Таҳлил

Олий Мажлис сенат​ори: «Рўмол ўрама, деган тушунча ҳеч қаерда, бирорта қонунда ёзилмаган...» (видео)

3464

Сўнгги пайтларда Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Шуҳрат Ғаниевнинг интернет оммавий ахборот воситалари, жумладан ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган овозли ёзуви, аёлларнинг рўмол ўраши билан боғлиқ чекловлари жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилинмоқда.

Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, Регламент ва одоб комиссияси раиси ўринбосари Гавҳар Алимова Qalampir.uz мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:

Албатта, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларни қабул қилдик. Бунда мамлакатимизда аёлларга нисбатан эътибор нақадар юксак эканини кўришимиз мумкин. Аёллар бизда қадимдан эъзозланган. Унга она сифатида, қиз, опа-сингил сифатида қаралган. Фарғона вилояти ҳокимининг бу қарашлари, бу муомаласи бизнинг маънавиятимизга мутлақо зид. Чунки, раҳбар авваламбор маънавиятли бўлиши керак.

Рўмолга келадиган бўлсак, мен ҳам уйда рўмол ўрайман. Бирор жойга борсам, рўмол ўрайман. Рўмол ўрама, деган тушунча ҳеч қаерда, бирорта қонунда ёзилмаган. Самарқанд вилояти аёлларининг етакчиси сифатида айтишим мумкинки, рўмол ўрама деган гапни кўтаришга ҳеч қачон ҳаққимиз йўқ. Қолаверса, инсоннинг ўз ҳақ-ҳуқуқлари бор.

Тўғри, кийиниш маданиятига, этика-эстетика, одоб-ахлоқ нормаларига амал қилишимиз керак, лекин бунда рўмол ўрама, деган тушунча мутлақо нотўғри. Мактабларда ҳам ҳозир рўмолни бемалол орқага ўраб юрган қизларимиз бор. Бу ўзининг хоҳиши. Лекин биз унга рўмолни еч деб ёки бошқа қўпол сўзлар билан муносабат билдиришимиз бу мутлақо маданиятсизлик деб биламан.

— Мактабларда ва олий ўқув юртларида қизларнинг рўмол ўраши билан боғлиқ норасмий чекловлар ҳақида ижтимоий тармоқларда ёзиладиган гапларга қандай қарайсиз?

— Таълим муассасаларининг ўз Низомлари бор. Низомда рўмол ўрама деган чеклов йўқ, аслида. Бу нотўғри тушунча. Ўтган йили айрим ҳолатлар бўлди, рўмолни ечиб олишгани ҳақида эшитганман. Лекин мен вилоятда бу ҳолатни кўрганим йўқ.

— Ёки Шуҳрат Ғаниев каби раҳбарларнинг ножўя хатти-ҳаракатлари...

— Буткул қоралайман бу ҳолатни.

— Бундай ҳодисалардан бошқа раҳбарларда ҳам худди шундай тушунча ҳосил бўлиши мумкин.

— Албатта, одамлар, айниқса ёшлар ўртасида салбий тушунчалар пайдо бўлиши мумкин. Дунёда жамиятга баҳо бериш, унинг ривожи аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади. Агар диний тарафдан қарайдиган бўлсак ҳам, Пайғамбаримиз умматларига шундай деб айтган: “Умматларим, мен сизлардан кўра ўз аҳли аёлимга яхшиман. Фақатгина ёмон инсонларгина ўз аҳли аёлига ёмон бўлади”. Бундан ташқари жуда кўп файласуф олимларимиз, мутафаккирларимиз аёлларни эъзозлашган. Бўлиб ўтган воқеаларни эса нафақат раҳбар аёл, сенатор, балки оддий аёл сифатида ҳам қоралайман.

— Касбингиз, бугунги фаолиятингиз нуқтаи назаридан жуда кўплаб раҳбарлар билан мулоқотда бўласиз. Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистонга раҳбарлик дипломатияси тўғрисидаги қонун ёки нутқ, муомала маданияти тўғрисидаги ҳужжат керак эмасми?

— Авваламбор, бу инсоннинг ўзига боғлиқ. Лекин кўп жойлардаги раҳбарларда дипломатия, муомала маданияти етишмайди. Ҳақиқатан ҳам бу масалани ўйлаб кўриш керак. Кадрлар тайёрлаш миллий дастуримиз бор. Лекин ана шу дастурда ҳам раҳбарлик дипломатияси кўрсатилмаган.

— Бугунги йиғилишда айтилганидек, аввал ҳам Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев билан боғлиқ бундай воқеалар Тошлоқ ва Риштон туманлари мисолида рўй берган эди. Ижтимоий тармоқда навбатдаги воқеадан кейин ҳоким лавозимидан озод этилиши тахмин қилинди. Лекин бундай бўлмади.

— Эътирозингиз тўғри. Шунча воқеалар бирор марта Сенатда муҳокама қилинмади. У воқеалар шунчаки ижтимоий тармоқларда айланди. Биз ҳам бунга айбдормиз. Нима учун ўша вақтдаёқ бу воқеаларнинг олдини олмадик, нима учун Регламент ва одоб комиссиясида шу масалани кўриб чиқмадик, деган савол мени бугун жуда қийнади ва уялтирди. Ҳақиқатан ҳам, биз бу масалани олдинроқ кўриб чиққанимизда, бугун шу даражага етиб келмаган бўларди. Ҳоким Шуҳрат Ғаниевга берилган бугунги огоҳлантириш – бу қатъий чора. Биз унга уч ой муддат бердик. Уч ой муддатда бошқа ҳолатлар ҳам кўриб чиқилади. Учдан ойдан кейин хулосаларга қараб, чора кўрилади.

— Ўзгариш бўлмаса, қандай чора кўрилади?

— Ўзгариш бўлади, деган умиддаман. Бўлмаса ишдан кетади. Уч ой ўйлаб кўришга етарли вақт. Яна бир бор такрорлайман, илгари шу масалани кўриб чиқмаганимиз, бизнинг ҳам айбимиз.

Манба: Qalampir.uz

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Президентнинг Парламентга мурожаати 24 январь куни деярли барча телеканалларда жонли эфирда кўрсатилади

521 18:40 22.01.2020

Президент Ўзбекистондаги энг оғир масала ҳақида айтиб ўтди

1032 16:00 21.01.2020

Қўшма мажлис ҳақида

228 14:35 21.01.2020

Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат истеъфога чиқди

4297 07:29 21.01.2020

Қонунчилик палатаси мажлисида Шавкат Мирзиёев нималар деди?

870 19:40 20.01.2020

Президентнинг парламентга мурожаати 24 январь куни бўлади

379 14:30 20.01.2020
« Орқага