Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Олимлар жиҳоди

1819

Илм – энг улуғ неъмат, олий мартаба, пайғамбарлар мероси, жаннатга олиб борувчи йўлдир. Шундай саодатга эришиш катта меҳнат ва қурбонлик талаб этади, албатта. Ахир машаққат давлатларидан ўтмагунча бахтга етишилмайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам охират йўлида юриш осон эмаслигини баён қилганлар. Охират жиддий саъй-ҳаракатлар билан қўлга киритилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Огоҳ бўлинг, Аллоҳнинг неъмати қимматбаҳодир, Аллоҳнинг нарсаси жаннатдир” (Термизий, Ҳоким ривояти).

Яҳё ибн Абу Касирдан ривоят қилинади: “Жасадни роҳатлантириб, илмга етишиб бўлмайди” (Муслим ривояти).

Имом Нававий толиби илмни қуйидагича тавсифлайди: “Толиб илм ўрганишга чанқоқ бўлсин,  кечаю кундуз вақтини илмга сарфласин. Фурсатини илмдан бошқа нарса билан ўтказмасин, ейиш, ичиш, уйқуга кўп вақт сарфлаб қўймасин. Пайғамбарга меросхўр бўлиш имкониятига эга бўла туриб, уни қўлдан чиқарган одам оқил дейилмайди” (Нававий. “Тибян фий аадаби хамалатил Қуръан”).

Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ илм учун жидду жаҳд қилиб юрарди. Бир куни бир таниши: “Қачонгача илм ўқийсан?! Ахир катта олим бўлдинг-ку!” деди. Имом Аҳмад шундай жавоб берди: “Маъал михбаро ҳаттал мақбаро (Қабргача сиёҳдон билан юраман)”.

Имом Аҳмад ўз даврининг ҳадис илми султони эди. Аммо, лекин илм излашни малол қилмас, илм талабида кўп сафар қиларди. Ибн Рофеъ айтади: “Маккада Аҳмад ибн Ҳанбални кўриб қолдим, Ямандан қайтиб келган экан, кўп машаққат тортиб оёқлари ёрилиб кетган эди. Менга: “Эй Абдуллоҳнинг отаси, энди ҳадис излаб сафар қилишга ярамайман, шекилли”, деди. Кейинчалик эшитишимча, ўшанда ҳам Химсга сафар қилибди” (Ибн Асокир. “Тарихи Димашқ”).

Имом Аҳмад йўлкирага пули бўлмагани учун Тарсус шаҳрига пиёда борган. У зот: “Эллик дирҳам пулим бўлганда Райга бориб, Жарир ибн Абдулҳамиддан ҳадис эшитиб келардим”, деганди (Абул Ҳажжож Миззий. “Таҳзибул камол”).

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Талабалар илм­га етишиш учун бор кучини сарфлашсин. Илм йўлида қийинчиликларга сабр қилишсин, ниятлари холис бўлсин, Аллоҳдан ёрдам сўрашга рағбат қилишсин” (Бад­риддин ибн Жамоа. “Тазкиратус сомиъ вал мутакаллим”).

Наззом айтади: “Илм шундай нарсаки, борингни бермагунингча бир қисмини ҳам ололмайсан, борингни берганингдан кейин ҳам эҳтиёт бўл, ташлаб кетмасин” (Хатиб Бағдодий, “Тарихул Бағдод”).

Содиқ толиблар илм олиш учун жидду жаҳд қилади. Тарих саҳифалари уларнинг фидойиликлари билан тўла. Илм мазасини тотган талабага машаққатлар билинмайди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтади: “Қўшним, Авс ибн Хавлий билан шаҳар ташқарисида деҳқончилик қилардик. Бир кундан навбат қилиб шаҳарга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келардик. Кун бўйи масжидда ўтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган ваҳийдан хабардор бўлиб, бир-биримизга айтиб берардик” (Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин ансорлардан бир кишига: “Эй фалончи, Расулуллоҳ саҳобалари кўп пайти улардан илм ўрганиб олайлик”, дедим. У: “Во ажабо, шунча саҳобалар туриб, одамлар сизга муҳтож бўлармиди?!” деди. Мен саҳобалардан сўраб илм ўргана бошладим. Қайси саҳобий бир масалани яхши билади деб эшитсам, уйининг олдига келиб ўтирсам, шамол юзимга тупроқ сепарди. Уй эгаси чиқиб: “Эй Пайғамбар амакисининг ўғли, нима хизмат, чақиртирсангиз ўзим борардим”, дерди. “Йўқ, ўзим келишим керак”, деб, саволимни сўрардим. Шу зайлда йиллар ўтди, катта саҳобалар ўтиб кетишди, одамлар менинг атрофимда илм олиш учун ўтирадиган бўлди. Мен билан илм талабига рози бўлмаган ансорий: “Бу йигит ақлли экан, мен калтафаҳм эканман”, деб юрарди” (Доримий, Ҳоким ривояти).

Шаҳарлар фатҳ қилиниб, Ислом ҳудудлари кенгайгач, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Шом бўстонлари ва Ироқнинг унумдор ерларидан Мадинанинг жазирама иссиғини афзал кўрди. У киши шундай деган: “Шаҳарлар фатҳ қилингач, одамлар дунёга юзланди, мен Умар ибн Хаттобга юзландим” (“Муснади Баззор”).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Убай ибн Каъбнинг уйига келардим, у дам олаётган бўлса, эшиги олдида мизғиб олардим. Менинг келганимни билса, Расулуллоҳга қариндошлигим боис уйқусини бузарди, мен эса буни хоҳламас эдим”.

Имом Шаъбийдан “Шунча илмни қаердан олдинг?”, деб сўрашди. “Суяниб ўтирмадим, илм учун шаҳарлар кездим, эшакдай сабр қилдим, қарғадай эрта турдим”, деб жавоб бердилар (Заҳабий. “Тазкиратул хуффаз”).

Имом Шофеий айтади: “Қуръонни етти ёшимда, имом Моликнинг “Муватто” китобини ўн ёшимда ёдладим” (Абул Ҳажжож Миззий. “Таҳзибул камол”). Имом Шофеийнинг болалиги қийинчиликда ўтган, бироқ бу Шофеийдек аллома етишиб чиқишига ғов бўлолмади. Аллоҳ унинг илми билан умматни қадимда ҳам, ҳозир ҳам илмли қилди. Шофеий ўн уч-ўн тўрт ёшга кирганида кўп ёзарди. Қоғоз сотиб олишга пул йўқ эди, девонга бориб “зуҳур” қоғозларини (бир томони ёзилган, бир томони бўш қоғоз) сўраб оларди, бўш томонига ёзарди” (Абул Ҳажжож Миззий. “Таҳзибул камол”).

Ибн Абу Хотим айтади: “Музаний айтишича, Шофеийга: “Илмга хоҳишингиз қандай?” дейилди, “Олдин эшитмаган бир сўзни эшитсам, бутун аъзоларим қулоққа айланиб, роҳатлансак дейди”, дея жавоб берди. Унга “Илм­га чанқоқлигингиз қандай?” дейилди. “Қизғанчиқ пулни қандай яхши кўрса, шундай”, деб жавоб берди. Унга: “Илмни қандай талаб қиласиз?” дейилди, “Ёлғиз боласини йўқотиб қўйган она дилбандини қандай изласа, шундай излайман”, деб жавоб берди.

 

(давоми бор)

“Ислом ва олам” китобидан Бекмуҳаммад Алибоев таржимаси

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Юрий Михайлов: «Исломни руслаштириш керак...»

1487 10:15 01.07.2022

Улкан давлатнинг динга киришига сабабчи бўлган савдогар

2450 14:02 29.06.2022

Сахий зотлар ўлмайдими?

337 12:00 28.06.2022

Россиялик аёл Туркияда Исломни қабул қилди

738 11:45 28.06.2022

Тунис президенти янги конституцияда Исломни давлат дини сифатида тан олмоқчи эмас

767 09:25 22.06.2022

Эшак гўштини еса бўладими? Ёхуд Ҳалол ва ҳаром гўшт ҳақида батафсил

1404 10:10 18.06.2022
« Орқага