Илм

«Оли Имрон» сураси, 17-оят тафсири

385

Ушбу сифатлар Ислом жамияти аъзоларининг ҳар бири учун зарурий сифатлардир.

Сабрлилардан бўлишда машаққатларга чидаш, иймон тақозо қиладиган ишларни амалга ошириш, Аллоҳнинг ҳукмини розилик билан қабул қилиш ва бошқа кўпгина фазилатлар бор.

Ростгўйликда ўзи ишонган ҳақ билан иззатли бўлиш, заифликдан устун туриш маънолари бор.

Аллоҳга итоаткорликда эса Парвардигори оламнинг ҳаққини адо этиш, бандалик вазифасини бажариш маънолари бор.

Нафақа қилувчиликда, мол сарфлашда сахийлик, молга сиғиниш дардларидан халос бўлиш, одамлар ўртасида инсоний биродарлик бурчларини адо этиш маънолари бор.

Саҳарларда мағфират сўровчилик эса энг гўзал ва соф паллада Аллоҳ таолога дардини очиб солишдир.

Мазкур сифатларга эга бўлган одамлар учун барча нозу неъмат, роҳат-фароғат устига Аллоҳ таолодан розилик ҳам бор.

Саҳар чоғида қалб мусаффо, руҳ тинч бўлади, у вақтда бедор бўлишнинг ўзи катта фазл ҳисобланади. Боз устига, у вақтда истиғфор айтиш бандани юксак мартабаларга эриштиради.

Улуғ саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кечаси намоз ўқиб бўлиб, хизматчиларидан: «Эй Нофеъ, саҳар кирдими?» – деб сўрар эдилар. Агар Нофеъ «Ҳа», – деса, тонг отгунча дуо ва истиғфор билан машғул бўлар эдилар.

Суранинг аввалидан ҳозирги оятигача Аллоҳнинг тавҳиди – ягоналиги ва Унинг ибодатга сазоворликда, бандалар устидан қоимликда ҳам ягона Ўзи ҳақдор экани, илоҳий китоб ва пайғамбарликларнинг ҳам манбаи бир экани ва бу ҳақиқатларга одамларнинг муносабати ҳақида сўз борди. Эндиги оятларда эса ўша ҳақиқатларнинг воқеъликда, кишилар ҳаётида намоён бўлиши тўғрисида сўз кетади. Аввало, олдинги ҳақиқат яна бир бор таъкидлаб олинади.

"Тафсири Ҳилол" китобидан

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бақара сураси, 278-оят

216 07:00 16.12.2019

"Бақара" сураси, 267-оят тафсири

472 07:05 14.12.2019

«Анъом» сураси, 104-оят тафсири

341 06:00 30.11.2019

«Нисо» сураси, 14-оят тафсири

383 06:00 29.11.2019

Бақара сураси, 23-24 оятлар тафсири

417 06:00 27.11.2019
« Орқага