Ота-онанинг бола ҳаққига ва зиддига дуоси Ҳақидаги боб (1-қисм)

04:00 01.06.2018 479

Ота-онанинг фарзанд ҳаққига ва зиддига қиладиган дуоси ҳақида кўп гапирилади. Аммо ўша гапларга далил бўлган матнларни кўпчилик аниқ билмаслиги мумкин. Шунинг учун бу мавзу бўйича одамлар орасидаги гапларга турли ноўрин маънолар ҳам аралашиб кетган. Келгуси ҳадиси шариф ва ривоятларни ўрганиш жараёнида бу борадаги билимларимизни мустаҳкамлаб ва аниқлаб олишга ҳаракат қиламиз.

14. (41). Муварриқ Ижлийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг йўлида қилинган нафақадан ҳам афзалроқ нафақа борлигини биласизларми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билади», дейишди. «Фарзанднинг ота-онага қилган нафақаси», дедилар. Ҳайсам зиёда қилди: «Иккисининг унга қилган яхши дуоси аслни собит қилади ва фаръни ўстиради. Дуоибадлари эса аслни ҳалок қилади».

Шарҳ: Кўпчилигимизнинг тасаввуримизда Аллоҳнинг йўлида қилинган нафақадан ҳам афзалроқ нафақа бўлиши мумкин эмасдек туюлади. Аллоҳнинг йўлида нафақа қилишга тарғиб этувчи оят ва ҳадислар кўплигидан ва улардаги маъно кучлилигидан мана шундай тасаввур пайдо бўлган.

Худди шу тасаввур саҳобаи киромларда ҳам бор экан. Бу ҳақиқатни яхши билганларидан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга қарата:

«Аллоҳнинг йўлида қилинган нафақадан ҳам афзалроқ нафақа борлигини биласизларми?» дедилар». Бундай нафақа борлигидан бехабар бўлганлари учун, саҳобаи киромлар ўзларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саволларига берган жавобларида:  «Аллоҳ ва Унинг Расули билади», дейишди».  Уларнинг бу жавобидан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг йўлида қилинган нафақадан ҳам афзалроқ нафақа борлигини баён қилиб:  «Фарзанднинг ота-онага қилган нафақаси», дедилар».

Демак, фарзанд топганини ота-онага сарфласа, уларга бериб, кўнглини олса, дуосини олса, хурсандчилигига сабаб бўлса, яхшилик етказса, улуғ ишни қилган бўлар экан.

Бу гапларнинг биз ўрганаётган бобга бевосита алоқаси йўқ. Яъни бу ерда ота-онанинг фарзандига дуоси ҳақида очиқ сўз юритилмаган. Бундай сўз энди келади.

«Ҳайсам зиёда қилди: «Иккисининг унга қилган яхши дуоси аслни собит қилади ва фаръни ўстиради. Дуоибадлари эса аслни ҳалок қилади».

Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийларидан бири бўлмиш Ҳайсам зиёда қилиб айтибдики: «Агар ота-она ўз фарзандига яхши дуо қилса, шу дуо аслни, яъни дуо олган фарзандни собит қилади ва унинг фаръини, яъни болаларини ўстиради, хайрга, баракага кўмдиради.

Ота-онанинг ёмон дуоси ҳалокатга учратади. Чунки ота-онанинг норози бўлгани, боласининг ҳаққига дуоибад қилгани оғир мусибат бўлади.

Шунинг учун мўмин-мусулмон инсон имкони борича отасига, онасига яхшилик қилиши лозим. У ўзида бор пулни, молни аямасдан, уларнинг яхши дуоларини олиш пайидан бўлиши керак. Аллоҳ сақласин, ёмон дуо ва қарғишларидан сақланиб, яхши ҳолатда юришга ҳаракат қилиши лозим.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Муҳим нарсани одамларга яхшироқ сингдириш учун аввал у нарса ҳақида савол бериш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг услублари экани.

2. «Аллоҳ ва Унинг Расули билади», дейиш саҳобаларнинг одобидан экани.

3. Аллоҳнинг йўлида қилинган нафақадан ҳам афзалроқ нафақа борлиги.

4. Фарзанднинг ота-онага қилган нафақаси Аллоҳнинг йўлида қилинган нафақадан ҳам афзалроқ экани.

5. Ота-онанинг фарзандга қилган яхши дуоси фарзандни собит қилиб, унинг зурриётини ўстириши.

6. Ота-онанинг ёмон дуоси фарзандни ҳалок қилиши.

15. (42). Жаъфар ибн Бурқондан ривоят қилинади: «Ҳар бир ота-онанинг фарзанди ҳақида кунига бир марта ижобат бўладиган дуоси бор. Агар қодир бўлсанг, ҳалок бўлувчи маҳрум бўлма». 

Шарҳ: Демак, ота-онанинг дуоси бир кунда ҳеч бўлмаса бир марта қабул бўлиши бор экан. Фарзанд ана шу дуони олиб қолиш ҳаракатида бўлиши керак экан. Шу дуони олиб қолмаса, кўп нарсадан маҳрум бўлар экан.

16. (44). Мужоҳиддан ривоят қилинади: «Ота-онанинг дуоси Аллоҳ азза ва жалладан тўсилмас». 

Шарҳ: Ота-она боласининг ҳаққига дуо қилдими, бас, тўсиқ йўқ, тўғридан-тўғри қабул қилинади. Шунинг учун ҳар бир фарзанд ота-онасининг дуосини олишга доимий равишда ҳаракат қилиб туриши лозим.

17. (45). Зайддан ривоят қилинади:

«Ҳасанга:

«Ота-онанинг боласига яхши дуоси нима?» дедим. 

«Нажот» деди. 

«Ёмон дуоси-чи?» дедим.

«Таг-туги билан қўпорилиши», деди».

Шарҳ: Демак, доимо ота-онанинг хайрли дуосини олиш пайида бўлиш керак экан. Ана шунда фарзанд нажот топар экан.

Ота-онанинг ёмон дуосидан доимо ҳазир бўлиб туриш керак экан. Ана шунда фарзанд таг-туби билан қўпорилишдан омонда бўлар экан.

18. (46). Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч дуо мустажобдир. Уларда шак йўқ: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзандига дуоси», дедилар».

Шарҳ: Демак, зулм қилишдан ва мазлумнинг дуоибадига учрашдан эҳтиёт бўлиш лозим. Имкони бўлса, мазлумларга ёрдам бериб, уларнинг хайрли дуосини олишга ҳаракат қилиш керак.

Шунингдек мусофирларга ёрдам бериб, уларнинг кўнглини олиб, сафарда ҳожатманд бўлиб юрган пайтларида уларнинг дуосини олиб қўйган яхши.

Энг муҳими, ота-онанинг дуосини олиб қолиш керак.

Ота-онанинг дуосини олиб, қарғишидан эҳтиёт бўлиш ҳар бир фарзанд учун ғоятда муҳимдир. Бу маъно кейинги саҳифаларда батафсил баён қилинган.

Мусофир одам ҳам ўзининг сафардаги ҳолати ила Аллоҳ таолога яқин бир вазиятга ўтиб қолади. Шунинг учун унинг дуоси ҳам қабул бўлиши аниқ бўлиб қолади.

Мазлум одам зулмда қолгани туфайли Аллоҳ таолога илтижоси кучайган ва дуоси мақбул бўладиган бўлиб қолади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч тоифанинг дуолари рад қилинмас: рўзадорники то оғзини очгунича; одил имомники; мазлумники. Мазлумнинг дуосини Аллоҳ булут устига кўтаради ва унга осмон эшикларини очади. Сўнгра Робб: «Иззатим ила қасамки, сенга кейинроқ бўлса ҳам нусрат берурман», дейди», дедилар».

19. (49). Мужоҳиддан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир нарса билан Аллоҳ азза ва жалланинг орасида парда бор. Фақатгина «Лаа илааҳа иллаллоҳ» шаҳодати ва ота-онанинг дуоси бундан мустасно», дедилар». 

Шарҳ: Мана шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмон «Лаа илааҳа иллаллоҳ»ни тарк этмаслиги, шунингдек, ота-онанинг дуосини олишга ҳаракат қилиши керак. Ана шунда жуда улуғ ва буюк бир фазлга, марҳаматга, бахтга, саодатга сазовор бўлади.

    20. (50). Мужоҳиддан ривоят қилинади: «Ота-онанинг дуоси Аллоҳ азза ва жалладан тўсилмайди».

Шарҳ: Яъни ота-онанинг фарзандига қилган дуоси тўсиқсиз қабул бўлади. Шунинг учун фарзанд ота-онадан яхши дуо топиш пайида бўлиши, Аллоҳ сақласин, ёмон дуо қилишларига сабабчи бўлиб қолмаслиги керак.

Шайх Муҳаммад Содиқ МУҲАММАД ЮСУФ

  (Яхшилик ва силаи раҳм китобидан)

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!