Ахлоқ

“Отамни уйлантираман...”

2457

Сўнгги меҳмоннинг қадами остонадан узилганида, майдалаб ёмғир ёға бошлаганди. Эрталабдан буён келди-кеттини кузатган Ҳайдарали ака бутун вужуди зирқираб оғриётганини энди сезди. Отасининг бу ҳолатини зимдан кузатиб турган Нуриддин дарров падари ёнига югурди.

— Келинингиз меҳмонхонага жой тайёрлаб қўйди, кириб бироз дам олинг.

 — Шундай қилсаммикан? — Ота ёш боладай иккиланиб, тўнғич ўғлига итоаткор боқди. — Ишқилиб, яна биров кеп қолмасмикан?

Нуриддин жавоб ўрнига уй эшигини очди:

 — Қош қорайганда ким ҳам дарвоза қоқарди, хотиржам ёнбошлайверинг.

Ота аввал шом намозини ўқиди. Сўнг уй тўридаги диванга ўтирди. Келини салом бериб кириб, хонтахта устига қайноқ чой билан тоғ асалини қўйиб чиқиб кетди. Аммо ота уларга қўл теккизмади. Шу топда унинг хаёли ўзида эмасди. Негадир мана шу кенг хона тордай, нурсиздай туюлди. Кўнгли бузилди. Деворга илинган суратга кўзи тушганида, кўзларида аччиқ ёш айланди.

— Эҳ, хотин,— дилидан ўтказди у, — шу ёшимда тентиратмай, яна бироз яшасанг, невараларнинг орзу-ҳавасини кўрсанг бўлмасмиди? Ахир бу кунларга осонликча етиб келмовдик-ку?! Ўн битта фарзандни туғиб, вояга етказиб, уйли-жойли қилгунча озмунча ташвишларни бошимиздан кечирдикми? Шукр, болалар қобил чиқди, бири-бирини қўлидан етаклаб, даврага қўшилишди. Энди оғзимиз ошга етганида, бунақа ғафлатда қолдирасан, деб ўйламовдим-а...

Эшик очилиб, елкасига енгил, астарсиз чопонини илган ўғли кўринди.

— Ие, нега чойни совутиб қўйдингиз?— У шундай деб, атлас гулли пиёлага чой қуйиб узатди. Ота дивандан тўшакка тушди.

— Оёғингизни уқалаб қўяйми, қани узатинг.

Ўғил отасининг ёнбошига парқу ташлаб, ўзи ёнига чўккалади. Нафақат оёғи, елкаларини ҳам эринмай, меҳр билан силаб-сийпалади.

Нуриддин элликка яқинлашса-да, ҳамон йигитлардай серҳаракат, чаққон эди. У ўғил эмас, худди жигаридай сирдош, ҳаммаслак, дардкашига айланиб қолганди. Ўзиям бўш вақтини асосан отасининг олдида ўтказар, на улфатчилик, на меҳмондорчиликка рағбати йўқ эди. Ўтган йили ота-онасини ҳаж сафарига олиб борди. Шундай муқаддас Маккатуллоҳ билан Мадинада ҳам “поҳ” демай, хизматига бел боғлади. Фақат уларнинг эмас, ҳамсафарларининг ҳам дуосини олди.

— Чарчадинг, болам,— Ҳайдарали ота Нуриддинга ўгирилиб, уни тўхтатди,— сен укаларингга, сингилларингга жавоб бериб юбор. Мана, онанг бечоранинг қирқи ҳам ўтди. Энди ҳар ким ўз ишини қилсин. Шу топда бекорчидан Худо безор, дейдилар. Бир йил фарёд чексак ҳам энди раҳматлининг изини ҳам тополмаймиз. 

Нуриддин ҳам шу фикрда эди. Бир пастда жигарларини бошлаб кирди. Ота уларни дуо қилди. Сўнг хайр-ҳўшлашиб, бирин-сирин уй-уйларига тарқалдилар. Ҳайҳотдай ҳовли жимиб қолди.

Ҳайдарали ота чимилдиқдан то шу кунгача ая билан ўтказган фароғатли дамларини эслади. Яна кўнгли бузилди. Қўлидаги дуррасига кўз ёшларини артиб, Аллоҳдан сабр тилади. Ҳозирги аҳволини ўғлига билдирмаслик учун хуфтонни эртароқ ўқишга киришди. Ибодатдан сўнг, индамай ётоғига кирди. Кўрдики, бугун ҳам ўрин иккита солинганди. Эшикни қия очиб, ўғлини чақирди. Ўз хонасида одатига кўра, китоб ўқиётган Нуриддин шиппагини оёғига илиб, ҳовлига чиқди.

— Тинчликми, дада?

— Қани, бу ёққа кир-чи?— Ота шундай деб, ўзини ичкарига олди. Ўғил чопқиллаб келди.

— Бирон овқат қилдирайми, дада?

Ота қўли билан жойни кўрсатиб, деди:

— Мана бу ерда ким ётади?

Нуриддин ҳайрон бўлди.

— Ҳар куни ёнингизда ўзим ётибман-ку!

Ота нигоҳини ўғлига қадади.

— Тўғри, ота-бола роса ҳасратлашдик. Энди, онангнинг қирқи ўтди, жойингни уйингга кўчир. Ахир бу қанақаси, болам.

Ўғил отасини ўтиришга таклиф этди. Ўзи ҳам пойгакка чўккалади. Кўзларини ерга тикди.

— Дада, сизни ёлғиз қолдиришга кўнглим бўлмайди.

Энди падарнинг ҳайронлиги ортди.

— Бу нима деганинг?

— Бу ёғига ҳам сизга ҳамроҳман деганим.

— Эсинг жойидами?

— Ахир сиз...

— Бўлди, мен гўдак эмасман. Жуда хавотирлансанг, катта ўғлингни чиқарарсан.

Нуриддин бошини кўтарди.

— Йўқ дада. Менинг аҳдим шу, ё доим ёнингизда ётаман, ёки...

— Хўш? 

— Ёки уйланасиз!

— Нима! Шу фикр қандай хаёлингга келди. Онангнинг руҳини чирқиратиб—а! Қани жўна, чиқ бу уйдан.

— Дада, мени ҳеч ким бу ердан чиқаролмайди. Мен сизни ёлғиз қолдиролмайман. Хоҳласангиз уринг, сўкинг... Аммо раъйимга қарши турманг.

Ҳайдарали ота индамай тўшакка орқасини қилиб ётиб олди.

Келаси пайшанба қизлар акасини ўртага олишди. Аммо Нуриддин бўш келмади.

— Наҳотки, бор ҳақиқатни тушунмаяпсизлар, — деди у ишком остидаги чорпояда жамул-жам тўпланишганида. Яхшики, Ҳайдарали ота пешин намозини ўқиш учун масжитга чиқиб кетганди. — Отам анча қариб қолди. Унга хотин эмас, энага керак.

Катта синглиси йиғлаб туриб, деди:

— Онам ўрнида бошқа хотинни кўриш бизга қанчалик оғирлигини биласизми?

Ғайридиннинг муслима аёлга, мусулмоннинг эса ғайридин аёлга уйланиши

Ака босиқлик билан фикрини уқтирди.

— Мана, сизлар ўзингизни ўйлаяпсиз. Бизни эса отамнинг ҳаёти қизиқтиради. Гап тамом, вассалом. Нариги маҳаллада бефарзанд бир отинча аёл бор экан. Укаси билан ўтираркан. Мен Неъматжоннинг кўнглига қўл солиб кўрдим. Қаршилиги йўқ. Энди бутун умид сизлардан.

— Мен ўлсам ҳам совчиликка бормайман, — масалани чўрт кесди ўртанчи сингил.

— Мен ҳам розимасман,— деди кенжаси қовоғини солиб.— Онамнинг юзига оёқ босиб.

— Ҳой қизлар! — деди боядан буён суҳбатга қўшилмай турган ўртанчи ўғил, — акам ҳақ. Агар дадамнинг умри узун бўлсин, ғам-андуҳга тушиб қолмасин, ёлғизлик азобини тортмасин, десак, тезда бир ҳамроҳ топишимиз зарур. Сизлар ниҳоятда калта фикр юритяпсизлар.

— Мавриди келганга ўхшайди,— деди Нуриддин овозини бироз кўтариб,— очиғини айтсам, бу онаизоримизнинг васияти. Вафотидан уч кун илгари мени ҳузурига чорлаб, “отанг ниҳоятда кўнгли бўш, ёш боладай қаровга муҳтож одам. Мабодо дунёдан ўтсам, қирқим чиқиши билан битта аёлни никоҳлаб  беринглар”, деган. Мен шу васиятни адо этмоқчиман.

Қизлар сукутга чўмишди.

— Ундай бўлса,— деди каттаси акаларига бирма-бир қараб,— нега шу гапни бизга айтмади?

— Ҳа-я...— унинг мулоҳазасини маъқуллашди бошқалари, — бунисига нима дейсиз?

Нуриддин қатъий жавоб берди.

— Онам сизларни аяган кўринади. Бунақа жиддий гаплар фақат эркакларга ишониб айтилади. — У бироз тин олиб, суҳбатга якун ясади. — Бу ёғи сизларга қолди. Аллоҳнинг иродаси экан, онамиздан айрилдик, энди дадамизни асрайлик... Буни ҳаёт дейдилар.

Ана-мана деб, орадан икки ой вақт ўтди. Ниҳоят отахон, қизлар ҳам тўнғич ўғил таклифига кўндилар.

Қариндош уруғлар иштирокида хатми ўқитилиб, отинойи аёл хонадонга олиб келинди. Аввалига очилмай турган қизлар исломий илмдан хабардор, бева эркак хизматини худди ибодат деб билган, юзларидан ўзига ярашимли нур ёғилган онахонни кўрганларида, беихтиёр дил қулфлари очилди.

— Ассалому алайкум, бувижон, — деди катта қиз тавозе билан. Сингиллар ҳам унга эргашиб, оиланинг янги бекасини бағрига босишди. Улар суҳбатлашиб туришганида, катта келин ичкари уйдан думалоқланган кўрпачаларни кўтариб, ўз хонасига кўчирарди.

Шу куни Нуриддин онаси ўтганидан буён биринчи марта хотиржам ухлади.

Абдумутал Абдуллаев, 
фахрий журналист

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Нафсини тийганди, ризқ эшиги очилди...

1025 23:02 18.02.2020

Отасини рози қилмаган деҳқон...

673 13:40 17.02.2020

Отасига қўл кўтарган оқпадар

1358 14:16 13.02.2020

Фақирлик – қалб бўшлигида...

1130 08:00 31.01.2020

Корейс полицияси нега ўғри отани кечирди?

1304 22:00 30.01.2020
« Орқага