Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди

10:18 15.05.2019 1752

2019 йил 14 майда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижросини мониторинг қилиш бўйича Ишчи гуруҳнинг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси А.Шахиднинг Ўзбекистонга ташрифи (2017 йилнинг 2-12 октябр кунлари) якунлари бўйича тавсияларини амалга ошириш, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг қўшма қарори билан 2018 йил 4 майда Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” ҳамда мазкур “Йўл харитаси” ижросини мониторинг қилиш бўйича Ишчи гуруҳ тасдиқланган.

Виждон ва дин эркинлиги фуқароларнинг энг муҳим конституциявий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси “Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқи”ни кафолатлайди.

Конфессиялар билан муносабатларда давлат диний ҳис-туйғуларни ҳурмат қилиш, диний эътиқодни фуқароларнинг шахсий иши сифатида эътироф этиш, диндан зарарли мақсадларда фойдаланишга йўл қўймаслик, фуқарорларнинг тенг ҳуқуқлилиги ва диний қарашлари ҳамда эътиқодсизлиги учун таъқиб қилишга йўл қўйилмаслиги принципларига амал қилади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг “Дин ёки эътиқодига кўра шахсларга нисбатан муросасизлик, салбий стереотипларни шакллантириш, камситиш, зўравонликка ундаш ва зўравонликка қарши кураш” тўғрисидаги 68/169-сонли Резолюциясини ҳам қўллаб-қувватлайди.

Юқорида қайд этилган халқаро ҳужжатларнинг қоидалари қонунчиликка ва давлат органларининг амалий фаолиятига имплементация қилинган.

Парламентнинг инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва ҳимоя қилишни таъминлашни мониторинг қилишни амалга оширишдаги роли тубдан ўзгарди. Инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ҳолати бўйича ҳисоботни, фуқароларнинг алоҳида тоифалари ҳуқуқларини амалга оширишни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий механизмлар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл хариталарини” парламент палаталари томонидан тасдиқлаш амалиётга татбиқ этилди.

Ишчи гуруҳ раиси – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидовнинг қайд этишича, Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шахиднинг тавсияларини бажаришга қаратилган 52 та тадбирни амалга оширишни назарда тутади. 2019 йилнинг январь ойида Ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилишида “Йўл харитасининг” 2018 йилга мўлжалланган биринчи йил натижалари сарҳисоб қилинди. 2019 йилга 11 та тадбирни амалга ошириш режалаштирилди.

Йиғилиш давомида парламент Қонунчилик палатаси депутати А.Юнусованинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, 2017 – 2018 йилларда Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилган тадбирлар тўғрисидаги ахбороти тингланди.

Дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачининг тавсияларини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Экстремизмга қарши кураш тўғрисида”ги қонуни (2018 йил 30 июль), Ҳукумат қарори билан 2018 йил 31 майда тасдиқланган Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисида Низом, 2018 йил 22 июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон халқаро Ислом академияси фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Жамиятнинг маънавий-ахлоқий янгиланишида диний таълим ва маърифат муҳим омил ҳисобланади. Шу билан бирга, кўп миллатлилик шароитидаги маънавий ва диний қайта тиклаш соҳасидаги энг муҳим муаммолардан бири диний таълим, дин вакилларини ўқитишни йўлга қўйишдан иборат. Шу муносабат билан 2018/2019 ўқув йилида Халқаро Ислом академиясида «Қуръоншунослик ва ҳадисшунослик», «Ислом тарихи ва манбашунослиги», «Ақида» ва бошқалар каби кафедралар очилди. Ушбу диний мутахассисликлар бўйича 100 нафар талаба қабул қилинди.

Жамиятнинг маънавий-ахлоқий тарбиясида дин таъсирининг етарлича ўрганилмагани, жамиятнинг ахлоқий ҳолатини яхшилаш, шунингдек, унда диннинг ижтимоий аҳамиятини аниқлаш мақсадида “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Ўзбекистон аҳолисининг диндорлиги” ва “Ўзбекистонда диний бағрикенглик” мавзусида ижтимоий тадқиқотлар олиб борилди.

Аҳолининг ва мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида “Дунёвий давлат: ҳозирги босқичда амалга ошириш тамойиллари ва механизмлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди, “Диний бағрикенглик: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси” мавзусида ўзбек-америка семинари ўтказилди, халқаро экспертларнинг иштирокида янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш бўйича давра суҳбати, “Болаларнинг ва ёшларнинг диний тарбиясида оиланинг роли” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди. Халқаро бағрикенглик кунини нишонлаш доирасида 2018 йил 16 ноябрда “Халқлар ва диний таълимотларнинг маънавий-ахлоқий яқинлаштирилиши” мавзусида диний ташкилотлар вакилларининг иштирокида давра суҳбати уюштирилди.

2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида “Маънавият ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилиниши 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси бўлди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат барча аъзо давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. 

Дин ишлари бўйича қўмитанинг раиси Ж.Акрамов “Йўл харитаси”нинг ижроси доирасида қўмита томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, Конфессиялар иши бўйича кенгашнинг низоми тасдиқланди. Мамлакат ҳудудларида, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида исломий бўлмаган диний ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!