган қоидалар

0 19:00 02.11.2019

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (иккинчи мақола)

257 21:00 24.10.2019

Илмнинг ҳақиқати

310 20:00 24.10.2019

Замондош уламолар ҳаётида илмнинг ўрни (биринчи мақола)

692 22:30 22.10.2019

Қуръонда касодга учрамайдиган тижорат ҳақида нима дейилган?

3796 18:00 22.10.2019
« Орқага