Ўрнак олинг, ибратланинг!

19:00 25.03.2019 993

Камбағалликдан ҳамиша шикоят қилиб юрганларни ёки бойлик, пул топиш орзусида ҳаловатини йўқотганларни кўрсам, «Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётларидан ибрат олинг, У Зотнинг аҳли байти қандай кун кечирганига назар солинг, саҳобийларнинг, тобеъинларнинг турмушларини ўрганинг», дегим келаверади. Бунга Ислом тарихида мисоллар тўлиб-тошиб ётибди: 

Абу Ўурайрадан келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кунларнинг бирида ёки кечаларнинг бирида кўчага чиққанларида, Абу Бакр ва Умарни (р.а.) учратдилар. Уларга: «Сизларни бу соатда уйингиздан нима етаклаб олиб чиқди?», деганларида, икковлари: «Очлик, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасамки, мени ҳам сизларни олиб чиққан нарса олиб чиқди, юринглар», дедилар. Улар У Зот билан туриб, ансорийлардан бир кишиникига боришди. Боришса, у уйида йўқ экан. Унинг хотини буларни кўриб: «Хуш келибсизлар, марҳабо», деб айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фалон киши (яъни, эринг) қаерда?» дедилар. У аёл: «Бизга ичимлик суви олгани кетди», деди. Шу пайт ҳалиги ансорий келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва икки биродарларини кўриб: «Аллоҳга ҳамд бўлсинки, бугун меҳмон жиҳатидан мендан кўра ҳурматлироқ киши йўқ», деди. Ва кетиб, хурмоси бор бир новда кўтариб келди. Унда пишмаган, қуритилган ва ҳўл хурмо бор эди. У: «Енглар», деб илтифот қилиб, қўлига пичоқ олувди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Қўйгин, сут бериб турган жониворни сўймагин», дедилар. Кейин хонадон соҳиби бир қўй сўйди. Улар бу қўйдан ва ҳалиги новдадаги хурмодан еб, ичимликлар ичишди. Қоринлари тўйиб ва сувга ташналиклари қонганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр ва Умарга: «Аллоҳга қасамки, Қиёмат куни бу неъматлар ҳақида сўроққа тутиласизлар. Сизларни очлик уйларингиздан чиқарган эди. Сизлар эса бу неъматларга эришиб қайтмоқдасиз», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбар алайҳиссалом суюмли қизлари Фотимаи Заҳрони Ҳазрати Алига турмушга узатишга қарор қилганларидан кейин ундан: «Маҳрга бирор нарсанг борми?», деб сўрадилар. Ҳазрати Али: «Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули», деди. «Ҳутамийя совутинг қани?», дедилар Пайғамбаримиз. «Ўзимда, эй Аллоҳнинг Расули», деди Ҳазрати Али. «Ўшани бер, бўлмаса», дедилар. Совут Усмон ибн Аффонга 470 дирҳамга «сотилди». Ана шу пулга атир-хушбўйликлар, келинга бир сидирға (!) сарпо харид қилинди. Тўй зиёфати қилишга маблағ йўқ эди. Саъд ибн Муоз қўй олиб келди. Саҳобалар жўхори ва бошқа егуликлар топишди. Пайғамбарнинг суюмли қизлари Ҳазрати Али хонадонига келин бўлди (Имом Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Ҳаннод ад-Динаврий Шаъбийдан бундай ривоятни келтиради: «Ҳазрати Али айтадилар: «Муҳаммад алайҳиссалом қизлари Фотимага уйланганимда менинг ҳам, унинг ҳам бир қўй териси (пўстак) дан бошқа тўшагимиз йўқ эди. Кечаси устида ухлар эдик, кундузи унда сувчи туяга ем берардик. Менинг ундан (Фотимадан) бошқа хизматчим йўқ эди». Расулуллоҳ алайҳиссалом қизлари Фотимани Ҳазрати Алига никоҳлаб берганларида у билан бирга теридан бўлган тўшак, ичига хурмо қипиғи солинган болиш, тош тегирмон, сув идиши ва иккита мешча юборган эканлар.

Аллоҳнинг суюкли пайғамбари, бутун Ислом оламининг раҳбари ва йўлбошчиси, Аллоҳ таоло «агар хоҳласангиз,  тоғларни олтинга айлантириб бераман», дея ваъда қилиб турган зот энг суюмли қизларига қўша-қўша кўрпа-тўшаклар, кўплаб чорва моллари, керагича уй жиҳозлари, сон-саноқсиз кийим-кечакларни сеп қилиб беришлари мумкин эди. Бутун Мадина аҳлини, ҳатто бошқа ўлкалардан меҳмонларни чорлаб шоҳона тўйлар қилиб беришлари мумкин эди. Аммо У З от бундай қилмадилар. Чунки, бунга ахлоқлари йўл қўймас эди, динлари, диёнатлари ижозат бермас эди. Аксинча қизлари ва куёвларини камтарликка чақирдилар, буюк қаноатга йўлладилар.

Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматлари бўлган бизлар бугун нима қиляпмиз? Нега У Зотдан, Пайғамбар оиласидан ўрнак олмаймиз, ибратланмаймиз? Аксинча, қизимизни узатсак, қўша-қўша жиҳозлар, беҳисоб кийим-кечаклардан иборат сеп қилишга уринамиз. Ўғлимизни уйласак, бунча мебел қиласан, фалондақа уй олиб берасан, бунча одамга зиёфат  берасан, тўйга фалон артистни чақирасан, деган шартлар қўямиз. Никоҳ тўйларини серҳашам, дабдабали қилиб ўтказишда кимўзарга мусобақалашамиз. Фарзандларимизнинг бахт-саодатини, иймонини, инсофини, диёнатини ўйламаймиз. Бу мол-дунё, ҳашам ва дабдабалар уларга яхшилик келтиради, деб ўйлаймизу буларнинг охиратдаги ҳисоб-китоби ҳақида мутлақо бош қотирмаймиз. Агар бу дабдабаю-асъасалар динимизга, ахлоқимизга, охиратдаги аҳволимизга фойда берганида Аллоҳ ҳам, Унинг Расули ҳам бунга буюрган бўлур эди. Йўқ, аксинча Расулуллоҳ алайҳиссалом ҳаётда бунинг зиддига тарғиб қилганлар. Бунга мисол ўлароқ  икки воқеани келтириш кифоя қилади:

Имом Абу Довуд Ҳазрати Алидан ривоят қилади: «Бир кеча на бизда, на Набий алайҳиссалом ҳузурларида бирор нарса бўлмади. Кўчага чиқсам, йўлда бир динор тушиб ётибди. Узоқ иккиланишлардан сўнг оғир аҳволимизни ўйлаб динорни олдим. Савдогарлардан ун сотиб олдим. Фотима (р.а.) ундан нон ёпди. (Очлик туфайли) заифлигидан боши тоғора четига тегиб кетай дерди. Нон пишгач, Набий алайҳиссалом ҳузурларига бориб, воқеани айтдим. У Зот: «Еяверинглар, у Аллоҳ азза ва жалла томонидан сизларга берилган ризқдир», дедилар.

Тарихчилар бундай ҳикоя қилишади: Бир куни Ҳазрати Али Фотимаи Заҳрога: «Қудуқдан сув тортавериб кўкрагим оғриб кетди. Отангизга Аллоҳ кўп асирларни берди, бирорта хизматчи сўрасанг қандоқ бўларкин?», деди. Фотима ҳам: «Мен эса тегирмон айлантиравериб қўлларим қавариб кетди, бориб хизматчи сўрайман», деди.

Фотима биринчи гал оталаридан ҳаё қилиб сўролмай қайтдилар. Кейин эр-хотин икковлашиб хизматчи сўрагани боришди. Сув тортавериб, тегирмон айлантиравериб қийналиб кетишганидан арзи ҳол қилиб, хизматчи берилишини сўрашди.

Энди Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам суюмли қиз ва куёвларига қилган жавобларини тингланг: «Аллоҳга қасамки, сизларга бериб аҳли суффани оч қолдиролмайман. Ҳозир маблағ топа олмай асирларни сотиб, тушган маблағни аҳли суффага сарфламоқчиман». Улар ноилож орқага қайтишди. Кейин Расулуллоҳ хизматчи ўрнига қизлари ва куёвларига намоздан сўнг ўттиз уч мартадан тасбеҳ, таҳмид, такбир айтишни маслаҳат бердилар.

Расулуллоҳнинг хонадонлари ҳаддан зиёд камтарона, фақирона яшар эди. Тобеъинлардан Урва ибн Зубайрнинг ривоят қилишича, Ҳазрати Оиша жияни Урвага Ҳужраи саодатда қандай яшаганлари ҳақида шундай деган: «Ойдан-ойга қараб турардик. Расул алайҳиссалом уйларида кўпинча қозон осилмасди. Емагимиз асосан хурмо ва сув бўларди. Расулуллоҳнинг ансорий қўшнилари баъзан бизга сут келтириб беришарди. Биз шуни ичардик». 

Пайғамбар алайҳиссалом Мадинада завжаи мутоҳҳаралари билан  масжидга ёнма-ён қурилган ҳужраларда яшар эдилар. Ҳасан ибн Али (р.а.) айтадики: «Усмон халифалиги даврида Набий алайҳиссалом завжалари яшаган ҳужраларга кирсам, қўлим шифтларига тегар эди». Валид ибн Абдулмалик замонида бу ҳужралар масжидга қўшиб юборилган эди. Саид ибн Мусаййиб айтади: «Агар бу ҳужралар шу ҳолида бузмасдан қолдирилганида эди, дунёнинг хазина калитлари қўлларида бўлатуриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рози бўлган нарсаларни одамлар ўз кўзлари билан кўришар эди».

Мўминлар онаси Ҳазрати Оишанинг ўзлари ҳам ҳоксорликда, дунёга қизиқмасликда, сахийликда барчага ибрат бўлганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин фатҳлар кўпайиб, Оиша онамизга турли ўлкалардан катта-катта эҳсонлар, ҳадялар оқиб кела бошлайди. Ҳазрати Оиша уларни қабул қилар, лекин ўзига қолдирмай барини садақа қилиб юборар эди. У киши Байтулмолдан (давлат хазинасидан) ўзи учун махсус ажратилган улушдан бошқа ҳеч нарса олмаган. Бир сафар Жобир (р.а.) Оиша онамизни ямоқ солинган кийимда кўриб: «Бу кўйлакни ташласангиз-чи», дейди. Шунда онамиз: «Менга Расул алайҳиссалом шундай деганлар: «Агар мен билан бўлиш сени хурсанд қилса, кўйлагингни то ямоқ солгунча устингдан ташлама, бир ойга етадиган егулик сақлама». Иншааллоҳ, у кишининг олдига боргунимча менга буюрилган бу нарсани ўзгартирмайман», дедилар.

Урва ибн Зубайр шундай дейди: «Бир куни Оишага халифа Муовия томонидан 80 минг дирҳам келганини кўрдим. Бироқ кечгача ундан бир дирҳам қолмади. Жорияси: «Бир дирҳамга бизга гўшт сотиб олсангиз бўларди», деб қолди. Шунда Оиша: «Эртароқ айтганингда шундай қилган бўлардим», деди.

Абдуллоҳ ибн Абу Бакр ривоят қиладилар: «Ансорлардан бири Мадинанинг Куф деган дарасида намоз ўқиётган эди. Хурмолар роса пишиб етилган, шохлар ғиж-ғиж мева эди. Ҳосилининг мўллигидан ансорнинг кўнгли чоғ бўлди. Фикри анча пайт хурмоларига боғланиб қолди. Сўнг яна намозига қайтди, аммо неча ракат ўқиганини унутган эди. Шунда у: «Бу дунё моли туфайли диним ҳалок бўлди», деди. Кейин мўминлар амири Ҳазрати Усмоннинг (р.а.) ҳузурига бориб, вазиятни англатди ва бундай деди: «Шу хурмозор боғим Аллоҳ йўлида садақа бўлсин, уни ўзингиз маъқул кўрган йўлда ишлатинг», деди. Халифа Усмон хурмозорни эллик минг дирҳамга соттириб, пулини хазина ҳисобига ўтказдилар».

Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарр Ғифорий исмли машҳур саҳобийлари бўлган. Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида бешинчи ёки олтинчи бўлиб Исломга кирган. У мансуб Ғифор қабиласи қароқчилиги билан машҳур эди, ғифорликларнинг босқинчиликдаги зулм ва тажовузи зарбулмасал бўлиб кетган эди.  Расулуллоҳ вафотларидан кейин Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб замонида шаҳватга мойил, орзу-ҳавасга ўч нафслар истакларига жиндай туйнук-йўл тополмай қийналиб ўтди. Аммо улардан кейин фатҳлар кенгайиб, неъматлар сув каби оқиб кела бошлади. Ҳаёт фаровонлашиб, дунёга рағбат ва интилишлар ҳам кучайиб борди. Дунё ўзининг ботил жимжималари ва ширин алдовлари билан Аллоҳнинг байроғини кўтаришга бурчли бўлган солиҳ инсонларни, ҳатто Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларини  ҳам фитналантира бошлаган кунлар етиб келди. Ана шундай таҳликали бир пайтда Абу Зарр чидай олмади, амир ва бахил бойларга юзма-юз чиқди, дунёга суяниш билан динда хатар қилганларнинг истиқболига қарши борди.   Бунда унинг шиори Қуръони карим оятлари эди: «Олтин-кумушни босиб, уни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб «хушхабарини» етказинг! У кунда (қиёматда) ўша (олтин-кумуш) жаҳаннам ўтида қизитилиб, ўша билан уларнинг пешоналари, ёнлари ва кетларига тамға босилур» (Тавба, 34-35).

Абу Зарр тоққа чиқса ҳам, пастга тушса ҳам, шаҳарга кирса ҳам, амирга рўпара бўлса ҳам, ҳамма жойда тилидан ана шу оятни қўймади. Ҳаттоки Шом ҳокими Муовияни ҳам мол-дунёси ҳақида сўроққа тутди. Маккадаги уйи, Шомдаги қасрлари бўйича қийин-қистоққа олди. Сўнгра чорбоқ ва қасрлар соҳиби бўлган саҳобийларга: «Кўзингиз олдида Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон нозил бўлган кишилар сизмисиз?» дея ҳайқирди.  Абу Зарр асҳобнинг бирортаси ҳам мансаб эгалламаслигини, бойлик тўпламаслигини истарди. Уларнинг ҳидоят раҳбарлари, Аллоҳнинг обид бандалари бўлиб қолишларини хоҳларди. У дунёнинг ваҳшийлигини, мол-давлатнинг ваҳшийлигини яхши билар, бу саҳобийларни ҳам йўлдан оздиришига шубҳа қилмас эди. Аммо уларни хатарли йўлдан қайтаришга кўзи етмагач, ўзи саҳронинг қоқ ўртасидаги Рабза деган жойга оиласи билан кўчиб кетишга изн сўради… 

Пайғамбар алайҳиссаломнинг яна бир машҳур саҳобалари Салмон Форисийнинг дунёдан беҳожатлиги, ҳокисорлиги, зоҳидлиги ҳаммани ҳайратга солган эди. Унинг бисотида овқатланадиган лагани ва сув ичиб, таҳорат оладиган идишидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ эди. Лекин шунга қарамай у ўзини бадавлат ҳисобларди. У Мадинага амир қилиб тайинланганида ҳам ҳолати асло ўзгармади. Йилига амирликдан кирим бўлган тўрт мингдан олти минг дирҳамгача пулнинг бир дирҳамини ҳам олмас, ҳаммасини одамларга тарқатиб юборар эди. Ўзи эса сават тўқиб, тириклик қиларди. Буни шундай ҳикоя қилади: «Бир дирҳамга похол сотиб олиб, унга ишлов бераман, сават тўқийман, кейин уни уч дирҳамга сотаман. Бир дирҳамни яна хомашёга сарфлайман, бир дирҳамни оиламга инфоқ қиламан, қолган бир дирҳамни эса садақа этаман. Агар мени бундан халифа Умар ибн Хаттоб қайтарса ҳам тўхтатмайман».

Бир куни Салмон Форисийга йўлда Шомдан келаётган, анжир ва хурмо кўтарган бир киши йўлиқиб қолди. Юк шомликни қийнаб, ҳолдан тойдирган эди. У рўпарасидан чиқиб қолган эски кийимдаги, камбағал кўринган бу одамга «юкимни элтиб берсанг, ҳаммоллик ҳақингни бераман», деди. Салмон шомликнинг юкини кўтариб йўлга тушди. Улар кетиб боришар экан, бир тўп одам учраб қолди. Салмон уларга салом берган эди, улар: «Амирга салом бўлсин», деб алик олишди. «Амирга салом бўлсин? Улар қайси амирни назарда тутишяпти?» деб шомликнинг боши қотди. Унинг ҳайрати йўловчилардан баъзилари Салмон томонга чопиб, «Бизга беринг, эй амир» дейишганида янада кучайиб кетди.

Шомлик киши ёллаган ҳаммоли Мадоин амири Салмон Форисий эканини билгач, қўлидан мажол кетди, лабларидан афсус ва узр калималари уча бошлади. Унга яқинлашиб, юкини олмоқчи бўлувди, Салмон рад этиб бош силкиди ва: «Манзилингга олиб бориб қўймагунимча бермайман», деди.

Ҳазрати Абу Бакрнинг халифалик йилларида мамлакатда очарчилик юз берди. Ана шундай ночор кунларнинг бирида Ҳазрати Усмон Шомдан кўп миқдорда буғдой ортилган карвон билан қайтди. Бундан хабар топган бадавлат савдогарлар катта фойда эвазига буғдойга харидор бўлишди. Бироқ Ҳазрати Усмон уларнинг таклифини рад этди. Шунда барча савдогарлар бирлашиб халифа Абу Бакрнинг ҳузурига арз қилиб боришди ва ҳукмдорни Ҳазрати Усмоннинг олдига бошлаб келишди. «Эй Усмон, нега буғдойларингни сотмаяпсан, ахир юртимиздаги қаҳатчиликни кўриб турибсан-ку», деди халифа. «Улар айтган баҳо жуда кам, мен эса буғдойимнинг ҳар донасига мингта олтин берадиган харидор топдим. Буғдойларимни Унга сотаман», деб жавоб берди Ҳазрати Усмон ва буғдойларининг ҳаммасини Аллоҳ йўлида фақирларга улашди.

Аҳмад МУҲАММАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!