Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Олий ўқув юртларида рўмолга «уруш» эълон қилиндими?

4764

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Жиззах, Қўқон ва Навоий давлат педагогика институтларида талаба қизларнинг рўмол ўраши билан боғлиқ бир қатор тақиқлар борасида хабарлар тарқалди. Бу масала Azon.uz таҳририяти томонидан ўрганиб чиқилди. 

Ижтимоий тармоқларда Жиззах давлат педагогика институтининг айрим масъуллари ўзбек тили ва адабиёти факультетининг қизларига мажлис ўтказгани ва унда рўмол ўраган қизларнинг институтга рўмол ўрамасдан келишини, ижарада турадиган уйларида ҳамда ётоқхоналарида намоз ўқимаслигини талаб қилгани акс этган аудиоёзув тарқалди.

Бу масала юзасидан институтнинг матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда шундай муносабат билдирган: 

“Ҳар бир таълим муассасаси ўзининг юқори турувчи органи орқали (олий ўқув юртларида – Институт Кенгаши) кийиниш тартиби ва тамойилларини ўзи мустақил белгилайди. Шу боис Жиззах давлат педагогика институтида 2021 йил 1 декабрдаги Институт Кенгашининг қарори билан «Одоб-ахлоқ кодекси» тасдиқланган. Мазкур «Одоб-ахлоқ кодекси»нинг 11-моддаси 2-бандида қўйидаги жумла киритилган: «Институт ходими, талабаси ва докторанти бўлган хотин-қизлар диққатни тортадиган, хусусан, танани шаффоф кўрсатиб турадиган, елка, кўкрак ва қорин, тиззадан юқори қисмлари очиқ қоладиган ҳамда ҳаддан зиёд тор кийимда, шунингдек, қулоқчинлар, қулоқ ва бармоқлардан ташқари тананинг турли қисмларига турли зирак ёки металл буюмлар билан, танасининг кўриниб турадиган қисмида пирсинг ёки татуировкада олий таълим муассасасига келишлари мумкин эмас. Шунингдек, талабаларнинг университетга келиши рухсат этилган формасига турли дин ва конфессиялар ҳамда субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (кипа, ҳижоб, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмайди. Мазкур кодекснинг тегишли банди билан нафақат ҳижоб, балки кипа, кашая ва хоч тақиб келиш каби ҳолатлари ҳам рад қилинган. Сабаби, олий таълим муассасаси диний муассаса (ибодатхона, масжид ёки диний либос кийишга рухсат этилган диний таълим муассасаси) эмас. 2021 йил 16 декабрь куни ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган аудио ёзувда масъуллар (С.Соипов, З.Абдувалиева, Л.Ибрагимовалар) томонидан талаба-қизга одоб-ахлоқ кодексининг тегишли банди бўйича тушунтириш ишлари амалга оширилаётгани қайд этилган. Ўша куни профессор-ўқитувчилар нафақат диний маросим кийими (ҳижоб), балки бошқа йўсинда кийим, заргарлик буюмлари (тақинчоқ ва безаклар) келган талабларга ҳам танқидий муносабатларини билдиришган. Аудиоёзувга мурожаатчи бир томонлама ёндашган, мазкур ҳолатда умумий кийиниш маданияти хусусидаги фикрлар инобатга олинмаган. Вазиятга баҳо беришда холис ёндашув бўлса мақсадга мувофиқ бўларди». 

Ушбу вазият бўйича Жиззах давлат педагогика институтининг ёшлар билан  ишлаш бўйича проректори Назарқосимов Сарвар Инатиллаевич билан боғландик.

«Бу борада биз ҳали суриштирув ишларини олиб бормоқдамиз, аниқ бир хулоса чиқаришга ҳали эрта. Лекин айтиш лозимки, бизнинг олийгоҳда бундан икки ёки уч йил олдин рўмол ўраб келадиган қизларга ҳақиқатан ҳам, қаршилик бор эди. Аммо бугунги кунда бунга ҳеч бир эътироз йўқ. Қолаверса, ҳозирги кунда ҳам юздан зиёд қизларимиз рўмол ўраб ўқишга келишади ва бемалол дарсларда қатнашишади. Энди бизда асосий талаб, талабанинг ўқув даргоҳида намоз ўқишига рухсат йўқ. Бироқ талаба ижарада турган уйида бемалол намоз ўқиши мумкин, бунга ҳеч кимнинг қаршилик қилишга ҳаққи йўқ», – деди Сарвар Назарқосимов.

Демак, Жиззах давлат педагогика институти раҳбарияти томонидан талаба қизларнинг ўқишга рўмол ўраб бориши, дарсларда қатнашишига қаршилик йўқ.

Бу муаммо нафақат бу олийгоҳда, балки бошқа институтларда ҳам кузатилмоқда. Бундай вазиятнинг олдини олиш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қандай чораларни кўрмоқда? Бунга аниқлик киритиш учун вазирлик матбуот хизмати билан боғланиб кўрдик. Ўзининг тезкорлиги билан бошқа ташкилотларга намуна бўлиши керак бўлган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида матбуот котиби лавозимига янги ходим тайинланган, аммо вазирлик сайтида матбуот котиби лавозимидан озод этилган ходимнинг исм-шарифи турибди. Биз вазирликнинг бир нечта рақамларига қўнғироқ қилиб, янги матбуот котибини топдик. Аммо у ҳам бизнинг саволимизга расмий жавоб бера олмаслигини, матбуот хизматининг бошқа ходимига қўнғироқ қилишимизни айтди. Биз боғланган матбуот хизмати ходими Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан бу борада ҳеч бир топшириқ бўлмаслигини, ҳар бир олийгоҳ ўз ички низоми орқали кийиниш маданиятини йўлга қўйиши ҳамда  Жиззах давлат педадогика институти масаласида раҳбарият билан гаплашиб, алоҳида маълумот беришини таъкидлади.

Энди Қўқон давлат педагогика институти табиий фанлар факультетида дарс машғулотлари пайтида рўмолли талаба-қизларнинг масъуллар томонидан олиб чиқиб кетилаётгани акс этган видео юзасидан олиб борилган ўрганишлар ҳақида маълумот берсак. Бу борада Қўқон давлат педагогика институти матбуот котиби шундай баёнот берди: 

«Юқоридаги ҳолат ўрганиб чиқилганда, тегишли масъуллар талабалар давоматини камера орқали аниқлашда уларни таниб олишда қийинчиликка учрагани учун ўқув жараёни бўлаётган хонага кириб, талабаларни ташқарига олиб чиқиб, миллий қадриятларимизни инобатга олган ҳолда қизларимиз оқ ва очиқ рангларда миллий рўмол (бошнинг орқа томонига ўралган ҳолатда) ўраши юзасидан суҳбат ва тавсиявий характердаги кўрсатмалар берганини маълум қилишди. Шуни маълум қиламизки, Қўқон давлат педагогика институтининг одоб-ахлоқ қоидалари 11-бандида институт ходим, талаба ва докторантлари ўз ўқиш ва касбига мос бўлган замонавий кийимда бўлишлари, бевосита ёки кузатув камералари орқали ходим, талаба ва докторантларни таниб олиш, жумладан, юз идентификациясига халақит бермайдиган тарзда кийинишлари лозимлиги кўрсатиб ўтилган. 

Қўқон давлат педагогика институти талабаларнинг ва ходимларнинг диний эътиқодларини ҳурмат қилади ва қадрлайди, унга нисбатан чекловларга йўл қўймайди». 

«Тошкент ёшлар форуми — 2021» доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ҳам иштирок этиб, ёшлар билан жонли мулоқот қилди. Бу мулоқотда Шарқшунослик институти талабаси томонидан берилган «Қачон олий таълим тизимида кийиниш маданияти эркинлиги таъминланади? Қачонгача қизларимизнинг рўмол ўрашига қаршилик қилинади? Бу борада очиқ-ойдин баёнот берсангиз. Бу мавзуга бошқа қайтмасак» деган саволга Абдуқодир Тошқулов шундай жавоб берди:  «Олий таълим муассасаларида форма масаласида вазирлик нуқтаи назарини айтаман. Мен ўзим ректор бўлиб ишлаган вақтимда биринчилардан бўлиб кийиниш бўйича эркинлик бўлиши кераклигини йўлга қўйганман. Биз йил охиригача талабаларнинг эркин кийинишини йўлга қўямиз. Биз қизларимизга тақиқ қўйишдан олдин уларга таклиф беришимиз керак. Олийгоҳда нафақат рўмол ўрамаган қизларга, балки рўмол ўраганларга ҳам олийгоҳда кийиниш таклифини беришимиз керак. Шу кунларда баъзи бир олий таълим муассасаларида бўлган ҳолат менга ҳам маъқул эмас. Шунинг учун ҳам тақиқлаш деган нарса бўлмаслиги керак. Фақат институтнинг фаолиятидан келиб чиққан ҳолда таклиф бериш керак. Буни сиз шу йил охиригача бизни чиқишларимиздан билиб оласиз».

Қизиқ, «Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан олийгоҳларда қизларнинг рўмол ўраб юриши тақиқланганми?» деган саволга аниқ жавоб йўқ. Агар тақиқланмаган бўлса, нега олийгоҳлар ўз ички низомида рўмолга рухсат беришмайди? Ўзи республикамиздаги барча олий таълим муассасаларига намунавий ички низом қайси ташкилот томонидан берилди? Шу каби бир қатор саволларимиз очиқ қолмоқда.

Бу масала борасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Эшматова Феруза Фарҳодовна ҳамда Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Кадирханова Малика Акбаровнанинг фикрини олмоқчи бўлдик, афсуски, уларга боғлана олмадик.

Нурбек Ғофуров,

Azon.uz мухбири.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Туркия географик ва стратегик жиҳатдан муҳим давлат” – НАТО Бош котиби

207 23:45 25.05.2022

Мевлут Чавушўғли ва Маҳмуд Аббос Фаластин масаласини муҳокама қилди

142 23:25 25.05.2022

Саудия Арабистони: “Исроил Фаластин муаммосини ҳал қилиши керак!”

264 22:50 25.05.2022

АҚШ ва Хитой тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка киришмаслиги керак – Генри Киссинжер

225 22:30 25.05.2022

Катта фиқҳ энциклопедияси: АЖРУН – Ажр

109 21:50 25.05.2022

«Казбек. Осиё арслони»: қалтис ҳаракат

361 21:10 25.05.2022
« Орқага