Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Олийҳиммат иқтидорли ёшлар

707

Бу умматнинг айрим иқтидорли ёшларини Аллоҳ таоло туғма қобилият, истеъдод билан хослаб қўйган. Улар баъзи ишларни бажаришда маҳорат кўрсатадиган шунчаки моҳир инсонлар эмас, балки тенгдошлари орасида ажралиб турадиган шахсий, ижтимоий ва баданий хусусиятлари бор.

Танаси соғломлиги, зеҳни ўткирлиги, илм ўрганишдаги тезлиги, китоб мутолаа қилишни яхши кўриши, мустақил фикр юритиши, сабрлилиги ва яхши муҳитда ўсганлиги уларни бошқалардан ажратиб туради.

Инсон олим бўлиб туғилмайди, уни бир жамоа, муҳит тарбиялайди ва илм шоҳсупаларига кўтарилишига сабаб бўлади.

Истеъдодли ёшларининг тарбиясига қаттиқ аҳамият берган миллат нурли келажагини қура олади. Чунки ўша ёшлар миллати ишини давом эттиради. Бунга бепарво бўлганларнинг истиқболи хавф остида қолади.

Истеъдод Аллоҳ томонидан берилган неъмат, лекин унинг шаклланишида муҳит муҳим ўрин тутади. Айниқса, оила, қолаверса, ота-она ёки уларнинг вазифасини бажарувчи масъул кишиларнинг болаларда истеъдодлар намоён бўлишига таъсири катта.

Халифа Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу арабларнинг энг қобилиятли ва ақлли кишиларидан бўлган. Унга бундай хислатларни онаси Ҳинд бинти Утбадан ўрганган. Муовия гўдаклик чоғида бир киши онасига: “Бу бола улғайиб, қавмининг етакчиларидан бўлади”, деди. Шунда Ҳинд айтдики: “Агар фақат ўзининг қавмигагина етакчи бўлса, рози эмасман (дунёга етакчи бўлиши керак)”.

Ҳинднинг ўғли Язид вафот этганида таъзияга келган айримлар: “Муовия унинг ўрнини босишини умид қиламиз”, дейишди. Шунда Ҳинд: “Муовия бировларнинг ўрнини босиб юрадими? Аллоҳга қасамки, араблар ҳаммаси йиғилиб, ташланса ҳам, у соғ-омон чиқадиган бўлади”, деди.

Муовия розияллоҳу анҳу ақл ва қудрат борасида тортишган рақибларига: “Мен Ҳинднинг ўғлиман!” дер эди.

Имом Авзоъий ҳам отасидан етим қолган. Онаси уни шаҳарма-шаҳар олиб юриб, замонасининг улуғ олимлари қўлида ўқишини таъминлаган. Бундай ишларни ҳатто подшолар ҳам эплай олмайди. Аммо имомнинг онаси фарзандининг келажаги учун ҳамма нарсага тайёр турди. Натижада эса, Имом Авзоъий ўн уч ёшида одамлар фиқҳий масалаларда фатво сўрайдиган зот бўлиб етишди.

Муҳаддис имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий.

Ёшлигидаёқ отаси вафот этди, кичкина Муҳаммад онасининг қўлида қолди. Онаси солиҳа, ибодатгўй аёл эди.

Ўғлининг тарбиясига қаттиқ аҳамият берди.

Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир куни Имом Шаъбийнинг олдидан ўтиб қолдим. У киши ўтирган эди, мени чақирди ва: “Кимлар билан биргасан?” деб сўради. “Мен фалончи билан бирга иш қиламан”, деб жавоб бердим.

– Бозордаги ишингни эмас, уламолардан ким билан биргалигингни айтмоқчи эдим.

– Уларга кўп аралашмайман.

– Ундай қилма, сен илм ўрганишинг, уламолар билан ҳамсуҳбат бўлишинг керак. Зеҳнинг ва ҳаракатинг яхши.

Бу гапи қалбимга таъсир қилди. Шундан сўнг бозорга боришни тўхтатиб, илм ўрганишга киришдим. Аллоҳ таоло Шаъбийнинг сўзи билан менга кўп манфаат берди».

Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен наҳв ва адаб илмини ўрганиш учун чиқдим. Муслим ибн Холид Занжийни учратдим. “Қаердансан?” деб сўради. “Маккаликман” дедим.

– Макканинг қаеридансан? – сўради яна.

– Хайф маҳалласидан, – жавоб бердим мен.

– Қайси қабиладансан?

– Абдуманофдан.

– Бай-бай! Аллоҳ таоло сени икки дунёда ҳам шарафли қилади. Бу зеҳнингни фиқҳга ишлатсанг, яна ҳам яхшироқ бўларди!»

Шундан сўнг Шофиий илм олиш учун Маккадан Мадинага, Имом Молик ибн Анаснинг ҳузурига йўл олди.

У ерга бориб, “Муватто”ни ёддан ўқиб берди. Имом Молик ҳайратга тушди ва уни шогирдликка қабул қилди. Сўнгра насиҳат қилиб: “Аллоҳ таоло қалбингга нур солибди, уни маъсият (гуноҳ ишлар) билан кетказиб қўймагин!” деди. Бу вақтда Шофиий ўн уч ёшда эди.

Унинг шайхи, Макканинг имоми ва муфтийси Муслим ибн Холид Занжий фатво билан шуғулланишни буюрди ва: “Эй Абу Абдуллоҳ, фатво берадиган вақтингиз келди”, деди. Имом Шофиий ўн бешга кирган эди.

Ўша вақтда олимлар кўп бўлишига қарамай, одамлар ёш Шофиийдан илм ўрганишарди. Бу эса у кишининг мартабаси улуғлигига далолат қилади.Ёшларда ҳимматни уйғотишда ажойиб намуналардан яна бири Шайх Оқшамсиддиндир. У Усмоний халифалардан бири Муҳаммад Фотиҳнинг тарбиясига масъул эди. Муҳаммаднинг қўлидан етаклаб соҳил бўйига борар ва узоқдан, баланд деворлар ортидан кўриниб турган Қустантинияни кўрсатиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларидан бир киши чиқиб, аскарлари билан бу шаҳарни фатҳ қилишини ва Ислом умматига қўшиб олишини айтганлар. “Қустантиния фатҳ қилинади. Уни фатҳ қилган амир қандай ҳам яхши!

Унинг аскарлари қандай ҳам яхши аскарлар!” деганлари ривоят қилинган», дер эди. Бу сўзларни кўп такрорлаганидан, ёш шаҳзода кўнглида ҳиммат уйғонди. Башорат қилинган амир ўзи бўлишига ҳаракат қила бошлади.

Шундай бўлди ҳам. Отаси Султон Маҳмуд иккинчи уни кўникма ҳосил қилиш учун баъзи жангларга олиб борарди. Муҳаммад Фотиҳ отасининг ишини давом эттиришни ҳам назарий, ҳам амалий яхши ўзлаштирди.

Султон бўлганидан сўнг ёшликдаги орзусини амалга оширишга киришди. Қустантиния императорига таслим бўлиб, шаҳарни топширишни таклиф қилди.

Император рози бўлмагач, Муҳаммад Фотиҳ: “Қустантинияга ё тахтимни ўрнатаман ё бу йўлда вафот этиб, хокимни шу ёқда қолдираман”, деди.

Шундай қилиб, Қустантиния сари юриб, уни эллик бир кун қамал қилди. Бу орада қақшатқич жанглар бўлиб ўтди. Охир-оқибат саккиз асрдан буён эришилмаган ғалабага ёш султоннинг қўли билан эришилди.

Ўшанда Муҳаммад Фотиҳнинг ёши йигирма учда эди.

(давоми бор)

Асадулло Холмуродовнинг "Мўминнинг қуввати" китобидан олинди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмитаниниг 4418-сонли хулосаси асосида тайёрланди.

ЭСЛАТМА: Сиз бу ва яна турли қизиқарли китобларни Азон китоблари нашриётининг телеграм каналидан топишингиз ва харид қилишингиз мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Украинанинг Испаниядаги элчихонасидаги портлашдан кейин посилкалардан яна бир нечта бомба топилди

251 21:04 01.12.2022

Нима учун муслима аёлларга ғайридин эркакка турмушга чиқиш тақиқланган?

727 20:00 01.12.2022

Павел Фелгенгауер: «Қозоқлар ва қирғизлар ҳеч қачон Ереван тарафида туриб Бокуга қарши жанг қилмайди»

640 19:00 01.12.2022

«Арманистон Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми деб тан олди» — Россия ТИВ вазири Лавров

542 18:10 01.12.2022

Россиянинг Украинадаги жиноятлари текшириш бўйича трибунал иш бошлайди 

255 17:28 01.12.2022

Пентагон Қатарга дронларга қарши илғор мудофа тизимини сотади

226 16:30 01.12.2022
« Орқага