Онамисиз ёки энага?

17:00 13.03.2018 2753

Оналар ”Асли мен ҳам боламга бақиришни истамасдим, лекин ўзимни тўхтатолмайман, ғазабимни босолмайман” дейдилар.

Ҳурматли оналар “Сиз ота онангизга (ҳаёт бўлсалар), акангиз-укангизга, қўшнингизга, ишдаги ҳамкорларингизга ҳам шундай болангиз сингари  ғазабингизни сочасизми, уларга ҳам бақирасизми?..

Тахминим бўйича берадиган жавобингиз табиий равишда “Йўқ” бўлади, шундайми?..

Уларга ғоятда ҳурмат кўрсатган ҳолда, ақлли ва вазмин аёл, ходим, мулоҳазали маҳрам кўринишда намоён бўласиз, тўғрими?..

Демак катталар билан гаплашганимизда ғазабимизни боса оламиз, ўзимизни назорат қила оламиз, аммо болаларга келганда ЙЎҚ!!!

Бу ҳолатнинг  номи нима  биласизми?

БУНИНГ НОМИ ИНСОФСИЗЛИКДИР!

Бошқаларга етмаган “кучимизни” жужуқларимига “ишлатишдир”...

Атрофимиздагиларга бақирсак “жавобини” дарров оламиз, бундан ҳузурсизланамиз.

Аммо болаларимиз бизга жавоб қайтаролмайди, бизни оналикдан маҳрум этолмайди.

Ўзининг кўзлари ёшлангани сингари онасининг кўзларини ёшлатмайди...

Аслида бу  инсофсизликка  бола ҳам жавоб бера олади...

Қандай қилиб дейсизми?

Жуда оғир тарзда, жиддий ва хавотирли тарзда жавоб беради.

Сиздан, онасидан  истамаган ҳолда , маънан,  руҳан воз кечади. Болангиз ёнингизда яшайди-ю, аммо йўқотасиз уни! Унинг оламида Сиз бўлмайсиз. Ортиқ сизга истакларин айтмайди, эркаламайди, сизга талпинмайди, соғинмайди, ёнингизда бўлгиси келмайди, кўзлари порлаб боқмайди, истаган пайти меҳри жўшиб қучоғингизга чопмайди, орзулари билан бўлишмайди...

ОНА эмас шунчаки қорнин тўйдириб, кийдиргувчи ЭНАГАга айланасиз!

Сиз кимсиз ОНА ми ёки Энага?

Танлов сизники!

Ноила ХОЛМАТОВА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!