Таҳлил

Озод этилмоқ нақадар муҳим?

1049

2017 йилнинг 8 декабрида Президент Шавкат Мирзиёев ўз иқтидори даврида илк марта катта миқёсда афв эълон қилди: 2700 нафар маҳкум жазонинг турли шаклларидан озод этилди. Ўшанда Навоий шаҳридаги қамоқда эдим. Орадан бир ой ўтиб, учрашувга келган онаизорим айтдиларки, уйимизга афв эълон этилган кун қўнғироқлар бўлибди, устозлар, дўсту ёрлар, хешу ақраболар камина афв қилинганми, йўқми - шуни сўрабдилар, тезроқ озодликка чиқсин деб дуо қилишибди.

Орадан қарийб уч йил ўтяпти, ҳар байрамда маҳкумларга афв берилмоқда, минглаб инсонлар юз ёруғлик ила хонадонлари қучоғига қайтмоқда, Алҳамдулиллаҳ.

Навоийдаги ёпиқ қамоқдан ўз вилоятимдаги манзил-колонияга келтирилганимдан сўнг, қонун доирасида барча яқинларим билан бемалол учрашиш, мулоқот қилиш имконига эга бўлдим. Энди ўзимга сим қоқиб, ҳар афв амалиётида: "Чиқдингми?" - деб сўрашади.

Жавобим аён: "Йўқ, ҳозирча. Насиб, ин шаа Аллоҳ!"

Суҳбатдошларимга бир нарсани тушунтиргим келади: озод этилмоқ нақадар муҳим?

Озодлик, аслида, нима?

Қамоқда эканман, озодликнинг асли қалб эрки, руҳ озодлиги эканлигини англаб етдим.

Иймонли инсон учун ҳаётда ёмонлик йўқдир. Аллоҳ иймон келтирга бир мўминга ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмайди.

Қамоқ мўмин учун у қадар даҳшатли эмас. Мўмин учун даҳшатли нарса ўз Роббисига ширк келтирмоқдир. Қамоқ иймонни чархласа, нафсни тарбият этса, мусулмонни Роббисига таслим бўлишга ўргатса, бу чинакам яхшиликка айланмайдими?

Афв гуноҳни кечирмоқ дегани. Афв этилган одам жазодан қутулади. Моҳиятан, Роббиси олдида гуноҳи афв этилган инсонни бошқалар жазолай олармиди?!

Озод этилмоқ ва озод бўлмоқнинг фарқи бор. Қамоқдан озод этилсангу, нафсинг васвасасидан, жаҳолат зулматидан, кибр кишанидан озод бўлолмасанг, бу эркдан не манфаат бор?

Иқрорим шуки, темир панжаралар дунё шовқинидан мени ажратди ва нафсим билан ёлғиз қолдирди. Синган нафсимни эса Роббим қошида тиз чўктирди, Алҳамдулиллаҳ.

Мен излаган ҳаловат, мен истаган ҳуррият нафсимнинг таслимиятида экан. Чинакам дўстлик ва марҳамат эса фақат Отам ва Онамнинг қалбида порлаб турган экан.

Узоқ ва яқиндаги, Ватанимиздаги ва хориждаги ўнлаб дўстларимиз ҳам дуои салом йўллайдилар, озодлик сўрайдилар, Роббим ҳаммаларидан рози бўлсин!

Буларнинг ҳаммаси мушфиқ Ота-Онамнинг дуоларининг ижобатидир.

Акром Малик қамоқдан чиқсин дея курашаётганларнинг ажрлари ниятларига кўра ато этилгай, камина эса бу курашни нафсу шайтонга йўналтирмоқда хайр кўрдим.

Рамазони шариф фазилати ва муборак ийди Рамазон шарофати ила яна маҳқумларнинг бир қанчаси афв амалиёти орқали озод этилди. Роббим уларга хайрлисини ато этсин, амийн!

Камина масаласига келсак, Роббим изн берган кун озодликка чиқарман, қилган кўп хатоларим бор, Ота-Онамга етказган азиятларим бор - уларнинг муқобилида Роббим хайр ишларга қодир қилсин, амийн!

Бу иқрорнинг на кимдандир қўрқиш, на кимнингдир зулмига боғлиқ жойи йўқ. Зотан, жони Роббисининг қўлида эканлигини билган мўмин қўрқмайди. Мазкур битиклар кўплаб дўстларга ибрат бўлсин, зулм ва жаҳолатга қарши курашмоқдаман деганлар билсинларки, зулм - ўз нафсимизга қилган зулмимиздир, жаҳолат - қалбимизнинг маърифатсиз қолишидир. То буни англамасак, зулмга қарши курашяпман деб, ўзимизга зулм этамиз, жаҳолат йўқолсин дея жаҳлга асир бўламиз.

Оламни ислоҳ этиш нафсни ислоҳ этишдан бошланади, ҳақнинг ботилдан ажраши ўзимиз ҳаққимиздаги ҳақиқатларни тан олишдан бошланади.

Амалларимиз ниятларимиз намойишидир, Аллоҳим бизга тоза ниятлар ато этсин, амийн!

Акром МАЛИК

УЛАШИНГ:

« Орқага