Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Онлайн қимор уруши: қурбонлар кўпаймоқда 

1660

Кеча фейсбукда бир шум хабарни тарқалди: Фарғонада университетнинг Ёшлар, маънавиятга алоқадор бўлимида ишлайдиган бир йигит ўз жонига қасд қилибди. Таассуфки ёшларга тарбия берувчи, уларга тўғри йўл кўрсатиши лозим бўлган йигит онлайн қимор ўйинларига аралашиб қолган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра 160 миллион сўм қарз бўлиб, тўлашга кўзи етмай ўзини ўлдириб қўя қолган. 

Илм-фан тараққиётининг инсониятга кўп нафлари бор. Ҳозир интернетсиз ҳаётимизни тасаввур қила олмаймиз. Икки соат ижтимоий тармоқларнинг ўчирилгани қанча зарарлар келтиргани, қанча шов-шувларга сабаб бўлганини эсланг. Бироқ тараққиёт билан бирга 1XBet каби ҳаром қимор ўйинлари ҳам кириб келдики, ўша бало сабаб ўзига қасд қилаётган, пул топаман деб бировни ўлдираётган нодон кимсалар кўпайгандан кўпайиб боряпти. 

Ҳозир ижтимоий тармоқни қарасангиз, ҳамма ўша ўйинни ўйлаб топган, ўша ўйинни ташкил қилганларнинг гўрига ғишт қалаб ётибди. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор: ўз жонига қасд қилганлар аҳмоқ эмас эдику! Ўз жонига қасд қилганларнинг аксарияти ҳалол-ҳаромнинг фарқига борадиган, қиморнинг ёмон иш эканлигини биладиган ёшда, кўпчилиги олий маълумотли ёшлар бўлиб чиқяптику!

Айни қирчиллама  йигирма-ўттиз ёшда қандай юрак ютиб Аллоҳ берган азиз неъмат – жонига қасд қилишгача боришяпти? Бунинг сабаби нима? Нима учун шунча қурбонлар, фалокатлар бўла туриб, яна онлайн-қиморни ташкил қилиш тарафдорлари топилмоқда. 

Наҳотки шунча ўлим уларга дарс бўлмаяпти?!  

Яқинда Тошкентда биринчи Uzbekistan iGaming Affiliate Conference конференцияси бўлиб ўтди. 

Тадбирнинг асосий ҳомийси 1xBet компанияси экан. Уларнинг иддаосича, онлайн қимор спортнинг ривожланишига ёрдам берармиш. 

Қизиқ юзлаб, минглаб одамларни хонавайрон қилиб, ўз жонига қасд қилишга сабаб бўлаётган нарса спортни ривожлантириши мумкинми экан?

Нега зўр бериб онлайн қимор тарғиб қилиняпти? Ёки мамлакатимизда онлайн қимор ўйинларини ташкил қилига рухсат берувчи қонун амалга кирдими?

Бир неча йил олдин бир спорт журналисти телевизорга чиқиб онлайн қимор ва унинг спортга фойдалари тўғрисида оғзидан суви қочиб мақтаган эди. Ўша укамиз 1xBet туфайли умри хазон бўлаётган йигитларни, уларнинг етим қолган болаларини, ортидан қарзга ботиб қолаётган оилаларига нима дея олар экан, ҳозир? 

Бу ўйинларни тақиқлаш бизнинг ҳуқуқ-тартибот органлари учун муаммо эмас деб ўйлайман. 

Юқоридаги ҳолатлар  Республика бўйлаб кунига содир бўлмоқда. Ҳамюртларимиз онлайн қиморнинг иллатлари ҳақида ўзлари гувоҳ бўлган бир неча воқеалар билан ижтимоий тармоқларда бўлишишган, улардан бир нечаси билан танишинг.

“Маҳаламда катта оила – икки келин, қайнана-қайнота билан кўчада қолди. 1xBet га пул тиккан экан. Жуда куп бунақалар”, деб ёзади Баҳодир исмли ҳамюртимиз.

Данғарада 25 ёшли йигит 15-16 млн сўм пул ютқазиб ўзини осганлиги хабари тарқалган.

Гулистонда 26 ёшли Б.Х. интернетда қимор ўйинлари ўйнаб, оқибатда 100 миллион сўмдан ортиқ қарзга ботган. У холасининг хонадонига ўғирликка кириб, унинг жойнамоз устида намоз ўқиётган ўғлини пичоқлаб ўлдирган.

“Мен хам 1xBet дан куйган одамман. Ўзим Россияда, Нижневартовскда ишлайман. Ҳаммаси мени кимдир телеграмда 1хбет каналига қўшиб қўйганидан бошланган. Ойликларимни ечмасдан  картамда сақлардим. Картамда 420 минг рубль пул бор эди. Ўйнашни бошладим 2 кунда 420 мингни 600 минг рубл қилдим. Қизиқиш кучайиб кўп кўп тикишни бошладим. Кейин 10-15 минг ютқаздим. Ютқазган пулимни  қайтариб олишим керак деган фикр мени тинч қўймасди. Кечалари ухламасдим. Охир-оқибат ҳамма пулимни ютқаздим. Укамдан 450 доллар қарз олиб, уни ҳам ютқаздим. Ўзимга ўзим қасам ичиб энди ўйнамайман, дедим. Шу йил январда Россияга ишга қайтдим. Пул топганимдан кейин яна бошладим. Уйимга пул юборолмаяпман, кечагина яна 110 минг рубл ютқаздим. Кўзимга ҳеч нарса кўринмаяпти. Ишимиз оғир қийналиб ишлаб топган пулларимни бой бердим. Жами ҳалол ишлаб топиб ютқазган пулим 530000 рубл долларга ҳисобласак 7300$ дан ошиқроқ пул. Ўзбекистонда тақиқлаш керак бу лаънати ўйинни. Бошқа таваккалчи ёшлар ҳам менга ўхшаб куйиб қолишмасин”, деб ёзган мусофирликда юрган йигит.

14 ёш ўсмир йигит. Тақволи, намозхон оила фарзанди. 2 ой давомида уйидан тинмай пул олган. Онасининг айтишича, 25 минг доллар атрофида пул йўқолган. 

“Қўшнимнинг ўғли букмекерда 30000 доллар ютқазиб қўйибди. Қўшним тадбиркорлик қилиб анча ишлар юришиб кетувди. Ўғилчасига, ўзига  машиналар олиб... Ота-онаси қилган меҳнат машаққат билан топган пулларини биттада кўкка совурди. Ҳозир энди хамма машиналарини сотиб қарз сўраб юришибди”

“Яқинда биттаси 7000 доллар ютқазиб, уйидагилар билмасин деб ҳаммага “ўғирлашди” деб жар солиб ИИБларга ёзиб ташлаганди”.

Кўриниб турибдики, онлайн қиморда уни ташкил этганлардан бошқа одам юта олмайди.

Azon.uz сайти кузатувчиларининг онлайн қимор ўйинларига муносабатини аниқлаш мақсадида сўровнома ўтказганимизда, уларнинг 96 фоизи (!) қиморнинг ҳар қандай тури мумкин эмас деган қарорда эканликлари маълум бўлди. Уч фоиз кузатувчилар бу борада маълумотга эга эмаслиги учун аниқ бир муносабат билдирмаган. Бироқ  Azon.uz’нинг 1% кузатувчилари онлайн қиморга тез ва осон бойиб кетиш воситаси сифатида қарашини таъкидлаган. Демакки, жамиятимизда қимор ўйинларининг фойдали тарафлари ҳам бор дейдиганлар ҳам топилади. Уларнинг фикрича, қуйидаги сабаблар билан қимор ўйинларидан манфаат топиш мумкин деган хулоса пайдо бўлади:

– инсон шахсиятини намоён қилиш, баҳсда ютиб чиқиш орқали ўз кибру-ҳавосини қаноатлантириш, ўйин-кулгу, хурсандчилик, сайру-тамоша, беллашувга бўлган иштиёқларини қондириш;

– мағлубнинг мулкини ютиб олиш имконияти;

– шуҳрат қозониш имконияти;

– ташкилотчилар учун даромад (ташкилотчи жамоат ташкилоти ёки хусусий шахс бўлиши мумкин);

– камбағаллар учун даромад (хайрия лотереялари ўтказилган тақдирда);

– давлат хазинасига тушумлар (қиморхона эгалари, ташкилотчилар ва ғолиблар олган фойдадан йиғилган солиқлар ҳисобига).

Бироқ бу сабаблар қимор ўйнаш кераклигига туртки бўла олмайди. Хусусан, бунинг натижасида одамлар хонавайрон бўлиб, ўз жонига қасд қилиш даражасигача етиши қолган барча сабабларни инкор этиб, бу ўйин турининг даҳшатли оқибатларга олиб келишини исботлай олади. Чунки қимор ўйнаган одамда ҳалол мехнат қилмасдан тасодифий омад ҳисобига пул топиш одатининг шаклланиши, дангасаликка кўникиш, ўрганиб қолиш, яъни худди хамр ёки гиёҳванд моддалар сингари муттасил ўз домига тортиш кузатилади. Баъзан мана шундай майл ҳаддан зиёд ўрганишга, яъни берилиб кетишга олиб боради ва алал-оқибат ўз жонига қасд қилиш даражасигача етиши мумкин.

2019 йил 4 декабрдаги «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони асосида 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида лицензия олиш орқали букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш ва қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш назарда тутилди.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига кўра, жорий йилнинг март ойига қадар Ўзбекистон ҳудудида букмекерлик ва тотализатор фаолиятини амалга ошириш учун бирон-бир хўжалик юритувчи субъектларга лицензия берилмаган. Ўзбекистонда букмекерлик компаниялари учун лицензия бериш ҳуқуқига эга Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги эса 2021 йил 1 майда тугатилган. Унинг ваколатлари Молия вазирлигига ўтказилган.

Бугунги кунда амалда бўлган қонун ҳужжатларига кўра, Ўзбекистон Республикасида қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддаси ва Жиноят кодексининг 278-моддасига асосан жавобгарликка сабаб бўлади.

Диний тарафдан оинадиган бўлса, аввало қимор Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳаром қилган амаллардан биридир.

“Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз.

Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!” (Моида сураси, 90-91 оятлар).

Ҳозирги замонда тобора урчиб, кўпайиб бораётган онлайн қимор ўйинларидан эҳтиёт бўлишга, яқинларимиз, фарзандларимизни бу каби ҳаром ўйинлар гирдобига тушиб қолишдан сақлашимиз лозим. 

Акс ҳолда ...

Ёқуб Умар

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Мусиқа рисоласи

304 20:20 07.08.2022

Катталар ўрнак бўлса, бола намунали бўлади

446 19:30 07.08.2022

Мактаб формасига сиёсатшунослар фикри

679 18:30 07.08.2022

Афғон (Афғон диёрида қачон тинчлик бўлади?)

470 16:30 07.08.2022

Тавозе билан хорлик орасидаги фарқ

315 14:35 07.08.2022

Қодиров ва Шойгу норасмий учрашув ўтказди

736 13:07 07.08.2022
« Орқага