Остготлар қироли Буюк Теодорих

19:05 13.02.2019 687

«Ўз халқига эллик йиллик тинчлик туҳфа қилган машҳур қирол Буюк Теодорих эътиқодига кўра арийчи бўлган. У халқ қироли деган ном ҳам чиқарган. Буюк Теодорихнинг қироллиги бутун Италияни, Германия, Австрия, Венгриянинг айрим ҳудудларини, Испаниянинг катта қисмини, Франциянинг Бургундия вилояти ва Шимолий Африканинг бир қисмини ўз ичига олган».

Терри Ангер «Рагнарок»

«Арийчи бўлганидан дунёнинг аксарият қисми фарёд солиб, ҳайратда қолди»
Тарихчи олим Иероним, Библияни қадимий юнон тилидан лотин тилига ўгирган илк таржимонлардан бири

Италиянинг шарқида жойлашган Равенна шаҳридаги «Сант-Аполлинари-Нуово» базиликаси  деворлари бир қатор қадама нақшлар билан безалган. Хусусан, бинонинг ўнг деворига катта манзара тасвирланган бўлиб, ушбу нақш бир неча ўзига хос хусусиятларга эга. Четдан қаралганда манзаранинг баъзи жойлари устидан янги қадама нақшлар қоплангандай туюлиб, бинонинг бошқа нақшлари билан қиёсланадиган бўлса, у қадар кўҳна кўринмайди. Янги қопланган ушбу нақшлар манзаранинг марказида жойлашган, муқаддам солинган тасвирнинг айрим деталларини бекитгандай гўё. Бироқ базиликанинг айрим колонналарида инсон қўлининг тасвири қолгани кишини ҳайратга солади. Афтидан, ўша манзарада маълум бир амални бажараётган одамлар тасвирлангану, европаликларнинг кейинги авлоди билмаслиги учун уларни бутунлай бекитиб ташлашга аҳд қилингандай кўринади. Бу қадама нақшнинг тарихи нималардан иборат? Қадама нақш тасвирлаган манзара тарихига ўзгартириш киритган одамлар ўз қилмиши ила қайси қўрқинчли сирни бани-башар нигоҳидан юзлаб йилларга яшириб ташлашган?

Дунёнинг арийчилик тарихи ўрганиб чиқиладиган бўлса, ўтмишда курраи заминда юз берган, башарият маданиятининг, айниқса Европа қитъасида шаклланган цивилизациянинг ривожига бевосита ёки билвосита таъсир ўтказган кўпдан-кўп сирли ҳодиса ва далиллардан воқиф бўламиз. Европа қитъасидаги давлатчилик мазкур асарнинг олдинги бобида кўрганимиздек, авваламбор, герман қабилаларининг кўчиши билан боғлиқ равишда юзага келган. Бундай кўчишларнинг аксарияти муваҳҳид германлар билан тринитарчи римликлар ўртасида ўтган даҳшатли диний урушлар сабабли кечган. Оқибатта якка худоликка эътиқод қилган ва қилмаган герман халқлари Европа қитъасининг турли бурчакларига тарқаб кетишган. Арийчи насронийлик Европанинг турли бурчакларида қандай қилиб бу қадар оммалашиб кетганини Остготлар давлати тарихи ўрганиб чиқилгач янада теран англаб етиш мумкин.

Остготлар қироллиги – V аср охирида майдонга келган арийчи қироллик саналади. Остготлар қироллиги Европа марказидаги катта ҳудудни –  бугунги 18 та давлат: Германия, Швецария, Словения, Франция, Италия, Черногория, Хорватия, Словакия, Чехия, Венгрия, Сербия, Босния, Герцеговина, Монако, Лихтенштейн, Ватикан, Сан-Марино князлиги, Австрия ва Испания ерларини ўз ичига мужассам этган.

Қиролликка Европа тарихида Буюк Теодорих номи ила танилган қирол томонидан асос солинган. Ушбу герман қироли бугунги кунгача Европа адабиётининг афсонавий қаҳрамони саналади. Унинг саргузаштлари, кўрсатган жасоратлари ҳақида ҳалигача ривояту манзумалар битилади. Немислар орасида, шунингдек, скандинав ва инглиз адабиётида у Дитрих Бернский исми билан танилган. Аммо европаликларнинг аксарияти, ғарб тарихшуносларининг шоҳидлигига кўра, исломнинг Европадаги ҳимоячиси бўлганидан бехабар қолган. Буюк Теодорих европалик насронийча якка худоликни шу оқимга эътиқод қилувчиларни оммавий равишда қатл қилиб келган Византия империясидан ҳимоя қилган. Шу билан бирга, ушбу муваҳҳид қирол салтанатидаги тринитарчилар тинч ва хотиржам яшаб, ўз динига эътиқод қилишга изн олган. Шунинг учун ҳам Буюк Теодорихга Европа халқлари эҳтиром кўрсатишган.

VI аср ўртасига келиб византияликлар Остготлар қироллигини енгишга муваффақ бўлишди. Европа халқларининг омон қолган қисмини тринитарчиликни қабул қилишга мажбур қилишди. Бунинг учун византиялик ваҳшийлар уларни қийноққа солиб, ўлдиришди. Тринитарчилар қотиллик билангина чекланмаган, уларнинг эътиқодига доир ҳар қандай далилни мазмунан бузиб, ўзгартирганлар. Бундан  кўзланган мақсад аён – аксарияти асл христианлик динига эътиқод қилган аждодларининг ҳақиқий тарихини европаликларнинг келгуси авлодлари била олмасин. Бунга мисол қилиб Италиянинг Равенна шаҳридаги юқорида тилга олинган «Сант-Аполлинари-Нуово» базиликаси деворидаги тасвирни келтириш мумкин. Аслида ўша базилика деворида бир замонлар остготлар қироли, яъни европалик мусулмон қирол Буюк Теодорихнинг қироллик саройи тасвирланган. Афтидан, ўша қадама нақш қирол Теодорихнинг бошқа муваҳҳид диндошлар билан ибодат ҳолатини тасвирлаган. Италияни босиб олган тринитарчи римликлар арийчилар ибодатини ифодалаган ўша манзарани европаликларнинг келгуси авлодидан бекитиш мақсадида мана шундай усул қўллаб, ўчиришган.

Маълумки, Франция ҳудудининг каттагина қисми бургундларга қарашли қироллик таркибига кирган. Остготлар давлати йўқ қилингач, Европанинг қоқ маркази, хусусан, Италия ва Австрия ҳудудида янги арийчи давлат – Лангобард қироллиги пайдо бўлди. Бу қиролликка германларнинг лангобард қабиласи асос солган. Унда арийчиликка 671 йилгача, яъни пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг вафотидан кейин қарийб 40 йил ўтгунча эътиқод қилинган. Бу қироллик ўша даврда Европада якка худоликка эътиқод қилинган сўнгги давлат бўлди. Орадан 40 йил ўтиб, Андалусия мусулмонлар томонидан забт этилгач, якка худолик Европага яна қайтиб келди. Бу ҳодиса ҳижрий 92 (милодий 711) йили рўй берди. Ислом Андалусияда ҳижрий 800, (милодий 1492) йили Гранада таслим бўлгунча сақланиб келди.

Аммо олдимизда бир савол туради: вақт ўтиб, Европада арийчилик батамом барҳам топдими? Аллоҳ элчиларининг сўнггиси бўлмиш Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам келгач, ул зотнинг пайғамбарлик рисолати билан бирга туширилган дин муқаддам юборилган таълимотларнинг барини бекор қилди. Бинобарин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таълимотидан хабар топганлар Аллоҳнинг динига эътиқод қилаётган бандалардан бўлишлари учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга имон келтиришлари шарт бўлди. Шу тариқа, арийчилик, шариат нуқтаи назаридан бекор бўлди. Одамлар Библияга вақти-вақти билан ўзлари билганча кўпдан-кўп ўзгартиришлар киритишгани инобатга олинадиган бўлса, Библиянинг бекор бўлиши мантиқан тўғри ва қонуний ҳодиса бўлди. Шунга қарамай, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлик рисолати бошланганидан кейин яшаган муваҳҳид христианлар қандай мавқеда бўлишгани билан боғлиқ масала бизга аниқ маълум эмас, ўша даврда Ислом таълимоти якка худоликка эргашган насронийларга етиб борган-бормаганини билмаймиз. Ислом таълимоти туширилгани ҳақида хабар топишган тақдирда ҳам, ушбу таълимот уларга асл ҳолатида етиб боргани ёки черков мазмунан бузиб етказгани ҳам аниқ эмас. Боз устига, хабарлар ўтмишда ниҳоятда содда ва тўла-тўкис черков тасарруфида бўлгани инобатга олинадиган бўлса, бу масалада шубҳа туғилади. Уларнинг аҳволини Аллоҳнинг Ўзи жуда яхши билувчироқдир.

Мусулмонларнинг Гранададаги сўнгги қалъаси қулагач, Европада юзага келган якка худоликка эргашган айрим насронийларнинг ҳаракатлари борасида сўз юритамиз. Испания қироллигида муваҳҳидлик учун курашган янги насроний оқим пайдо бўлди. Ушбу оқимга эргашганларга кейинчалик унитарчилар деган ном берилди. Унитарчилар ҳаракатига машҳур атоқли олим Мигель Сервет бошчилик қилди. У ниҳоятда муҳим икки китоб: «Учлик хатолари» ва «Христианликнинг тикланиши» асарлари муаллифи бўлган. Ушбу асарларда Сервет учлик ақидасини динга жорий этган черковнинг сохтакорлик фаолиятини фош этиб ташлаган. Оқибатда Испания католик черкови уни таъқиб қила бошлади. Черковнинг зулмидан қочган Сервет юртни тарк этишга мажбур бўлади. Европа бўйлаб дарбадар кезган олим охири Швейцарияда қўлга олинади. Европанинг католик давлатлари ўртасида ушбу мутафаккирни йўқ қилиш «шарафига эга бўлиш» борасида қизғин баҳс кўтарилади. Женева черкови раҳбарияти уни Швейцарияда суд қилишни талаб қилиб туриб олди. Черков суди Серветга ғоят даҳшатли ҳукм чиқаради – танасига юқорида тилга олинган китоблари боғланган ҳолатда олим тириклайин ёқиб юбориладиган бўлади. Судда Серветга ё қатлни танлаш, ё ўз маслагидан қайтишни таклиф қилишди. Лекин олим суд пайтида: «Учлик – христианликни бурда-бурда қилаётган ҳайвондир. У ўйлаб топилган, Библияда ҳеч қандай асоси йўқ», – дея хитоб қилади.

Шундан сўнг Венгрия қироли Запольяи унитарчиликка киради ва черков амалдорлари томонидан тахтдан ағдарилади.

Польша ва Литвада «Польшалик биродарлар» деб номланган улкан диний ҳаракатга асос солинади. Кейинчалик ушбу ҳаракат «Польшалик арийчилар» деган ном олади. Черков амалдорларининг тазйиқи остида Польшада 1638 йили ушбу унитарчилар ҳаракатини ман этишга доир бир қатор қарорлар қабул қилинади.

Англияда Жон Бидл исмли киши раҳбарлигидаги унитарчилар ҳаракати кенг оммалашиб кетди. Ушбу таълимотга кўплаб инглизлар, шу жумладан, йирик олимлар ҳам эргашди. Улар орасида энг атоқлиси Исаак Ньютон бўлди. Гравитация қонунларини кашф этган машҳур олим якка худоликка эътиқод қиладиган христианларнинг раҳнамоси Арийни қўллаб-қувватлаб, Афанасийни қоралаб ёзгани яқинда аниқланди. Буни эшитганларнинг кўпчилиги ҳанг-манг бўлиб қолса керак. Тарихий ҳужжатлардан бирида Исаак Ньютоннинг шахсан ўзи ўз қўли билан ёзган изоҳлар топилди. Уларнинг ҳақиқийлиги Англиядаги Кембриж университети томонидан узоқ текширилиб, расшифровкаси сўнгги йиллардагина ниҳоясига етказилди. Ньютоннинг эътиқоди ҳақида профессор Симон Шефер қуйидагиларни маълум қилади: «Модомики, Ньютон Худога тенг келадиган ҳеч ким йўқлигига, Худо буюк қудрат соҳиби эканлигига комил ишонч билдирган экан, хулоса қилиш мумкинки, бу билан у ўзини ўзи бидъатчи сифатида намоён этди. Бошқача айтганда, Ньютон Исога нисбатан эътиқодни тобора минималлаштириб, охири бориб унинг илоҳийлигини йўққа чиқарди». Ушбу ҳолат Ньютоннинг ҳаёт йўлини ёзган доктор Гейл Крисченсон сўзлари билан ҳам ўз тасдиғини топади. Ушбу олимнинг ёзишича: «...Кўп ўтмай, Ньютон муқаддас учликка доир ақида христианлик динининг биринчи амрига нисбатан куфр бўлади, деган хулосага келади. Зеро, Парвардигор ўзининг биринчи амрида қуйидагича марҳамат қилади: «Менинг сиймойим олдида бошқа худоларинг бўлмайди». Шу тариқа, Ньютоннинг маслагига кўра, Ота, Ўғил ва Муқаддас Руҳга чўқиниш куфрдан ўзга нарса эмас». Ньютон учликка доир христианлик ақидаси янглиш эканлиги ҳақида айтган ягона олим бўлмаган. Бугунги кимё асосчиларидан бири, кислородни кашф этган Жозеф Пристли ҳам инглиз унитарчилари рўйхатидан жой олган.

Дарҳақиқат, сўнгги бир неча асрдан буён Европанинг ўзи шоҳид бўлиб келаётган илм-фан эволюцияси европаликларнинг тафаккурини муқаддас учлик ақидасини тан олмайдиган ҳолатга келтириб қўймоқда. Британиялик атоқли математик Жейкоб Броновски «Инсоннинг юксалиши» асарида шундай ёзади: «... Ҳар гал учлик ақидасига доир гап очилар экан, ўн еттинчи аср олимлари ўзларини ноқулай ҳис этиб бораверишар эди».

Арийчилар тарихи ҳақида гап тринитарчилар томонидан арийчиларга қарши юзлаб йиллар давомида олиб борилган шафқатсиз урушлар ҳақида борадиган бўлса, узундан-узоқ чўзилиши мумкин. Исо алайҳиссалом билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлик рисолатлари ўртасидаги вақт оралиғи беш асрга чўзилганининг сабаби ҳам шунда. Бу вақтда курраи заминда муваҳҳидлар ва тринитарчилар ўртасида кечган шафқатсиз кураш ҳам тинмади. Охир-пировардида тринитарчи Византия якка худоликка эргашганлар устидан ғолиб чиқиб, аҳолига эса зулм ўтказиб, ёппасига қириб ташлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаси Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ҳақидаги ривоятда тилга олинган насроний кашишлар муваҳҳид арийчилар бўлишган. 

Арийчилар тарихидан воқифлик бизга, шунингдек, нима сабабдан Миср коптлари исломни жуда тез қабул қилишганини англаш имконини беради. православ мазҳабига мансуб мисрлик тарихшунос олим Иоан Никиусскийнинг асарида маълум қилинишича, аксарият арийчи коптлар Ислом оламининг машҳур жаҳонгири Амр ибн Ос армиясига қўшилиб кетган экан. Ушбу ҳолатни профессор Фадил Сулаймон ўз тадқиқотларида ўрганиб чиққан ва ўтказилган бундай тадқиқотлар натижаларини «Муҳаммадгача яшаб ўтган мусулмон-коптлар» асарида қисқача баён этган.

Арийчилик тарихи янада чуқур тадқиқ қилинишини тақозо этмоқда, аммо гап черков томонидан турли йўллар билан сир сақланаётган тарих ҳақида борар экан, бу иш қийин кечиши муқаррар. Шу билан бир вақтда, таассуфки, замондош мусулмонларнинг кўпчилиги Исо алайҳиссалом таваллуд топганидан бошлаб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлик рисолати бошлангунга қадар ўтган 5 асрлик муддат давомида Исога имон келтириб, унинг асл таълимотига эргашиб яшаган биродарининг тарихи билан мутлақо қизиқмайди. Мазкур асарда ўша муваҳҳидлар ҳақида айтилган гаплар хамир учидан патир бўлиб, арийчиликнинг мажҳул тарихини тадқиқ қилишдек узундан-узоқ кечадиган йўл бошида қўйилган кичик бир қадамдир. Бу йўлга Ибн Хазм Андалусий, шайхулислом Ибн Таймийя каби улуғ уламолар, мисрлик тарихшунос олим Фадил Сулаймон каби замондош тадқиқотчиларимиз ва бошқа холис олимлар асос солган, мазкур асаримни тайёрлашда уларнинг илмий меҳнатларидан фойдаландим. Улар орасида черков томонидан юз йиллаб бекитилган ҳақиқатни фош этиш учун анчагина куч-ғайрат сарфлаган мусулмонлар, насронийлар, яҳудийлар, ҳатто ғарблик даҳрийлар ҳам бўлган. Бу йўлнинг қолган қисмини босиб ўтиш – сизу бизнинг олдимизда турган умумий вазифадир.

Арий исмли биргина қаҳрамон тарих жараёнини ўзгартириб юбора олгани ҳақида ўз фарзандларингизга сўзлаб беринг. Бунда у ҳеч кимда бўлмаган нарсага эга бўлгани учун эмас, балки ўша даврда кўпчиликнинг иродаси бўшлик қилгани, у эса кучли бўлганча, шиддат-ла эсаётган шамол қаршисида оёқда тик қолишни истагани учун қаҳрамон бўлганини таъкилаб ўтинг. Мана бугун биз, орадан қарийб бир минг етти юз йил ўтиб, ул муваҳҳид қаҳрамоннинг жасоратини эсламоқдамиз. Арийнинг ва Исога эргашган бошқа муваҳҳидларнинг гуноҳидан Ўзинг ўтгин, эй Қодир Аллоҳ!

Арий ва арийчилар ҳақидаги ҳикояларимни ниҳоясига етказиш учун Аллоҳнинг каломидан ўзга сўз топа олмадим.

«Масиҳ бинни Марям фақат бир пайғамбар бўлиб, ундан илгари ҳам кўп пайғамбарлар ўтгандир. Унинг онаси эса сиддиқа – Аллоҳга ҳаққи-рост иймон келтирган аёлдир. Иккаласи ҳам таом ер эдилар. Оят-ҳужжатларни уларга қандай баён қилишимизни кўринг, сўнг уларни қандай бўҳтон томонга оғаётганларини кўринг!» («Моида» сураси, 75-оят).

Аммо арийчилик билан «Чоҳ ёқасида йиғилганлар» ривояти ўртасида қандай алоқа бор?

Ривоятнинг бош қаҳрамони бўлмиш ўспирин ҳақида нималар ҳикоя қилинади?

Жиҳод Турбанийнинг
“Ислом умматининг 100 нафар буюк шахси” китобидан
Шокир ДОЛИМОВ таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!