«Отатурк тирик бўлганида, рўмол билан ўқий олмасдингиз»

12:30 11.01.2019 4947

Туркиянинг Истанбул шаҳрида рўмолли бир қизга ҳужум қилган аёл жазога тортилди, дея хабар бермоқда “Анадолу” агентлиги.

Лицей ўқувчиси Фатма Дилара Аслихан Йиғит минибусда кетаётган пайтда Айхан Алмила Курсарнинг ҳужумига учраган. Суд Курсарни виждон эркинлигига тўсқинлик қилиш ва ҳақоратлаш бўйича айбдор деб топиб, унга нисбатан 1 йилу 10 ой 15 кунлик шартли қамоқ ва 3880 лира (тахминан 715 АҚШ доллари) миқдорида жарима жазоси тайинлади.

Маълум бўлишича, лицей ўқувчиси минибусда ўқитувчиси билан суҳбатлашиб кетаётган бўлган ва унга физика бўйича ўқиш нияти борлигини айтган. Шу маҳал орқа ўриндиқда ўтирган Курсар: “Отатурк тирик бўлганида, рўмол билан ўқий олмасдингиз”, деган ва қизга ташланиб, рўмолини юлқиб олган.

Судланувчи ҳодиса юз берган пайтларда психологик муолажада бўлганини, минибусда нималар қилганини билмай қолганини айтиб, жабрланувчидан узр сўради.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!