Илм

Онамга сўнгги сўзим

1892

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Азиз биродарлар, ҳурматли опа-сингиллар, бугун сизларга шахсан ўзим билан содир бўлган бир воқеани сўзлаб бермоқчиман. Яқинда дўстларимдан бирини зиёрат қилгани борган эдим. Унинг онаси саратон касаллигига чалинган ва ҳаётининг сўнгги дамларини яшаётганди. Бу аёл умрининг охирги қарийб беш йилини саратон билан курашиб ўтказаётган эди. Унинг умри поёнига етиб келаётгани ҳақидаги хабарни эшитиб қолдим. Бу сабабдан ҳам ўша биродаримни йўқлаб бориб, суҳбатлашиб қолдим.

Биродарим менга онасининг сакаротул мавт ҳолатига, яъни бир лаҳза ҳушига келиб, яна ҳушидан айрилаётгани ҳақида гапириб берди. Саратон бутун тана бўйлаб ёйилиб бораётган эди. У менга буларни сўзлаб берар экан, кўзларидаги ёшни тўхтата олмас эди. Мен эса бу ҳолатни табиий деб қабул қилиб, онасининг ҳаёти охирлаб бораётгани учун кўз ёш тўкяпти деб ўйладим. Буларни ўйлаб унга тасалли беришга, инсон ҳаётида ўлимнинг табиий ҳол ва қазои қадар эканини тушунтиришга ҳаракат қилдим. У эса: “Йўқ, мен бу сабабдан йиғламаяпман. Албатта, онамнинг мени тарк этаётганларидан ғамгинман, лекин кўз ёшларимнинг сабаби бу эмас”, – деди.

“Унда нимадан ғамга ботяпсан?” – деб сўрадим. У шундай жавоб берди:

“Бутун ҳаётим давомида онамнинг менга қилган меҳнатлари учун бир мартагина бўлсин миннатдорчилик билдира олмаганимдан эзиляпман.”

Биласизларми, биродаримдан бундай жавобни эшитиб ўзимни ўша дамда қандай ҳис қилганимни сизларга тушунтириб беролмайман.

“Умримда бир марта бўлсин онамга “Раҳмат сизга”, дея олмадим, – деди у. – Онам ҳозир ёнгинамиздаги хонадалар, у киши ҳали ҳам ҳаётлар, аммо бир он ҳушларини йўқотсалар, бир он ҳушларига келиб турибдилар. Мен ёнларига бориб бирор сўз айтсам, сўзларимни на таҳлил қила оладилар ва на англай оладилар”.

Азиз биродарлар, Аллоҳга қасамки, мен бу ҳолатдан қаттиқ таъсирландим. Чунки кўпчилигимиз учун ҳали ҳам бахтимиз кулиб, оналаримиз ҳаёт ва бу дунёда биз билан юришибди. Онам бир умр ёнимда туриб бирор марта менинг ўзларига бўлган ишончимни қўлдан бермадилар, тасаввур қилинг-а, бир марта ҳам ўзларига нисбатан умидсизликка туширмадилар. Мен бўлсам, атиги бир марта бўлсин ҳузурларига келиб, оддийгина “Онажон, раҳмат сизга!” демабман. Мен баъзилар каби қўлида бир даста гул билан келиб, мана шу яхшилаб миннатдорчилик билдиришдир деган каби “Раҳмат!” дегувчилардан эмасман. Аммо қалбингизнинг туб-тубидан миннатдорчилик билдириш бошқа нарса экан. Биласизми, агар бирортамиз волидамизнинг бу дунёни ҳозир тарк этишини билса, у кишининг ҳузурига шошиб бориб, бу ишни амалга оширган бўларди.

Азизлар, мен биродарим билан бўлган бу ҳолатни унута олмайман. Энди ҳар бирингиз ўзингизга савол бериб кўринг-чи, охирги марта онангизга қачон чин дилдан миннатдорчилик билдирдингиз?! Волидангизнинг сиз учун қилган меҳнатларини қанчалик қадрлашингизни самимият билан қачон охирги марта намоён этдингиз?! Ёки биз ҳам онаси бу дунёни мангуга тарк этганда орқасидан надомат чекиб қолгувчилардан бўламизми?! Бир кун келиб волидайи муҳтарамамиз ҳақида хотирлар экан, биз учун берилган шунча имкониятдан фойдаланиб қолмаганимиздан афсус қилгувчилардан бўламизми?!

Барчамизга маълумки, дунёнинг кўплаб жойларида бир кунни атайлаб Оналар куни дея белгилаб олиб байрам сифатида нишонлашади. Аслида мана шу ҳолатнинг ўзи кишининг қалбини ўртаб юборади. Биз волидамиз ҳузурларига бориб, онажон, бугун сизни хотирлаб келдим, дея бир кунни белгилаб ололмаймиз. Аксинча, бунинг ўрнига динимиз ислом таълимотларига кўра, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ва У зотнинг севимли расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни волидамиздан ҳар куни хабардор бўлишга амр этган.

Муовия ибн Ҳайда: “Ё Расулуллоҳ, энг аввало кимга яхшилик қилай?” – деб сўраганида, Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Онангга, онангга ва яна онангга, сўнг отангга яхшилик қил”, – деганлар.

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига такроран берилган айни бир саволга уч бора “онангга” дея жавоб бердилар.

Аслида ушбу ҳадисни аксариятимиз буни онамизга нисбатан меҳр-муҳаббат сифатида шарҳлаймиз. Яъни бизнинг меҳримиз ва муҳаббатимизга энг кўп муносиб инсон бу волидамиз дея биламиз. Йўқ, аслида сизнинг энг яхши муносабатингизга, молу давлатингизга, соғлигингизга, сиз соҳиби бўлган ҳар бир нарсага, ҳаётингиздаги ҳаммадан ҳам кўра бу нарсаларга муносиб бўлган шахс бу – сизнинг онангиздир, онангиздир, онангиздир ва сўнгра отангиздир.

Азиз биродарлар, мана шу ўринда, сизларга қисқа қилиб айтмоқчи бўлган нарсам шуки, орангизда ҳали ҳам онаси ҳаёт кишилар бор. Сиз ҳам волидангизни бу дунёни абадий тарк этадиган кунгача кутиб туриб ютқазиб қўйгувчилардан бўлманг! Онангиз бу дунёни тарк этиб кетгач, орқасидан надомат чекиб: “Кошки, онам ҳаёт бўлсалар эди, қанийди вақтни ортга қайтара олсам эди, волидамга миннатдорчилик билдирган бўлар эдим”, – деб қолманг.

Онангиз ҳали ҳам ҳаёт бўлсалар, у кишининг ҳузурларига шошилинг ва у кишига сиз учун қилган барча меҳнат ва заҳматлари учун миннатдорчилик билдиринг.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан барчаларимиз волидайи муҳтарамаларимиз билан ўртамизда энг гўзал муносабат ва муомалотда бўлмоқлигимизни сўраймиз. Волидаларимизга эса Ўзининг жаннатларидан жойлар ато этишлигини сўраб қоламиз.

Омийн.

Муҳаммад Ҳоблос маърузаларидан

Таржимон: Умму Муҳаммадийн

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Онасига кредит олдирган фарзандлар

3187 22:10 13.09.2019

Онага хизмат қилиш савобининг буюклиги

642 16:00 18.06.2019

ЮНИСЕФ: Яманда ҳар икки соатда 1 она ва 6 бола нобуд бўляпти

718 13:30 11.06.2019

«Ўғлим, меҳрибоним! Сендан илтимос, мени маломат қилмагин!»

815 19:30 03.06.2019

«Онасизнинг кўзи ёш бўлар экан»

649 20:30 31.05.2019
« Орқага