«Ойим мени ўлдиради...»

19:00 31.05.2019 437

Қаттиқ ва қўрқинчли овозни эшитиб, кимдир ойнадан йиқилиб кетдими экан деб, кўчага отилиб чиқдим. Ўн икки ёш чамасидаги бир қизалоқ бор овози билан йиғлаётган эди.

– Нима бўлди, қизим? Йиқилдингми? Кимдир сени урдими? Қаеринг оғрияпти?

У йиғлашда давом этарди. Олдига келдим, қўлидан тутиб, кўзларига қарадим:

– Нима бўлди, қани айтчи?!

– Мени ойим ўлдиради... Янги кийимимни йиртиб олдим.. Мен уйга боришдан қўрқяпман...

– Бўлди, тинчлан. Мен ҳозир сенга қандай ёрдам беришни ўйлаб кўраман.

У тинчланди ва кўзларимга қараб, кутиб турарди.

– Мен сени уйимга олиб бориб, кийимингни тикиб беришим мумкин.

У бош силтаб, мен билан кетишга рози бўлди.

– Мени кечир, аммо мен бундай қила олмайман. Мени машина кутиб турибди, бир одам билан учрашувим бор, у эса учиб кетади. Кўришишимиз керак.

У яна йиғлашни бошлади.

– Ҳммм...Бир чора топишимиз керак. Унда бундай қиламиз.

Сен уйга кирасан ва худди ҳозиргидай баланд овозда йиғлай бошлайсан. Унданда баландроқ йиғласанг ҳам бўлади. Ва остонадан туриб: Йиқилиб тушдим, оёғимни синдириб олдим шекилли, деб гапирасан. Онанг қўрқиб кетади, оёғинг синмаганини кўриб, ҳаммаси ортда қолганини англаб, йиртилган кийим катта йўқотиш эмаслигини тушунади. Эслаб қолдингми? Қайтарчи?

Қизалоқ «Тушундим» дегандай ишора қилдида, қайтарди.

Мен машинага ўтирдим, қизалоқ эса, уй эшиги томон секин борарди, эшик қоқишга анча пайт ўйланиб турди.Ҳа, ҳозир таъзирини ейди. Фарзанди қандайдир йиртилган кийимни деб, умуман бегона аёл билан, бошқа уйга кетишга ҳам рози бўлганини онаси қаердан билсин?!(Ҳатто у аёл қизчанинг муаммосини ечиш йўлида ёлғон гапиришни тавсия қилган бўлса ҳам.)

Мен ўша она ва яна юзлаб ота-оналар, ўзим ҳақимда ўйладим...

– Агар кроссовкангни йўқотсанг- машғулотга ялангоёқ борасан.. Курткангни йиртсанг ёки телефонни синдирсанг – уйга келмай қўя қол!

Болалар, шунинг учун ёлғон гапиришни бошлашади. Ўзларини биздан ҳимоя қилиш учун...

Жаҳлимиз чиққанида, биз кўп нарсаларни гапирамиз.

Ҳиссиётларимизнинг 90 фоизи - нарсалар қиммат туриши ва болалар уларни йўқотишса, хафа бўлишимиз тўғрисидаги нотўғри фикрларимиздир.

Ўйламаймиз-ки, болалар аксинча эшитади: Йўқотсам ёки синдирсам - жуда ёмон бўлади. Ва шу «Жуда ёмон» дан қочиш мақсадида улар ёлғон гапиришга, умуман бегона одамлардан ёрдам сўрашга ёки ёрдамини қабул қилишга тайёр бўлади, аммо ота -онасидан эмас...

Йиртилмаган кийим ва синмаган телефон сизга болалар ҳаётидан ҳам муҳимлигини ўйлаган бола - ўз ҳаётини хавф остига қўйиши ҳеч гап эмас.

Албатта, йўқотилган телефон, қимматбаҳо буюмларга ачинамиз, бола уларнинг жавобгарлигини ҳис этиши керак. Майли, жавобгарлигини бўйнига олишсин. Қиммат телефонни йўқотдими, арзонини ишлатсин, кийимини йиртдими, ямоқ кийимда юрсин.

Биз бажаришимиз керак бўлган иш - болага ўз буюмлари ва ҳаракатлари учун жавобгарлик ҳис қилишини ўргатиш ва энг муҳими, кўчадан фарқли ўлароқ, уйда доимо ҳимояда бўлишига ишонч ҳосил қилдиришдан иборат.

Биз ота-оналар - ёрдам, ҳимоя ва қўллаб -қувватлашнинг биринчи захираси бўлишимиз даркор.

Бу бир қизалоқ мисолидаги воқеа эди, холос. Бунга ўхшаш, фожиавий якун топган қанчадан қанча ҳикоялар бор. Болаларга ва ўзимизга инсон тириклигининг ўзи энг катта бахт эканлигини тушунтира билайлик. Ҳар ишда бир ҳикмат бор, ахир.

Болаларни кир қилган кийимлари, тўкиб юборган овқатлари, йўқотиб қўйган ўйинчоқлари учун қаттиқ уришманг! Ҳар қандай ҳолатда ҳам уларни яхши кўришингизни ва уйда интизорлик билан кутишингизни такрор ва такрор айтинг.

Болаларни асрайлик! Улар Аллоҳнинг бизга берган омонатларидир. Омонатга хиёнат қилмайлик!

"Muslima ona kundaligi" телеграм каналидан олинди

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!