Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Отаси учун тиламчилик қилган бойвачча...

6198

"Аҳмоқлик"! – дедим мен у кишини бозорнинг ўртасида кўриб. 

Бадавлат одам қиммат кийимларда садақа сўраб турса хунук кўринар экан. Қўша-қўша уй, машина, заводларга эга бўлган Ботир аканинг бозор ўртасида “Худо йўлига садақа қилинг!” – деб тургани менга ғалати кўринди.

“Ўлееее одам бўлмай” – дейман пичирлаб. Наҳотки, мана шунча бойликка садақа сўраб етган бўлса?! Йўғеее унчалик эмасдир? Ахир ёшлигидан меҳнатдан бош кўтармаган инсон эди-ку?!

Кўнглимда шубҳалар илдиз отаверади. Бир бу ён босилсам, бир бу фикримни устун биламан. Йўқ... шарт бориб юзига тупуриб юборишга ўзимда куч топа олмаяпман. 

Менинг қизиқишим ортган сари ортиб бораверди. Не кўз билан кўрайки, инсонлар узатган пулларни олгани йўқ. Пулни олиб, уларга нимадир деб, пулни уларнинг ўзига қайтиб узатяпти.

Қизиқ!

Қизиқишим янада ортиб бораётгани сабабли илдам қадамлар билан Ботир акага яқинлашиб қолганимни сезмабман. Чўнтагимга қўл суқдим. Бирор сўм олиб узатсамми, дея ўйладиму, кейин фикримдан қайтдим. Нега у пулларни қайта узатяпти?

Тағин бир савобталаб киши пул билан яқинлашди. Пулни олди-ю «Илтимос шу пулга нон олиб келиб беринг» – дея қайтиб узатди.

Нега энди айнан нон?

Мен ҳам югуриб бориб бир жуфт нон олиб, Ботир ака томон шошилдим. Йўқолиб қолибди. Наҳотки кетиб қолган бўлса? Мени кўрган бўлса ўрнини алиштирдимикин? Қўлимдаги нонни қўлтиққа уриб, излана бошладим. Бозорни икки айланиб ҳам топа олмадим.

Уйга қайтаман деб машиналар тўхташ жойига яқинлашганимда Ботир акани машинасида кўриб қолдим. Машинадан тушиб, мени чақирди. Бирга олиб кетмоқчи экан. Машина ўриндиғига ўтирдим-у тилимда турган гапни айта олмаяпман. Қўлтиғимда иккита нон.

"Сизга олгандим” деб айтиш, “сизни кўргандим" деб сўз очиш роса оғир бўларкан. Бир гап бўлар дея сўз бошладим.

– Бу дейман бозор-ўчарга келганмидингиз?

– Э йўқ. Нимасини айтсам экан.

Отам касал бўлиб қолди. Шифокорлар бизнинг касалимиз эмас деб қайтариб юборди. Аёлларни биласиз, табиблар олдига бориб, турли маслаҳатлар сўрашга уста. Қайсидир бир олим киши “Уч кун садақа сўраб, садақа нонни овқат қилиб беринглар”, – дебди. Бугун иккинчи кун. Отам учун ҳар нарсага тайёрман. Садақа сўраб қайтяпман. 

Кўзларига ёш олди Ботир ака.

Тўқсонга яқинлашиб қолган Амир бригадир касал эканини эшитгандим. Лекин отасининг саломатлигини истаб не бўлса, тайёр ўғилнинг борлиги ҳам кўнгилни бўшатиб юборар экан. Мен ҳам қўшилиб йиғладим. Қўлтиғимдан нонни олиб узатдим.

– Мана шуни ният қилиб олгандим. Амир бувани кўргани бир алоҳида ўтаман. 

Уй олдида тушиб қолдим. Орадан кўп вақт ўтмасдан Амир бува кўча куйда пайдо бўлди. Анча бақувват бўлиб қолибди. Ўзимча табибнинг айтганлари-ку бир гапдир, аммо фарзандлар меҳри шу инсонни оёққа турғизган дея фикр қилдим.

Бир куни Ботир ака қўлимга даста пул тутқазди.

– Ука, мана шуни ол. Отам ўша куни сен берган нонларни саралаб, шуни синдириб бер-чи, – деб айтдилар. Ҳаммаси бир хил нон бўлса-да, шунинг мазаси бошқача экан. Эгасини рози қилиш керак деб қолдилар. Истасанг ўзингга ол, истасанг, нонвойни топиб рози қил.

Пулни қўлимда тутганча нон растасини икки-уч бор кезиб чиқдим. Аммо ўша нонвойни қайта учратмадим. Сотувчилар ҳам у кишини танимаслигини, бир мартагина кўришганини айтишди. 

Кейин ўйланиб қолдим, – балки бу нонвойни Яратганнинг ўзи менга учратгандир? Шу инсон орқали мени чин дилдан саховатга ундагандир? Умуман олганда мен тутқазган нонларимни садақа ўрнида эмас, албатта чин дилдан эҳсон қилганим, кўнглимда заррача оғринмаганим сабабли Амир бувага шифои комил етган бўлса ажаб эмас. 

Шу воқеадан сўнг яхшилик қилишда-ку кўнглимга оғир олмаслик билан биргаликда, яхши сўз айтишда ҳам барқарор бўлишга аҳд қилдим.

Нуриддин Зиё

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Россия НАТО учун асосий таҳдидга айланади”

102 09:15 03.12.2020

Аллоҳнинг севгисини қозониш учун

106 09:05 03.12.2020

Эрон: “Фахризоданинг қотиллари аниқланди”

461 08:47 03.12.2020

Сингапурликлар сунъий товуқ гўшти ейдиган бўлди

862 21:05 02.12.2020

Ҳалол луқма (ҳаётий қисса, охирги қисм)

789 20:20 02.12.2020

Британияда коронавирусга қарши вакцинадан фойдаланишга рухсат берилди

124 20:05 02.12.2020
« Орқага