Отамнинг зикрлари ва вирдлари (“Бу менинг отамдир”)

19:30 10.01.2018 651

Отамнинг намоз билан машғул бўладиган, овқат тановул қиладиган ва уйқуга чўмадиган вақтларини истисно қилсак, қолган вақтлари ва умр лаҳзалари зикр ва вирдларга тўла бўларди. Шу билан бирга унутмаслик керакки, илм билан шуғулланиш ва Қуръон тиловати зикр турларининг энг улуғларидандир. Отам ҳатто юрган йўлларида ҳам зикр қилиб юрардилар. Бошқа дунёвий муомалотларига ҳам, қўлдан келганича Аллоҳ азза ва жалланинг зикрини аралаштирардилар.

Агар қандайдир муддат у кишини ғафлат пардаси ўраб олса, тезликда уйғонишла Аллоҳга қайтардилар ва зикр, ҳам вирдларига қайтадан машғул бўлардилар.

Отам роҳимаҳуллоҳ кунлардан бирида бошларидан ўтказган бир неча дақиқани кўп эслардилар. Ўша дақиқаларни ғафлат онлари ҳисобгандилар. Лекин Аллоҳ ҳолларини ислоҳ қилиб, бундан қутқарадиган кишини у кишига юборганди.

Отам айтадилар: “Мен Байрутнинг атрофидага бир жойда эдим. (Отам ўшанда Жазира аҳолисидан бир касалнинг хизматини қилиш учун Лубнон (Ливан)га боргандилар). Лимон дарахтлари билан тўла бир боғда ўйга чўмгандим. Боғ гуллар билан балқиган, унинг муаттар бўйи атроф минтақани тўла тутганди. Қўлимни орқага қилиб хотиржам ўйга толдим. Шундай ҳолда эканман, тўсатдан ортимдан бир киши тирсагимдан ушлади. Ортимга ўгирилиб қарасам мен танимайдиган ва кўрганимни эслолмайдиган бир одам турарди. У менга салом берди ва: “Менга лимон бўёвчининг уйини кўрсатиб қўяоласанми?”, деди. Мен унга: “Бу жойда батамом ғарибман. Ҳеч кимни танимайман”, дедим. У менга боқиб: “Мен ҳам сендек ғарибман”, деди.

Отам айтадилар: “Мен шунда гўё уйқудан уйғонгандек бўлдим. Бу одам нимани назарда тутганини билдим ва унга: “Мўминнинг қалби”, дея жавоб қилдим”

Давомида улар ўрталарида қандай суҳбат кечганини билмайман. Лекин отам роҳимаҳуллоҳ эҳтимол солиҳлардан бўлган бу кишининг саволида ўзларини ғафлатдан уйғонишлари лозимлигини кўргандилар. Зеро ўшанда лимонни, унинг гули ва муааттар ҳидини Яратган зот тўғрисида фикрлаш қолиб, Унинг махлуқи ва санъати ҳақида ўйга толган бўлганлар...

Малайзиялик танишларидан бири ўқиб эргашиш учун отамнинг тун ва кундуз ўқийдиган зикр ва вирдлари ҳақида сўраб мактуб юборади. Отам ҳам унга кеча ва кундуз ўзлари ҳарис бўлган зикр ва вирдларининг баёнини ёзиб жўнатдилар. Улар ичида намозлардан кейин ўқиладиган маълум зикрлардан тортиб, уйқудан уйғонгандан кейин, таҳоратдан кейин ўқиладиганигача бор эди.

Бу зикрлар имом Нававий роҳимаҳуллоҳнинг “Азкор” китобларига ўхшаган китобларда маълум ва мазкурдир.

Лекин бу ўринда отам ҳар тонг ва оқшом қатъият билан бажарадиган бошқа мажбуриятларини келтириб ўтаман. Булар малайзиялик кишига ёзилган жавоб мактубида зикр қилинган:

Ҳар тонг ва оқшом Ёсин сурасининг қироати.

Ҳар оқшом Сажда, Воқеъа ва Мулк сураларининг қироати.

 سبحان الله و بحمده سبحان الله العظيم استغفرالله

“Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ. Субҳаналлоҳил ъазийм. Астағфируллоҳ”ни бомдод намозидан олдин юз марта.

 لا اله الا الله “Ла илиҳа иллаллоҳ”ни ўн марта. Шунча марта سبحان الله “Субҳаналлоҳ”, الحمد لله “Алҳамдулиллаҳ” ва استغفر الله “Астағфируллоҳ”ни бомдод азони ва намози ўртасида.

Ҳар тонг ва оқшом استغفرالله الحى القيوم و اسئله التوبة “Астағфируллоҳул ҳаййул қоййум ва асъалуҳут тавба”ни юз марта.

Ҳар тонг ва оқшом Ихлос сурасини юз марта.

Ҳар тонг ва оқшом لااله الاالله “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни юз марта.

Ҳар тонг ва оқшом اللهم صل على النبى الامى محمد و على آله و صحبه

“Аллоҳумма солли ъалан набиййил уммиййи Муҳаммадив ва ъала олиҳи ва соҳбиҳи”ни юз марта.

Ҳар куни سبحان الله و الحمد لله و لا اله الا الله و الله اكبر

“Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”ни юз марта.

Ҳар тонг ва оқшом لا اله الا الله وحده لا شريك له له الملك و له الحمد و هو على كل شيء قدير

“Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду. Ва ҳува ъала кулли шайъин қодийр”ни юз марта.

Булар ҳар тонг ўзлари ўқийдиган вирдларга қўшимча бўлиб, уларнинг баёни ва нақлини қилсак чўзилиб кетади. Улар имом Нававийнинг вирдлари ва мана бу калималардек қўшимчалардир:

سبحان الله العلى الديان سبحان الله شديد الاركان سبحان من يذهب بالليل و ياءتى بالنهار سبحان من لا يشغله شأن عن شأن سبحان الله المسبه فى كل مكان

“Субҳаналлоҳил ъалиййид даййан. Субҳаналлоҳи шадидил аркон. Субҳана май язҳабу биллайли ва яътий бин наҳар. Субҳана ман ла яшғулуҳу шаънун ъан шаън. Субҳаналлоҳил мусаббаҳи фи кулли макан”

 اللهم انى اعوذ بك ان اشرك بك و انا اعلم و استغفرك مما لا اعلم انك انت علام الغيوب

“Аллоҳумма инни аъузу бика ан ушрика бика ва ана аълам. Ва астағфирука мимма ла аълам. Иннака анта ъалламул ғуйуб”. Буларни уч мартадан ўқирдилар.

Сўнг

بسم الله ما شاءالله لا يسوق الخير الا الله بسم الله ما شاء الله لا يصرف السؤ الا الله بسم الله ما شاء الله ما كان من نعمة فمن الله

“Бимиллаҳи ма шааллоҳ. Ла ясуқул хойро иллаллоҳ. Бисмиллаҳи ма шааллоҳ. Ла ясрифус суа иллаллоҳ. Бисмиллаҳи ма шааллоҳ. Ма кана мин неъматин фаминаллоҳ”.

Шунингдек “Ё Рабб, Музардан бўлган мухторга салавот бўлсин”, дея бошланадиган Бусирийнинг “Музарийя” қасидаларини ҳар тонг ўқишни қўймасдилар.

Тонг вирдларини бомдод бўлиши билан бошлардилар. Оқшом вирдларини эса аср намозидан кейин бошлардилар. Агар асрдан кейин дарс ёки шунга ўхшаш ишлар билан машғул бўлиб қолсалар, бажаролмаган вирдларини кечроқ қазо қилардилар.

Умуман олганда доимий турадиган кичик ҳужраларида ё Қуръон қироатига машғул ё илмий масалани ечишга берилиб кетган ё вирд учун тасбеҳ кўтарган ҳолда кўринардилар холос.

Диний фойда талабида ёки дунёвий ҳожатларини сўраб келган зиёратчиларни, ёрдамларини аямаган ҳолда қўлдан келганича чиройли кутиб олардилар. Вазифаларини бажардим ва сўралган нарсани адо этдим деб билсалар, яна зикр ва вирдларини давом эттириш учун тасбеҳларини[1] қўлга олардилар.

Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг “Бу менинг отамдир” китобидан


[1] Отам тасбеҳни хўжакўрсинга, эрмак учун ё бехуда кўтариб юришни кариҳ кўрардилар. Фақат уни зикрлардан иборат вирдларини санаш учун ишлатардилар. “Айрим одамлар, тасбеҳ ишлатиш бидъат, ҳаром дейишади. Бунинг ҳақиқати қандай?”, десангиз, жавоб қуйидагича: “Албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга бир кунда юз марта тасбеҳ айтишга тарғиб қилганлар. Муслим “Саҳиҳ”ларида шундай ворид бўлган. Бу одамларга энди айтинг: Бу саноқни аниқлашнинг қандай йўли бор? Уларнинг саволингизга берган таклифи қандай бўлмасин, бидъат саналади. Чунки суннатда бунинг йўли ўргатилмаган. Энди бир восита билан бошқасининг ўртасини фарқлаш эса ботил ишдир. Агар бу одамларнинг ақли бўлганда эди, ислом шариатида “Матлуб фақат у билан том бўладиган нарса ҳам матлубдир”, деган қоидани билган бўлардилар. Масалан, бомдод намозига уйғонишим матлуб бўлса ва бу матлуб будильник (ўзбекчасини тополмадим, тарж.) ёрдамида амалга ошадиган бўлса, будильникдан фойдаланишим матлуб бўлади. Ақллилар бу каломни идрок этишади ва қўллаб-қувватлашади. Бу баёндан кейин ҳам уни кўрмаганга олганларни билингки, улар фитна бозорига даллоллардир. Бундан ва улардан эҳтиёт бўлинг!!”

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!