Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Олимларнинг баҳси хусуматга сабаб бўлмайди

749

Баъзан ижтимоий тармоқларда ёки кимларнингдир тилидан «фалон олим фалон масалада хато қилиб, ундоқ дебди, фалончи бундоқ дебди» каби гап-сўз тарқатиб юрган кишилар орасида «аҳли илм»ларданман деб юрганлар учраб қолади. 

Хато қилмаслик учун ҳеч бир иш қилмаслик лозим. Илм ҳам шу кабидир. Олимлар ҳам хато қилишади, бироқ хатони дунёга достон қилмасдан унинг ўзига айтиш маъқул иш ҳисобланади. Хато қилган олим ҳам агар ўринли айтилган бўлса, узрини айтиб иштибоҳини тўғирлаши шарт. Ва бунда улар орасида гина, араз бўлмаслиги лозим.

Аввал ўтган уламоларимиз бу ҳолда қандай йўл тутганлар? Улар орасида бўлган баҳс—мунозаралар ўрталаридаги муносабатни бузмаганми?

Юнус Садафий раҳимаҳуллоҳ дейди:
“Мен Шофеийдан кўра оқил одамни кўрмадим. Бир марта у билан бир масала бўйича баҳслашдик ва кейин ўз йўлимизга кетдик. Яна учрашганимизда, у менинг қўлимни ушлаб деди: 
«Эй Абу Мусо! Бир масалада келишмаган бўлсак-да, ака-ука бўлиб қолмадикми?"

Шайх Муҳаммад Аввоманинг айтишича,  Муҳаддис Ҳабибурраҳмон Азамийдан «Муаллимийни танийсизми», деб сўралган. «Ҳа», деганлар. Қандай инсон эди деб сўралганида: “У шофеъийлардан”, деган жавобдан нарига ўтмаган. Уламолар орасидаги баҳс-мунозаралар уларнинг бир-бирини ҳурмат қилишидан тўсмаганлиги шундан ҳам маълум бўлади.

«Ҳарам кутубхонасидаги ўша дафтарни кўриб Шайх айтган гаплар ёдимга тушди: Муаллимий – шофеъийдир. Шофеъийлар Ҳанафийларга раддия ёзишлари мумкин», – деб эслайди шайх Муҳаммад Аввома. – Унинг Кавсарийга жавоб ёза оладиган даражада илмга эгалигини кўришгач, уни “Таъниб”га раддия ёзишга ундашди. У Кавсарийга раддия этиб “Танқил”ни ёзди. Унинг муқаддимаси Кавсарий тириклигида ёзила бошланган. Кавсарий ҳам уни кўриб, ўқиган. Кейин эса, унга раддия ўлароқ «Ат-Таҳриб би нақдит Таъниб» асарини ёзган. Муаллимий бундан хабар топгач, Ҳарам кутубхонасида маъмур бўлиб ишловчи, айни пайтда Муаллимийнинг хизматида ишлаган Муҳаммад ибн Усмон ал-Канавийга шундай деган: Бўлди. Бу инсон буюк олим. Иккинчи марта унга раддия ёзилмайди!”.

Шайх, аллома Маҳмуд Баъюн Ранкусий раҳимаҳуллоҳ шундай деган эди: «Уламоларнинг балоси - бир-бирлари билан ўзаро хусумат қилишлари, ҳасадлашишларидадир».

Узоққа бормайлик, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳам шундай бағрикенг, гина-кудурат сақламайдиган одам эдилар. Бир қанча вақт ўзга юртларда юриб, қайтганларидан кейин айрим илгари хусуматини яширмаган олимларга ҳам яхши муомала, муносабатда бўлган эдилар.

Ҳақиқий олимлар, дин уламолари орасида илмий баҳслар бўлиши шубҳасиз, ва бу зарур ҳамдир. Аммо шахсиятга ўтиш, уни ҳақоратлаш Аллоҳ азиз этиб берган илмига хиёнат, беамалликдир.

Ёқуб Умар

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Бугунги ҳаётимиз

161 04:00 16.04.2021

Улардан бўлишни истайман!

878 19:30 07.03.2021

Инсоният ҳаётида ахлоқ нақадар муҳим эканини ифодалаган оят

437 14:13 05.03.2021

Мушук сабаб ҳидоят топган киши...

2544 19:45 15.09.2020

Мадраса таҳоратхонасини яширинча тозалаган устоз ибрати

1955 09:50 05.09.2020
« Орқага