Оловга айланган кўчалар. Кимдир ўлишини кутишимиз шартми?

12:00 18.05.2019 4582

Бугунги куннинг трендга айланган мавзуси, шубҳасиз – кундузи чироғини ёндираман, деб машинаси ёнаётганлар бўлмоқда. Кечанинг ўзида олов ичида қолган машиналар ҳақида шунчалар кўп хабар чиқдики, одам қўрқиб кетади. Ҳали бу аниқланганлари, биз билмаганларимиз яна қанча экан.

Худога беҳисоб шукрки, ҳозирча соғлиғига жиддий шикаст етган ёки ҳалок бўлганлар йўқ. Лекин кимдир ўлишини кутишимиз шартми? Албатта ким(лар)дир ўлиб кетмагунгача бўлаётган воқеаларни фожиа деб ҳисобламай, кўз юмиб турамизми ҳар доимгидек?

Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгариш киритиш тўғрисидаги қарор чиққан куннинг ўзидаёқ бунга қаршилигим ҳақида ёзган эдим. Аниқроғи янги қоидаларни қўллаб-қувватлашим, лекин ўзгаришларни бунақа «шок терапеяси» орқали тезда амалга киритиб бўлмаслиги, бу турли ҳалокатларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида дод-вой қилгандим.

Ўшанда айримлар, пашшадан фил ясаётганлигимни, «фақат ёмонликни кўрувчи Тутти» эканлигимни айтишганди. Лекин вақт - олий ҳакам, ҳаммасини ўзи кўрсатмоқда.

Бу худди газеталарнинг ўзи яхши, лекин уларни мажбурлаб сотиш ёмон, деган принципга ўхшайди. Йўл ҳаракати қоидаларидаги янгиликлар яхши, мақсади эзгу, аммо уни амалиётга татбиқ этиш жараёни – мутлақо хато бўлди.

Аслида буларнинг барчасига босқичма-босқич ўтиш керак эди.

Яъни кундузи чироқ ёқиб юриш мажбуриятини камида 2021 йил 1 январь санасидан белгилаш, унгача кенг миқёсдаги тарғибот ишларини олиб бориш, жорий йилдан бошлаб техник кўрикдан ўтаётган барча эски машиналарда ДХО бўлишини талаб қилиш, махсус кундузги чироқларни ўрнатишнинг давлат стандартини ишлаб чиқиш, керак бўлса электр усталарни ўқитиш, ёнғин келтириб чиқармайдиган жиҳозларни ўрнатишни назорат қилиш ва ҳ.к. ишларни қилиш лозим эди.

Хўш, амалда қандай бўлди?

«Тап» этиб, осмондан тушгандай қарорни чиқаришди, амалиётга жорий этиш учун ҳатто 1 кун ҳам вақт беришмади.

Кейин оғзаки буйруқ билан, 1 ойга чўзишди.

Лекин шу 1 ой ичида ҳам тайинли тарғибот қилишмади. Масалан, оддийгина ДХО билан туманда ёқиладиган фара бошқа-бошқа нарсалар эканлигини тушунтирадиган бирорта ролик, маълумот, инфографика тайёрланмади.

Бозорда ДХО чироқларининг нархи кескин ошиб кетди, электр усталарининг ошиғи олчи бўлиб, уларга турнақатор навбатлар пайдо бўлди. Ҳозир электрикларнинг обрўси Ҳожибой раҳматли айтган тракторчиларникидан ҳам баландроқ, мен Сизга айтсам.

Ва энг ёмони усталарнинг қўлида ҳеч қандай йўриқнома йўқ. Қандай чироқлар мумкин, қандайлари мумкин эмас, қандай симларни ўрнатса бўлади, қандайлирини йўқ, ҳеч нарса аниқ эмас.

Кўчаларда эса тинимсиз ёнғинлар юзага келмоқда, чироғи куйган, машинаси ёнган, аккумулятори ўтириб қолганларнинг ноласи кўкни тутмоқда.

ИИББ эса расмий сайтида бунақа ёнғинларга сабаб сифатида ҳайдовчиларнинг ўзини айблабди. «Автомобиллар ёниб кетиши ва ҳаттоки портлашлари ҳам мумкин, бунга сабаб ўзбошимчалик билан автомобиль тузилишига аралашиш, техник ҳолатга лоқайдлик билан муносабатда бўлиш» дейишибди.

Барака топгурлар, ўша ҳайдовчилар нима учун ўзбошимчалик билан машинага чироқ қўйидиришяпти, ахир уларни ўзингиз бунга мажбур қилмадингизми? Барча айбни халққа ағдаришдан осони йўқ, лекин бу ишларни келтириб чиқараётган асосий муаммонинг илдизидан кўз юмиш инсофданми?

ИИВга ёқадими ёки йўқми, улар хатосини тан олиши керак. Нафақат тан олиш, балки уни зудликда бартараф этиш чораларини ҳам кўриши шарт ва зарур. Қарор ижросини узоқ вақтга (1-2 йил) ортга суриш ва шу давр ичида халқнинг ХАВФСИЗлигини таъминлашга оид ишларни бажариш лозим.

Нимани кутяпсиз? Албатта кимларнингдир ўлишиними?

Хушнудбек Худойбердиев

Манба

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!