Таҳлил

Олий таълимда коррупцияга барҳам бериш мумкинми? 

592

Аввалроқ ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худойбердиев Ўзбекистон олий таълим тизимида коррупцияга барҳам бериш бўйича таклифлар беришни сўраган эди. Яқинда эса бош прокурор коррупцияга қарши курашиш республика комиссияси йиғилишида олий таълим тизимидаги коррупция ҳолатларига тўхталиб ўтди.

Бош прокурор олий таълимда асосан:

•  талабалик сафига қабул қилиш;

•  ўқиш жараёнида топшириладиган турли синовлар;

•  талабаларнинг битирув малакавий иши ёки магистрлик диссертациясини тайёрлаш ва ҳимоя қилиш;

•  магистратурага қабул;

•  талабаларнинг ўқиш жойини кўчириш;

•  ўқиш йўналишини ўзгартириш;

•  ўқишга қайта тиклашда коррупция ҳолатлари кузатилаётганини айтиб ўтди.

Бош прокурор бу ерда «асосан» сўзини қўллаган ва фақат ички омилларни тилга олиб ўтган. Ваҳоланки, олий таълимдаги коррупциянинг асосини ташқи омиллар ташкил этмоқда. Бу ташқи омилларни бартараф этмасдан туриб ички омилларга қарши курашиш самарасиз бўлиши мумкин. Ёки аксинча, худди вируслар антивирусларга бардош бериш йўлларини ишлаб чиққани каби, ички коррупционерлар ҳам коррупцияга қарши курашиш тадбирларини айланиб ўтиш йўлларини ўйлаб топишлари ҳеч гап эмас.

Хўш, ташқи омиллар деганда нималарни назарда тутмоқдаман? Энг асосий омиллар олий таълимнинг хаддан зиёд сиёсийлашгани, марказлашгани, бошқа тизимларга қарамлиги ва улар назорати остида экани билан боғлиқ. Шунингдек, бошқа тизимларнинг коррупциялашгани ҳам узвий равишда олий таълимга салбий таъсир кўрсатиб туради. 

Ташқи ва ички омилларни ҳисобга олган ҳолда олий таълимда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича ўн таклифни илгари сурмоқчиман. 

Бир, таълимга сиёсат деб қарашни камайтириш, айрим ўринларда бутунлай бизнес воситаси (истеъмол катедрали) деб қарашни бошлаш. 

Майли, давлат ўз эҳтиёжлари даражасида ( у ҳам вақтинчалик ҳолат) сиёсатини юритсин, талабларини қўйсин. Лекин эҳтиёжларидан ташқарида таълимнинг бизнес сифатида ривожланишига турли тўсиқлар қўймаслиги керак. Бу хусусий университетлар очилиши, ОТМларнинг ўзини ўзи таъминлашга ўтиши, хизматлар ва товарларни сотиш орқали бўлиши мумкин.

Икки. ОТМлар ўртасидаги ҳақиқий рақобатга йўл қўйиб бериш. 

Бу ҳар бир университет истаган йўналишда факультет, институт, олий мактаб, коллеж ва мактаблар оча олишини англатади. «Бу огород сеники, мана бу ер эса сенга», деб йўналишларни, соҳаларни бўлиб бериш нотўғри. Журналистика университети, Юридик университет, Техника университети, Жаҳон тиллари университети... га ўхшаб.

Мисол учун, ҳозирда мен таҳсил олаётган Кастамону университетида 35 минг талаба ўқийди. Университет таркибида деярли барча соҳалар: тиббиёт ва ветеренария, иқтисодиёт, ҳуқуқ, банк-молия, педагогика, муҳандислик ва архитектура, қишлоқ хўжалиги, АКТ, тил ва адабиёт, коммуникациялар, халқаро алоқалар, туризм, жисмоний тарбия, санъат ва бошқалар бўйича мутахассислар тайёрланади. Бундан ташқари, университет таркибида фуқаро авиацияси олий мактаби, касб-ҳунар олий мактаблари, институтлар мавжуд.

Агар ҳар бир университет таркибида барча соҳалар, жумладан ҳуқуқ, тиббиёт, педагогика каби талабгир йўналишларда ўқиш имкони бўлса, ушбу йўналишдаги асосий ОТМларга бўлаётган ижтимоий босим ва ўз навбатида, коррупцион ҳаракатлар камаяди.

Уч. Талаба (ва унинг вакиллари) билан университет раҳбарияти, техник ходимлар, ўқитувчи-профессорлар ўртасидаги тўғридан-тўғри, бевосита мулоқотни максимал даражада қисқартириш, баъзи хизматларни кўрсатишни бутунлай онлайн шаклга ўтказиш.

Мамлакатдаги барча давлат ОТМларини ўз ичига қамраб олган ягона электрон тизим, талабаларнинг электрон базаси ишлаб чиқилиши лозим. Масалан, биз университетга фақат дарс ва имтиҳон учун борамиз. Ҳатто кутубхонада ҳам китобларни қидиришдан тортиб уни олиб кетиш учун расмийлаштириш жараёнлари ҳам электронлаштирилган. Махсус ускунага китоб ва талаба ID-карточкаси қўйилади ва керакли тугмачалар босилади – тамом. Ўғирликка қарши тизим мавжуд бўлиб, агарда рўйхатдан ўтказмасдан олиб чиқилса, сигнализация ишлаб кетади.

Бундан ташқари, контракт тўловларини банкоматлар орқали амалга ошириш мумкин. Пулни тўлагандан кейин бирор ерга бориб уни қайд қилдиришга ҳожат йўқ. Имтиҳон натижалари ҳам талаба электрон кабинетидан ўрин олади ваҳоказо.   

Тўрт. Барча давлат ташкилотлари, вазирлик ва идораларда ягона, танлов асосида ва саралаш йўли билан ишга қабул қилиш тизимини жорий этиш. 
Битирувчилар ўз соҳаси бўйича имтиҳон топшириши ва олган баҳолари, портфолиоси (талабалик вақтида эришган илмий ва амалий ютуқлари, баҳолари, ижтимоий фаоллиги (волонтёрлик ваҳоказо) ва бошқа мезонларга кўра) асосида Ўзбекистоннинг исталган нуқтасига ишга юборилиши керак. Айни пайтда бу тизим Туркия ва кўплаб давлатларда самарали ишлаб келмоқда.

Хорижий тажриба ўрганилса, тизимни қандай йўлга қўйиш бўйича ортиқча саволларга ўрин қолмайди. Мазкур тизим, ўз-ўзидан, одамлар (талабалар) онгида баҳо ёки диплом учун эмас, балки билим олиш учун ўқиш эҳтиёжини пайдо қилади.

Беш. ОТМларда ўқитувчи-профессорлар фаолиятига талабалар томонидан, иш берувчилар томонидан эса ОТМ фаолиятига баҳо бериш тизимини жорий этиш. 

Ҳозирги ОТМлар фаолиятига баҳо бериш тизимлари ҳолатни тўлақонли юзага чиқариб бера олмайди. Чунки улар асосан ОТМ ёки ўқитувчи-профессорлар фаолиятига баҳо беришга қаратилган, улар фаолияти натижаларига эмас. Шунингдек, ОТМлар тор ихтисослашувга эгалиги учун фаолият натижаларига қўйилган баҳолар ҳеч қандай амалий аҳамиятга эга эмас. Бори – шу қабилида иш кўришга ва аксарият ҳолларда ОТМни тамомлаб келган талаба иш берувчи томонидан бутунлай қайта ўқитилиши керак бўлади.

Олти. Магистратура ва докторантура қабулини кескин ошириш.

Ўзбекистонда энг катта муаммо – кадрлар масаласи. Кадрларни етиштириш учун эса база (моддий-техник, ўқув-методик ва яна кадрлар) етарли эмас. Магистр ва докторантларнинг кўпайиши ўқув-методик ва кадрлар базасини қисман бўлсада қондиради. Қолаверса, улар томонидан амалга оширилган илмий фаолият турли соҳалардаги муаммоларни ҳал қилишда кучли назарий асосларни яратиши мумкин.

Етти. Албатта, пул – ойлик маошлар. 

Бу барча соҳаларга оид муаммо. Агарда давлат ишида ойлик маошлар эквиваленти дунё миқёсидаги ўртача даражага етса ва ҳеч бўлмаса ўрта синфнинг шаклланишига хизмат қилса, жуда кўплаб ижтимоий ва иқтисодий муаммолар қаторида коррупция ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлишни бошлайди. Буни шундай тушунтириш мумкин: агар ўқитувчининг маоши ўртача даражада яшашга етса, яъни уй-жой, улов, майда-чуйда ҳаётий эҳтиёжларга етса (ортиши, нафсга қурбош бўлиш кабилар - бошқа масалалар), пора олиб ўзини хатарга ташламайди.

Саккиз. Талабалар ва ўқитувчиларнинг мустақил ёки гуруҳ бўлиб изланишига шароит яратиш.

Ҳозирги таълим тизими ҳам талабани, ҳам ўқитувчини зўриқтириш, жисмоний ва руҳий имкониятларидан ортиқ даражадаги топшириқларга кўмиб ташлашга қаратилган. Бажариш имконсиз бўлган топшириқлар, китобдаги барча рақам ва маълумотларни ёд олдиришга эришиб бўлмайди. Аниқроғи, бу талабларни ярим ёки бир фоиз талабаларгина бажариши мумкин. Қолганлар эса ё кўзбўямачиликка қўл уради, ё домла билан «келишиш»га ҳаракат қилади ёки номига иш тутади ёхуд ўқишни ташлаб кетади.

Шу боис мустақил ёки гуруҳ бўлиб соҳадаги муайян муаммо ечими ёки янги ғояларни амалга ошириш устида ишлаш, китоблар ва дарсликлар, мақола ва битирув малакавий ишлар таҳлилини олиб бориши, илмий тадқиқотларга жалб қилиниши, амалиёт жойида кўпроқ ишлашига эришиш керак. 

Тўққиз. Олий таълим марказларини ташкил этиш. 

Ўзбекистонда фақат битта олий таълим маркази мавжуд. У ҳам бўлса – Тошкент. Дунёнинг бошқа ривожланган давлатларида эса пойтахтдан ташқари бошқа шаҳарлар ҳам олий таълим марказлари ҳисобланади. Масалан, Ҳарвард, MIT, Оксфорд, Кембриж... Буларнинг ҳеч бири на пойтахтда ва на йирик мегаполисда жойлашган.

Шу билан бирга, ривожланган давлатларда университетларнинг ўзи йирик бир шаҳарга ўхшайди. 50-100 минг «аҳоли» яшайдиган бу «шаҳарлар» ичида талабалар эҳтиёжлари учун зарур бўлган барча инфратузилмалар – супермаркетлардан тортиб, автосалонларгача мавжуд. 

Бизда ҳам, масалан, Фориш туманида ана шундай олий таълим «мегаполиси»ни ташкил этиш учун имкониятлар йўқ эмас.

Ўн. Энг асосийси – қонун устуворлиги ва адолат.

Қонунлар барча учун тенг ва муқаррар бўлса, коррупция ҳам ўз-ўзидан барҳам топиб бораверади. Кимдир пора олгани ёки бергани учун жазоланиб, шарманда қилинсаю кимдир қутилиб қолаверса, бундай муҳитда коррупция йўқолмайди! 

Санжар Саид, 
журналист ва блогер, 
Туркиянинг Кастамону университети магистранти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Хусусий мактабларда ҳам рўмол тақиқланадими?

1678 19:40 24.02.2020

23 fevral kuni "Family by Chopar"ning ikkinchi filiali ochildi.

243 18:30 24.02.2020

Ўзбекистонда электр транспорт воситалари ривожланади

203 17:40 24.02.2020

Намунавий уйлар энди қурилмайди!

996 17:00 24.02.2020

Бош прокурор кўпларнинг «пўстагини қоқди!» Лекин...

803 16:40 24.02.2020

Содиқ Сафоевдан аёл элчилар ҳақида сўрашди

428 15:00 24.02.2020
« Орқага