Франция сенатининг арманлар ташкил этган Тоғли Қорабоғ Республикасини тан олишига Боку ўз муносабатини билдирди: француз элчиси Захари Гросс Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди ва унга норозилик нотаси топширилди.
Озарбайжон парламенти Францияни Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Минск гуруҳидан чиқариб юбориш таклифини билдирди. Маълумки, ушбу гуруҳ Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал қилиш мақсадида тузилган.
Франция Ташқи ишлар вазирлиги эса баёнот тарқатиб, мамлакат ҳукумати Тоғли Қорабоғ Республикасини тан олмаслигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Франция сенати 25 ноябрда Тоғли Қорабоғни мустақил давлат деб тан олишни кўзда тутувчи резолюцияни қабул қилди. Ҳужжат лойиҳасини 306 сенатордан 305 нафари қўллаб-қувватлади. Ушбу резолюция тавсия характерига эга. Унда “Озарбайжон томонидан Туркиянинг қўлловида амалга оширилган агрессия” қораланган ҳамда Озарбайжон “босиб олган ҳудудларидан қўшинларини зудлик билан олиб чиқиб кетиш”га чақирилган.