Илм

Олимларнинг илмга чанқоқлиги

708

Уламолар ўлим тўшагида ҳам вақтларини ғанимат биларди. Муофий ибн Закариё айтади: “Абу Жаъфар Табарий вафот этаётган пайт ёнларида эдим. Ҳозир бўлганлардан бири Жаъфар ибн Муҳаммаддан бир дуони зикр қилди. Табарий тезда қоғоз-қалам олиб келишни буюриб дуони ёзиб олди. “Шу ҳолатда ҳам шартмиди?” дейишди унга. “Киши ўлгунича илмдан баҳраманд бўлиши керак”, деди у ва бироздан сўнг вафот этди” (Ибн Асокир. “Тарихи Димашқ”).

Басра масжиди имоми Фарқад айтади: “Суфён Саврий ўлим тўшагида ётганида унинг ёнига кирдик. Бир киши бир ҳадис айтди, ҳадис шайхга ёқиб қолди ва кўрпаси орасидан лавҳ чиқариб ҳадисни ёзиб олди. “Шу ҳолда ҳам шартмиди?” дейишди. Шайх: “Бу – гўзал ҳадис, тирик қолсам гўзал сўзни эшитган бўламан, ўлсам гўзал сўз ёзиб ўлган бўламан”, деб жавоб берди” (Абу Нуайм. “Хулятул авлиё”).

Имом Абу Юсуф Ёқуб ибн Иброҳим раҳимаҳуллоҳ-чи? У киши Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирди, ҳанафий мазҳабини тарқатган олим эди. Маҳдий, Ҳодий, Рашид номли уч халифага қозилик қилган, “Қозиюл қуззот” (қозилар қозиси) лақабини олган. Ҳижрий 182 йилда вафот этади. Иброҳим ибн Жарроҳ айтади: “Абу Юсуф касал пайти зиёратига кирдим, у беҳуш эди. Ўзига келиб менга: 

–  Масала ечамиз, – деди.

–  Шу аҳволда-я? – дедим.

–  Ҳечқиси йўқ, дарс қилаверайлик, балки, нажот топармиз, – деди у.

–  Эй, Иброҳим, ҳажда пиёда тош отган яхшими ёки уловдами? – деди сўнгра.

–  Уловда отган яхши, –дедим.

–  Хато айтдинг, – деди.

–  Пиёда отган яхши, – дедим.

–  Яна хато айтдинг, – дедилар.

–  Аллоҳ сиздан рози бўлсин, ўзингиз айтинг, – дедим.

–  Тўхтаб дуо қиладиган киши пиёда отгани яхши, тўхтамайдиган киши уловда отгани яхши, – дедилар. Мен у кишининг ҳузуридан чиқдим. Ҳовлидан чиқаётганимда йиғи овози эшитилди. У вафот этганди” (Ибн Муаззамшоҳ Кашмирий. “Арфуш шазий лил Кашмирий”).

Фақиҳ Абул Ҳасан Али ибн Ийсо раҳимаҳуллоҳ айтади: “Абу Райҳон Беруний ўлим тўшагида ётганида ҳузурига кирдим. У хириллаб ётарди, менга: “Она томондан бувилар меросда қанча олади?” деди. Мен унга раҳмим келиб: “Шу пайтда шартми?” дедим. “Дунёдан шу масалани билиб ўтганим билмай ўтганимдан яхшироқ эмасми?!” деди” (Софдий. “Ал-Вофий билвафиёт”).

Бу шундай уламоларки, эккан илм дарахти меваларидан ҳамон баҳраманд бўлмоқдамиз. Шубҳасиз, уларнинг савоби ва шон-шуҳрати қиёматга қадар давом этади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Карантин даврида Ўзбекистон мусулмонлари қандай ибодатларни амалга оширди?

457 17:59 26.05.2020

Янги ой ҳилоли масаласида холис бўлайлик...

2003 12:05 23.05.2020

Ҳайит намози ўқилмайди, аммо...

2229 05:51 22.05.2020

Толиби илм ва уламолар таъминоти умматнинг вожибидир!

928 22:50 20.05.2020

Уламони асраб қолган яҳудий...

1088 03:00 20.05.2020

Саййид Аҳмад Палонпурий вафот этдилар

1322 23:30 19.05.2020
« Орқага