Овропанинг хатарли истиқболи

20:00 15.02.2018 8212

Ёки қитъа ахлоқининг ҳалокатли инқирозга юз тутаётгани ҳақида

Аввало эътиборингизни икки ҳужжатга тортмоқчиман: Усмонлилар султони Сулаймон Қонунийнинг Франция императори Француага ёзган мактуби қуйидаги маънода эди: «Менким, қирқ саккиз юртнинг императори Қонуний Султон Сулаймонман. Менга етган хабарларга кўра, сенинг мамлакатингда «танца» номида хотин билан эркак бир-бири ила қучоқлашиб, халойиқ олдида очиқчасига ўйин тушадиган одат пайдо бўлибди. Ҳудудларимиз битта бўлгани боис, ушбу разолатли ўйиннинг мамлакатимга ўтиш эҳтимоли мавжуд. Номаи ҳумоюним қўлингга етгани замон бу ўйинни тўхтатсанг-тўхтатдинг, тўхтатмасанг, менинг ўзим бориб тўхтатаман». Мана шу биргина мактуб туфайли Францияда тўла юз йил танца ўйини ман этилди. Бу ҳақда Франция тарихига оид манбаларда ҳам қайд этилган (Сайёҳ Хаммер, «Тарих», 1-нашр, Истанбул, 1987 йил). 

Энди туркий халқлар зиёлиларининг маънавий устози Исмоил Ғаспиралининг мана бу сўзларига эътибор беринг: “Таҳсил ва эътибор доирасидан қолдирилаётган... илм бир неча минг йилдан бери емирилиб, оқавалари бугунги кунгача келган Оврупа маданияти танимаган “ахлоқ ва ҳаққониятдан баҳс этувчи” юксак илмдир. Оврупанинг қаерида бўлмасин, зоҳирий порлоқлиги жуда кўп кишини чалғита олади. Ўйлайсанки, тарбия ва роҳат, завқ ва назокат, адолат ва бахтиёрлик дунёнинг ҳар тарафида кўтарилгану ёлғиз шу ерда жам бўлган! Ҳайҳот! Порлоқликка порлоқ, аммо порлаган нарсанинг ҳаммаси ҳам олтин ва кумуш эмасдир. Бир тарози оламиз-да, Оврупада кўрганларимизни тортамиз: ажабо ҳисоб-китоб қилиб бўлармикин? Лондонлик бир ледининг, парижлик бир хонимнинг тарбия, латофат ва назокатигами ҳайрон қолайлик? Лондон ва Париж кўчаларида тани ва номусини сотиб юрган рўйхатдаги юз эллик минг фоҳиша хонимларгами диққат қилайлик?... Оврупа ичида черков ва Инжилга имон қолмаганигами ҳайрон бўлайлик? Алсос Лорен бечоранинг бокира қизларининг Парижда эллик франкка қадар сотилганиними инсоф тарозисига қўяйлик?..” (Исмоил Ғаспирали. “Оврупа маданиятига бетарафона бир назар”, 1892 йил, 2-нашр, Боқчасарой, “Таржимон” босмахонаси).

Бундан юз, икки юз йиллар олдин ҳам разолат ва фаҳш ботқоғига ботиб кетаётгани ҳақида таассуф билан жар солинган Оврупанинг бугунги ахлоқи ҳамон ўша-ўша: ҳалокатга юз бурган,  аянчли бир аҳволда. Шунча йил ўтса ҳам олдингидан бузилса-бузилдики, ёмонлашса-ёмонлашдики, аммо яхши томонга ўзгаргани йўқ! Бунга эса узоқдан далил-исбот қидириб ўтиришнинг кераги йўқ. Бунинг учун Оврупанинг бугунги ҳаёт тарзи, унинг ахлоқи, унинг мақталган “маданияти”га Оврупанинг оммавий ахборот воситалари кўзи билан бир назар ташлашнинг ўзи кифоя қилади. 

Оврупа жамияти ўзидаги “иймон”, “иффат”, “инсонийлик” иммунитетини йўқотиб, ўрнига «демократия», «ҳурлик», «эркинлик» ниқоби остидаги ҳайвоний ҳирс ва нафсий бузуқликларни таклиф этмоқда. Бу жамиятда фоҳишалик, ахлоқни назар-писанд қилмай кўнглига ёққан ишни бемалол қилиш (бу уларда «инсон ҳуқуқлари» деб аталади) каби иллатлар қадриятга айланиб бўлди. Ўзларининг даъволарича, “уларнинг бу қадриятларини ҳурмат қилиш керак эмиш”. 

Эркакнинг эркакка турмушга чиқиши (масалан, англиялик таниқли қўшиқчи Элтон Жон бутун дунёнинг кўз ўнгида ўзи каби эркакка «эрга тегди»), аёлларнинг бемалол танфурушлик қилиши (Ғарбда фоҳишаларнинг ҳатто касаба уюшмасию махсус газетасигача бор), мактаб партасидаги қизларнинг никоҳсиз туғиб қўйиши каби мусулмонлар учун фожиа саналган ҳодисалар уларда қадрият ҳисобланса, бу, жамиятнинг инқирози, ҳалокати яқинлашганидан дарак бермайдими? 

Яқинда Олмонияда ўз туғишган синглисига уйланиб, ҳатто ундан фарзанд кўрган бир махлуқни (одам дейишга тил бормайди) маҳкамага тортишди ва қамоққа жўнатишди. Ўша махлуқ бу ифлосликка Оврупадаги Голландия, Бельгия каби айрим мамлакатлар қонунчилигида рухсат берилганини рўкач қилган эмиш. 

Католик черковининг раҳбари Рим Папаси насроний усқуфлари (епископлари) ва бошқа руҳонийларининг узоқ йиллар мобайнида черковга хизматга олинган ўғил болаларни мунтазам зўрлаб келгани учун дунё жамоатчилигидан узр сўрагани ҳам Оврупа ахлоқининг нақадар разиллашиб кетганига далолат! Франциядай мамлакатда жаҳонда биринчи бўлиб бир жинсдаги одамларнинг никоҳланишига ва бола асраб олишига қонунан йўл очиб қўйилгани ҳам бу қитъада ахлоқ ва инсонийлик тамоман унут бўлганидан дарак бериб турибди. 

Ғарб дунёсининг ўзи бугун ана шу бузуқлик тантанасининг жабри-жафосини тортиб ётибди. Оврупада миллионлаб аёллар оиласиз яшаяпти. Улар оила қуриш, фарзанд туғиб-тарбиялаш деган тушунчаларни аллақачон унутиб бўлишган. Демократиянинг яна бир устуни Англия марказий статистика бюросининг маърузасига кўра, мамлакатдаги ҳар юз нафар чақалоқдан йигирма учтаси никоҳсиз, зинодан дунёга келган. Газеталарнинг бирида Британия қироллик соқчилари полкида янги аскарларни зўрлаш авжига чиқаётгани ёзилган. Тимоти Ж. Уинтер (Абдулҳаким Мурод) ўзининг «XXI асрда Ислом» китобида ёзишича, Лондондаги оила қадриятлари хусусида ваъз айтувчи 900 нафар руҳонийнинг 200 нафари бесоқолбозликка мойил экани ҳақида турли гап-сўзлар юрибди… 

Англиянинг «Гардиан» газетаси бундай ёзади: «Балоғатга етмаган 200 минг нафар қиз оталарининг ўз номусига тажовуз қилмоқчилигидан ҳимоя қилишни сўраб судларга мурожаат қилган». Британияда оила қурганларнинг учдан бири тезда ажрашиб кетади. Францияда ўқувчи қизларнинг 48 фоизи ўтказилган сўровга кўра, никоҳсиз туғишни мутлақо айб санамайди. Бугунги кунда қитъада миллионлаб кишилар ОИТС (СПИД), тери-таносил касалликларига мубтало бўлган. Қўйди-чиқдилар, эр-хотиннинг бир-бирига хиёнати, бунинг оқибатида ўз жонига қасд қилишлар, етим болаларнинг сони бўйича ҳам Оврупа Иттифоқи бошқалардан олдинда. 

Бугунги Оврупадаги йигитларга ниҳоятда қийин: уларнинг олма-кесак терувчи кўзлари ҳар қадамда  яланғоч таналарга, тиқмачоқ бичимларга тушади. Ҳар қадамда сийнасини, киндигини, баданининг бошқа уят жойларини очиб, кўз-кўз қилиб кетаётган қиз-жувонларнинг шармандаликларига гувоҳ бўлади. Фаҳш тўла газет-журналлар, китоблар, фильмлар ёзилган тасма ва дисклар дўконларни тўлдириб ташлаган, улар билан «танишган» ёшларнинг қони жунбушга келади. Ҳар қадамдаги реклама лавҳалари йигит-қизларни   «эркин жинсий муносабатлар»га чорлаб, бошларини ва онгларини гангитади. Бора-бора улар ҳам шаҳвоний ҳирсларнинг, бузуқлик ташвиқотининг тирик қурбонига айланади. Ғарб олами ҳозир бошдан кечираётган, ҳасратини кимга айтишни билмай боши қотган «жинсий инқилоб»нинг оғуси бугунги кунда ҳаммани ўз гирдобига тортиб бўлган.

Англиялик тадқиқотчи Ричард Билл эса шундай куюниб ёзади: «Оврўпа катта инқирозлар арафасида турибди. Унинг ялтироқ, кўз ўйнатувчи сатанглиги ортида ахлоқсизлик, жоҳиллик, ваҳшат, қалб хасталиклари, ўз жонига қасд қилиш, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, номус топталиши ва бошқа иллатлар яширинган. Ўзаро ҳурмат, ишонч, муҳаббат туйғулари йўқолиб боряпти. Инсоний хислатларнинг унутилиб кетаётгани жуда аянчли. Оврўпалик кишилар бугун фақат моддий дунё ҳисобигагина кун кечирмоқда. Ўлим қўрқуви уларни домига тортган. Оилавий бирдамлик ва унинг аъзолари орасида алоқалар бузилиб боряпти. Давлат кишилари бу муаммолардан чиқиш эшигини топа олмай гаранглар. Бугун Оврўпанинг қаршисида нажотнинг ягона йўли – Ислом йўли турибди. Ундан бошқа ҳеч қандай чора йўқ!». Бу гапларга эътироз билдиришнинг ёки қўшимча қилишнинг  зарурати йўқлиги очиқ-ойдин аён бўлиб турибди!

Кўҳна қитъанинг ахлоқсизлигига бунча кенг тўхталганимизнинг биргина сабаби бор: бизда ҳам ҳамма нарсада оврупаликларга тақлид қилувчи, уларнинг ахлоқсизлик бобидаги хурмача қилиқларига эргашиб, уларнинг номуссизликларини, ҳаёсизликларини ўзимизда ҳам жорий қилишга уринувчилар етарли. Бу нарса айниқса телевидение орқали тинимсиз берилаётган сериалларда, қўшиқчилик ва клипларда, кийинишда, фильмларда, мода кўргазмаларида ўзини кенг намоён қилмоқда. Ушбу сатрларни қоғозга туширишдан мурод, одоб, ҳаё ва иффат асосидаги Шарқ ахлоқи руҳида тарбияланган ёшларимизга ғарбнинг бу хасталигини юқтириб олишларидан ҳимоялаш заруриятининг долзарблиги ҳақида бир огоҳлантириш, холос. 

Аҳмад МУҲАММАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!