Олтинчи омил: илмни мерос қилиб қолдириш

18:35 31.08.2019 233

Илм тарқатиш уламоларнинг буюк вазифасидир. Жоҳил шу йўл билан таълим олади, адашган йўлини топади. Аллоҳ Таоло айтади: “Эсланг (эй, Муҳаммад) Аллоҳ аҳли китоблардан, уни (Китобни) одамларга, албатта, аниқ баён қиласизлар, уни (ҳеч кимдан) сир тутмайсизлар, деб аҳд олган эди” (Оли Имрон сураси, 187-оят).

Олимнинг илмидан халқ манфаат топмоғи керак. Шунинг учун олим илмни кенг тарқатиши, инсонларга мерос қилиб қолдириши лозим. Шундагина ҳаммага фойда, умматга қувват бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай деган эди: “Одамлар Абу Ҳурайра кўп ҳадис айтади, дейди, агар Аллоҳнинг Китобида ушбу икки оят бўлмаганда ҳадис айтмас эдим, яъни: “Биз нозил қилган оятлар ва ҳидоятдан иборат нарсаларни (Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбар эканини) одамларга Китоб (Таврот)да аниқ қилиб берганимиздан кейин (уни) сир тутганларни, шубҳасиз, Аллоҳ лаънатлагай ва уларни лаънатловчилар (фаришталар ва мўминлар) ҳам лаънатлагайлар. Илло, қайсилари тавба қилиб, хатоларини тузатиб, (ҳақиқатни) баён қилсалар, уларнинг тавбаларини қабул этурман. Мен тавбаларни қабул этувчи, раҳмли зотдирман” (Бақара сураси, 159-160 оятлар).

“Муҳожир биродарларим бозорда тижорат билан машғул эди, ансорий биродарим ҳам тирикчилик билан банд бўларди, Абу Ҳурайра эса бир бурда нонга қаноат қилиб Расулуллоҳ билан бирга юрар, биров ёдламаган нарсани ёдлаб оларди” (Бухорий ривояти).

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Менинг ҳадисимни эшитиб, ёдлаб, ўзгаларга етказган кишини Аллоҳ ёрлақасин, қанча-қанча илм эгалари бор, ўзидан илмлироққа етказиб беради, қанча-қанча фиқҳни кўтариб юрганлар бор, лекин ўзлари фақиҳ эмас” (Абу Довуд, Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқаларга илм ўргатган кишининг фазилатини тушунтирадилар: “Аллоҳ мен билан юборган илм ва ҳидоят мисоли кўп ёққан ёмғир кабидир. Ернинг баъзиси тоза бўлиб, ёмғирни қабул қилади ва экин ўстиради. Баъзи ерлар қаттиқ бўлиб, сувни ўзида ушлаб туради, натижада у сувдан одамлар фойдаланади. Яна шундай текис ер борки, сувни ушлаб ҳам қолмайди, ўсимлик ҳам ўстирмайди. Шунингдек, Аллоҳнинг динини ўрганган фақиҳ бор, мен олиб келган нарса унга фойда беради, ўзи ўрганиб, одамларга ҳам ўргатади. Мен олиб келган нарсага қайрилиб ҳам қарамайдиганлар бор, улар Аллоҳнинг ҳидоятини қабул қилмайди” (Бухорий, Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув ҳажида айтганлар: “Шу ерда ҳозир бўлиб турганлар ҳозир бўлмаганларга етказсин, эҳтимол ҳозир бўлган ўзидан кўра кўпроқ сингдирувчига етказар” (Бухорий, Муслим ривояти).

Усмон розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, ўргатганларингиздир” (Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадис шарҳида Ибн Хажар раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ўзи билиб амал қилишида манфаат ўзига. Бошқаларга ўргатиши билан ҳаммага манфаат бўлади. Шубҳасиз, бошқалар манфаатдор бўлган амал фақат ўзига фойда келтирадиган амалдан устундир. Қуйидаги оятда ҳам шу маъно ифодаланган: “Аллоҳ (йўли)га даъват этган ва ўзи ҳам солиҳ амал қилиб, “Мен мусулмонлардандирман”, деган кишидан ким чиройлироқ сўзловчидир?!” (Фуссилат сураси, 33-оят).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтади: “Қуръонни билмайдиган одамга ўргатиш садақадир” (Ғаззолий. “Ихяу улумид дин”).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтади: “Вақтики умматнинг охири ўзидан олдингиларини лаънатласа, илми борлар ҳақни юзага чиқарсин. Бу илмни яширганлар Расулуллоҳга нозил қилинган нарсани яширган билан баробардир” (Табароний. “Мўжамул авсат”).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кимки олган илмидан сўралсаю уни яширса, қиёмат куни оловдан бўлган юган билан юганланади” (Абу Довуд, Термизий ривояти).

Имом Моликнинг шогирдлари унинг илмини оламга ёйди. Натижада мўътабар мазҳаб сифатида эътироф этилди. Аммо баъзи фақиҳларнинг илми тарқалмай қолади. Имом Шофеъий айтадилар: “Лайс ибн Саъд имом Моликдан фақиҳроқ, лекин Лайснинг шогирдлари унинг илмини тарқатмади” (Ибн Хайён Ансорий. “Табақотул муҳаддисин биасбаҳон”).

Шогирдлари сабаб дунё Розийнинг илмидан баҳраманд бўлди. Унинг тиббиёт мактаби бор эди. У ерда талабалар билан тажрибалар ўтказар, китоблар ёзарди. Натижада нафақат мусулмонлар, балки бутун инсоният унинг илмидан манфаат олди.

Ҳижрий тўртинчи асрда яшаган Абу Наср ибн Ироқ китобларини Абу Райҳон Берунийга ҳадя қилиб юборди, Беруний фахр билан уни “Устозим” деб эсларди (Ҳидоятул орифийн).

Ҳижрий саккизинчи асрда яшаган Жаладкий химия фанини яхши кўрарди. Унинг эшиги талабалар учун доим очиқ эди. Илмни севган бу инсон уни тарқалишидан хурсанд бўларди (Рахоб Хизр Аковий. “Мавсуату абоқиратил ислам”).

"Ислом ва олам" китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!