Онажон бақирманг

16:00 20.03.2018 2021

Эрта тонг уйғонаркан, ҳеч бир она “Бугун боламга бақираман, боплаб аламимни оламан, дилини вайрон қиламан” деб ният қилмайди.

Табиийки ҳар бир она фарзандини севади. Унинг қувончи ва роҳатини истайди. Чунки оналик қонунияти шундай, оналик ақли, оналик туйғулари, севгиси  аввало шуни намоён этади. 

Шу сабаблардан “Бугун боламга бақирмайман, уни хафа қилмайман, бир-бирини тушунган она-бола бўламиз деймиз”...

Аммо кун ярмига келар экан, яна қўлларимиз белимизда, кўзларимиз чақчайган “жонивор”га айланиб олганимизни билмай қоламиз.

Бунга оналардаги психологик безовталиклар, болага доимий нотўғри муносабатда бўлиш ва бу жараёндаги бўшлиқлар сабаб бўлиши мумкин. Бола истагани каби унинг ҳаётида бўла олмаслигимиз, унинг оғриқлари, унинг хурсандчиликларини сезмаслигимиз, бу ҳам етмагандек бақириб-чақиришларимиз, болани қўрқитибгина қолмай, руҳий мувозанатининг бузилишига ҳам олиб келади.

Болага бўлган севгининг тўғри ифода этилиши ва тўғри сарфланиши бу оналик санъатидир. Боланинг истагидаги барча ўйинчоқларни олиб бериш, сўраганларин барчасин муҳайё этиш бу ота – оналик севгисининг нотўғри ифодаланиши, нотўғри кўринишидир.

Она унинг ўйинчоқлари кўп эканини, бу ўйинчоқни Она олиб беришни истаётгани, аммо бугун ўйинчоқ олиш куни эмаслигини, қолаверса унга ҳозир эҳтиёж йўқлигини болага тушунтира олса, сабр ва билим билан муносабат ўрната олса, бу оналик севгисининг тўғри ифодаланиши ҳисобланади.

Болани моддийликка кўмиш бу уни севиш, севгининг натижаси дегани эмас.

Бола билан муносабатда бу энг асосийсидир. Зотан бу қадам унинг тарбияси, унинг келажагини белгилайдиган дастлабки ҳаракатлардир.

Боламизга нимани қандай гапиряпмиз, қандай тушунтиряпмиз, қай тарзда етказяпмиз, бу жуда муҳим.

Айтаётганларимиз фарзандимиз билан муносабатимизни тузатиши ёки вайрон этиши мумкин. Ғазабга минганимизда ўзимизни назорат қила олиш, стрессларни болага юқтирмай, меҳр билан, инсонийликдан чиқмай муносабатда бўла олишимиз оналик санъати демакдир. Боланинг хулқи бузилиши, гапга қулоқ солмаслиги аслида онанинг у билан тил топиша олмаётганидир.

– Эшикни ёп, тоғда туғилганмисан?
– Бир кун одамга ўхшаб овқатлана оласанми?
– Кўзингни ерга тикиб, бўйнингни эгиб юрма ёки қулмисан сен?
– Мунча рўпарамда қоққан қозиқдек турасан, ҳе дийдоринг ўчсин сени...

Бу сўзлашувлар севги ва ҳурматдан мутлақо узоқдир. Биз бегонага эмас, жондан азиз фарзандимизга гапираётганимизни тушунишимиз керак! Баъзан сўзларимиз рисоладагидек, аммо овоз оҳангимизнинг ўзи уриб йиқитгудек жаранглайди. Боламизни овозимиздаги жаҳл ва шиддатнинг ўзи яралайди.

Болалар ҳам айни биз катталар сингари эътиборга, меҳрли муносабатларга муҳтожлар. Улар ҳам ранжийдилар, ўзларин айбдор ҳис этадилар, эзиладилар.

Натижада ўзидан қониқмаслик ҳисси билан улғайганда ҳам кемтикликда яшайдилар.

Хулоса қилиб айтадиган булсак, бугун бизга бола тарбиясида оналик билими, оналик санъати, илми сув ва ҳаводек зарур!

Ноила ХОЛМАТОВА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!