Илм

Ота-онаси ва яқинлари ҳақига истиғфор айтиш хосияти

2668

Маълумки, вафот этган банданинг савобли ишлари тўхтайди. Лекин солиҳ фарзандлар айтган истиғфор фойдаси ота-онага тегиб туради. Зеро, фарзанд инсон ҳаёти самараси, қалб қўри ила эккан, авайлаб парвариш қилган ниҳолидир. Фарзанд ота-онадан кейин унинг чироғини ёқиб туради: эзгу ишларини давом эттиради, ҳақига дуо қилади, истиғфор айтади. Бу билан марҳум ота-она руҳи шод бўлади, жаннатдаги мартабаси юқорилайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Бир кишининг жаннатдаги мартабаси кўтарилади. Шунда у: “Бунинг боиси нима?” деб сўрайди. Унга: “Фарзандинг айтган истиғфор сабабидан (шундай мақомга эришдинг)”, дейилади” (Ибн Можа, Аҳмад, Табароний ривоят қилган. Ҳадис санади ҳасан).

Бизда бирон одам вафот этса, эл-юртга ош бериш урф бўлган. Аслида 7, 20, 40 демасдан, муҳтож кишиларни чақириб таом берилса, муносиб одамларга хайр-эҳсон қилинса, яхши албатта.

Аммо, эҳсондан ташқари ўтганлар ҳақига истиғфор айтилса, беш вақт намоздан кейин дуо қилинса, фойдаси кўпроқ бўлади. Чунки, элга ёзилган дастурхон атрофида марҳум бир-икки марта эсланади. Намозлардан кейин ота-онаси, мўмин-мусулмон аждодлари ҳақига дуо қилса, истиғфор айтса, унинг савоби тўхтовсиз бориб туради.

Шундай фарзандлар бор: ота-онаси ўтиб кетганидан кейин маъракаларини дабдаба билан ўтказиб, “Уларнинг руҳини шод қилиб қўйдим”, деб калта ўйлайди. Йўқ, маъракани чиройли ўтказиш билан иш битмайди. Зеро, ота-она фарзанд қилаётган ибодатдан, дуодан, айтаётган истиғфордан манфаат кўради. Намозлардан кейин: “Ё Аллоҳ, ота-онамни раҳматингга ол, гуноҳларини кечир, қабр азобидан сақла!” деб дуо қилинг. Шунда ота-онангиз руҳи шод бўлади, қабри нурга тўлади.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам маййит дафн этилганидан кейин қабр бошида туриб: “Биродарингиз ҳақига истиғфор айтинг, унга сабот тиланг! Чунки у ҳозир сўроқ қилинмоқда”, дедилар” (Абу Довуд, Баззор ривоят қилган. Ривоят санади ҳасан).

Уламолар таъкидлашича, маййит дафн этилганидан кейин унинг ҳақига истиғфор айтиб туриш мандубдир.

Бу ҳадисдан уч хил хулоса чиқади:

1. Маййитга тириклар дуоси фойда беради.

2. Банда қабрда савол-жавоб қилинади.

3. Маййит кўмилгани заҳоти сўроқ қилина бошлайди.

Демак, жанозада қатнашган одам маййит ҳақига истиғфор айтади, қабр азобидан, дўзах ўтидан сақлашини сўраб Аллоҳга дуо қилади.

Биздаги урфга кўра, маййит дафн этилганидан сўнг яқинлари қолиб, Ёсин билан Таборак сурасини ўқишади. Аслида асосий эътибор дуога, истиғфорга қаратилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Касал ёки маййит ҳузурида яхши (гапларни) гапиринг! Чунки фаришталар сиз айтаётган (ҳар бир гап)га “омин” деб туради”, дедилар. Абу Салама вафот этганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб: “Эй Расулуллоҳ! Абу Салама вафот этди!..” дедим. Шунда у зот: “Ё Аллоҳ! Унинг гуноҳларини кечир, ортидан менга чиройли ўринбосар қолдир! – деб айт”, дедилар. Мен ўша дуони ўқигандим, Аллоҳ менга Абу Саламадан ҳам яхшироғини – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни насиб этди” (Муслим, Термизий, Насоий ривоят қилган).

Абу Салама розияллоҳу анҳу оламдан ўтганида Пайғамбар алайҳиссалом Умму Саламага кўп истиржо айтишни, маййит ҳақига дуо қилишни ўргатганлар. Умму Салама онамиз айтилган ишни бажардилар. Натижада Аллоҳ таоло у зотга Абу Саламадан ҳам яхшироқ жуфтни – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўринбосар қилиб берди.

Беморни кўргани борганда унинг кўнглини кўтарадиган гаплар айтилади, “Кўринишингиз анча яхши. Аллоҳ хоҳласа, ҳали соғайиб кетасиз”, деб чиройли сўзлар билан хушнуд этилади. Шунингдек, жаноза ҳозир бўлганида, “Эй Парвардигор, унинг гуноҳларини кечир, савол-жавобини енгил қил, қабр азобидан асра!” деб маййит ҳақига дуо қилинади. Қолаверса, марҳум ҳақида фақат яхши гаплар айтилади. Чунки биз айтаётган ҳар бир гапга фаришталар “омин!” деб туради.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимда-ким мўмин-мўминалар ҳақига истиғфор айтса, Аллоҳ ўша бандага ҳар бир мўмин-мўмина учун битта савоб ёзади” (Табароний “Муснадуш шомиййин”да ривоят қилган. Ҳадис санади ҳасан).

Бир мусулмон киши: “Ё Аллоҳ! Мўмин-мўминалар гуноҳини кечир, уларни авф эт!” деб дуо қилса, ер юзида қанча мусулмон бўлса, шунча савобга эришади. Дунёда миллиардлаб мусулмонлар яшайди. Вафот этиб кетган имонли инсонлар қанча? Шуни ҳисобга олганда, биродарлари ҳақига истиғфор айтиш улкан савобли ишлиги маълум бўлади.

Ҳар ким ўз она тилида истиғфор айтиши мумкин. Истаса, “Аллоҳуммағфир лий ва лил муъминийна вал муъминаат”, деса ҳам бўлади. Муҳими, истиғфорни ихлос билан, чин дилдан айтса бўлгани.

Ривоят қилинишича, Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: “Эй Расулуллоҳ! Менинг тилим ўткир. Кўпинча оилам аъзоларига оғирроқ гапириб қўяман. (Бу хатоимни тузатишнинг қандайдир йўли борми?)” деди. Шунда у зот: “Сен истиғфор айтмайсанми ? Мен бир кеча-кундузда (ёки бир кунда) юз марта истиғфор айтаман”, дедилар (Ибн Можа, Доримий, Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ривоят қилган. Ривоят санади заиф).

Кимда-ким ота-онаси, ака-укалари ёки фарзандларига билиб-билмай қўполлик қилса, қаттиқроқ гапириб кўнгилларини оғритиб қўйса, улардан кечирим сўрайди, ҳақларига дуо қилади, истиғфор айтади.

Айрим кимсалар ота-онаси тириклигида қадрига етмайди, уларни хафа қилади, дилларини оғритади. Вақт ўтганидан кейин ақли кириб, қилмишига пушаймон бўлади, айбини қандай ювишни билмай виждон азобида қийналади. Ана шундай кишиларга ҳам марҳум ота-онаси ҳақига кўп истиғфор айтиш, дуо қилиш, солиҳ амаллар савобини бағишлаш тавсия этилади.

Зиёвуддин РАҲИМ, 
“Истиғфорнинг 40 хосияти” китобидан.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Жума куни ва кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтиш суннатдир.

1020 22:00 20.03.2020

Ҳажга навбат узунлигидан нолиётганлар...

3368 22:20 11.01.2020

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: “Ўтганларга савоби етадиган амаллар...”

1272 17:00 08.01.2020

Истиғфор айтиш деганда, қандай зикрларни айтсак бўлади?

2007 18:14 23.06.2019

Ўкинманг ва истиғфорни кўрайтиринг! Шубҳасиз, Роббингиз ўта мағфиратли ва кечиримли зотдир

1129 23:00 13.06.2019
« Орқага