Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Озод уюшма

869

IV

Юқоридаги тарихлардан Сотилған оғанинг ҳам унча-мунча хабари бор эди. Суҳбатларда Бобур Шокирхўжаев ҳақида гап кетганда “Ваҳ азамат-эй, шундай деган эканми” деб қўярди. Ўшандай дамларда ўзининг ҳам орган ходимларига қарата: “Қачонгача одамларни ўз ҳолига қўймайсизлар? Қачон бизни ўз ҳолимизча намоз ўқишга, рўза тутишга қўясизлар? Сизларда инсоф борми?” деган гапларини эслайди.

Соғуний домланинг маҳалладаги шогирдларидан бири набираси Бобур ҳақида “янги гап” топиб келганда у ўз шогирди билан машғулот ўтказаётган эди. Тошкентлик шогирднинг ўзига нимадир муҳим гап айтмоқчи эканини сезган устоз:

–  Тортинмасдан сўзлайверинг, бўтам, Сотилғанни танийсиз, у тутинган ўғлим, – деб орадаги хижолатбоз ликни кўтарди.

–  Айтишларича, Бобурхон ҳақида чет эл радиосида сўз кетибди, – деди шогирд ҳаяжонланиб. – Гапирган одам Иосиф Хейфец исмли қамалиб чиққан ёзувчи экан. Унинг гапларини сўзма-сўз ёзиб олишибди, деб у қўлтиғи остидан Соғуний домлага бир дафтарни олиб кўрсатди. Дафтарда шундай сўзлар ёзилган эди: “Мен Бобур Шокировни 1978 йилда Қозоғистондаги тарбия -меҳнат колонияларидан бирида учратдим. У ўрта бўй, бадани чиниққан, ҳар куни тонглаб қамоқхона атрофида беш километрлик масофани югуриб ўтувчи, юз тузилиши ва ҳиссиётларига кўра турк, эътиқоди бўйича эса туркчи бўлган, 30 ёшли Бобур лагерларда катта чойхўрлик давралари ташкилотчиларига хос фазилат – шарқона сахийликка эга ва айни пайтда ўткир зеҳнли, меҳмондўст ва қатъиятли эди.

Бобур тан олинмаган Шарқий Туркистон Республикаси Президентининг набираси. У билан танишгунимга қадар Шинжонда ўшандай тузум бўлгани ва унинг раҳбари Алихонтўра эканини эшитмагандим. Бир вақтлар унинг одамлари бўлган Ислом қўшинлари – босмачилар сифатида Қизил армияга қарши курашадилар ва бу ҳаракат тор-мор этилгач, уларнинг бир қисми совет-хитой чегарасини босиб ўтиб, Гоминдан милитаристлари томонидан бўлиб ташланган жойларда ўзининг Ислом республикасини ташкил этади. Сўнгра Алихон Чан Кайшига қарши Кремль билан алоқага киришади, кейин ўзи ва Сталин ўртасида шартнома тузади: қатъиятли мусулмон Москванинг Узоқ Шарқдаги ўзига хос вакилига айланади.

Мао Цзедуннинг ғалабасидан сўнг Сталин мусулмон иттиқофчисини Хитой муносабатларидан олиб ташлади, бироқ йўқ қилиб юбормади. Алихонга Тошкентда икки қаватли уй ва махсус нафақа белгилайди. Бобурга кўра, қария нафақани олган бўлса-да (Аслида, Соғуний домла  нафақат нафақа, шунингдек,  совет  фуқаролигини  ҳам  олмайди – муаллиф),  аммо бинони болалар боғчасига бериб юборган.

Хитойда Алихоннинг қизи ўз оиласи ва янги туғилган чақалоқ Бобур билан қолган эди (Бобур Соғунийнинг Аслхонтўра исмли ўғлидан набира). Аёлининг ўлимидан кейин Бобурнинг отаси, йирик коммерсант Хитойдан Туркияга чиқиб кетишга қарор қилади. Ўн етти яшар Бобур эса бобосини ўта ҳурмат қилган онасининг васиятига кўра бутунлай бошқа томонга, машҳур қариндошини излаб СССРга жўнайди. Ўзи тенги болалар билан чегарадан ўтиш пайтида қўлга олиниб, устларидан суд бўлади. Прокурор қичқириб: “Бизнинг чегараларимиз муқаддас, уни рухсатсиз босиб ўтган ҳар бир одам – жиноятчи!” дейди. Адвокат эса суддан “Мао тузумининг бечора қурбонлари гуноҳидан ўтиш”ни сўрайди. Ёшлар адвокатни “маочиларнинг зулмидан қочиб келяпмиз” деб ишонтиришган эди... Суд уларни озодликка қўйиб юборади.

Бобур Тошкентда “Бош таъминот” бошлиғи бўлиб ишлайдиган тоғасининг уйини қидириб боради (унинг катта ҳовузли уйи беҳисоб бойлик рамзи бўлиб кўринади). Қариндошлар “хитой”ликни ҳурмат билан, шарқона алфозда кутиб олишади. Тез орада Хитойда мадрасада ўқиган Бобур Исломдан узоқлашган ўзбекистонлик тенгдошлари орасида миллий саводхонлик бўйича атоқли экани маълум бўлиб қолади. Республикада исломий ўтмишга қизиқиш катта эди. Миллий лидернинг набираси, Қуръон ва араб тилини яхши билган, тил соҳасида (биз учрашган пайтда у барча туркий тил ва шеваларида сўзлаша олар, инглиз, немис, француз тилларини тушунар – гапириш учун эса қамоқҳонада шароит йўқ эди, русчани эса қойил қилар эди) ёш ҳамюртлари орасидаги маданий қатламда катта таассурот уйғотди. У турк маданиятчилари деганга ўхшаш бир ташкилот тузиб уни бошқаради. 1968 йилга келиб у охир-оқибат “Пахтакор” стадионида русларга қарши бўлиб ўтган тартибсизликлар ташкилотчиси сифатида 12 йилга озодликдан маҳрум этилади (улар стадиондан ташвиқот сифатида фойдаланмоқчи бўлишган, аммо бир гуруҳ бебошларнинг ўз-ўзидан кўтарилган тўполонлари ташкилотчиларни ҳам ҳанг-манг қилиб қўйган)”.

–  Ҳа, бундай “миш-миш”лар шу пайтгача ҳам бўлган, бундан кейин ҳам кўп бўлади,  – деди Соғуний набираси Бобур ҳақида “янги гап” топиб келган шогирдига қараб – Бу ёғини сўрасанг, ўзим ҳам белимгача “миш-миш”га ботганман, Сотилған. Сен ҳам мендан кам эмассан. Энду бу гапларда рост аралаш ёлғонлар ҳам йўқ эмас. “Миш-миш”ни ким қилади? “Миш-миш” билан туғилганлар қилади. Бундайлар, афсуски, элимиз орасида жуда кўп. Қачонки, жамоатдан диёнат кўтарилса турли ёлғон-ёшиқлар, гумонлар, ўша сиз айтганга ўхшаш “миш-миш”лар урчийди бўтам, – деб шогирдига қаради  Соғуний. – Халқимизда “мевали дарахтга тош отилади” деган гап бор. Бобур ҳам бир мевали дарахт эди. Аммо унинг мевалари ҳали ғўр пайтидаёқ сарғайиб-сўлди... Унинг пишиб-етилиши учун қуёшнинг иссиғи етишмади. Мен халқни қуёшга менгзайман. Аммо бу қуёш қачон ўз фарзандларига тафтини бераркин, берармикин?! Мана “Туркистон қайғуси” китобим ҳам охирламоқда. Сирасини айтганда, ушбу китоб ҳам ўша қуёш-халқнинг тафтига муҳтож, унинг тафтисиз, унинг кўз нурларисиз, унинг қалб қўрисиз бу китоб бир уюм қоғоз бўлиб қолаверади. Мен шундан қўрқаман!

Шогирд устознинг сўзларини маъқуллаб,  гап орасида Тошкент шаҳрида бундан бир неча йил аввал Бобур тузган “Туркистон” дастурига ўхшаш яна бир “Озод уюшма” тузишга уринган ёшларнинг сардори қўлга олинганини айтди.

Соғуний шогирдининг деганларига муносабат билдирмади. Аксинча, унинг ўзи ҳақида ўйлади. Бу бола ҳафтада бир келиб сабоқ олиб кетади. Қуръонни ўзлаштириши яхши. Ҳадис илмини ҳам ўқияпти. Аммо...Нега у ҳар сафар сабоққа келар экан, кўпинча сиёсат билан боғлиқ гапларни топиб келади. Савдо соҳасида ишлайман, деган эди. Наҳотки... Йўғ-э, бундай бўлмаса керак... Албатта, мен ва менинг олдимга келиб-кетувчилар ҳар доим назоратда бўлишган. Бу бола ё ўша ...ларданмикан? Юқоридагига ўхшаш хабарларни етказиб, мени синамоқдамикан?.. Йўқ! Ундай эмас. Мен Абулборийни биламан!

Шогирднинг исми Абулборий эди. У домланинг бир нуқтага тикилиб қолганини кўриб, “айтганларим домлага хуш келмади чоғи” деб ўйлади.

–  Домла, бир дўстим бор, нозик жойда ишлайди,– деди Абулборий Соғунийнинг диққатини тортиш учун. – Бундай гапларни ўша дўстимдан эшитаман. Қачон учрашсак: “Борий биз ҳам ўзимизча яшайдиган кунларга етармиканмиз”, деб кўп айтади. Агар сизга оғир ботган бўлса узр, домла.

–  Бу дунё катта бозор, Абулборий махсум,  – деб хаёлларидан узилди Соғуний. – Бу бозори азимда харидоргир овқатдан касоди кўпроқ. Сўз ҳам бир овқат. Унинг баъзиси кўнгилни тўлдирса, баъзиси хижил қилади. Сиз айтганларингиз кўнгилни тўлдирадиган сўзлардир. “Озод уюшма” дедингизми? Қайдан чиқибди бу уюшма? Сардори ким экан?

 –Миртемир  Мирабдуллаев  исмли бир олим, бошқа  тафсилотларни  танишим айтмади – елка қисди Абулборий.–  Ўша нозик одам гапнинг учини чиқариб, бердисини айтмабди-да, ҳа, майли. Бугун одамлар масжидга ҳам кам чиқишяпти. Жамоат бўлиб намоз ўқишда катта савобга эришишдан ташқари, унинг дунёвий манфаатлари ҳам бор. Одамнинг тафтини одам олади. Намоздан олдин, намоздан кейин бир-бирлари билан учрашадилар, суҳбатлашадилар. Сиз айтгандай, янгиликлардан бохабар бўлинади. Шу маънода одамларнинг яхшилик йўлидаги ҳар қандай йиғинини қутлаш лозим. Инсон бир-бирига суяниб дардини аритади. Энди бу гаплардан тушунмаслик керакки, йиғинларда одамлар бир-бирлари билан учрашса бўлди, уларда латифагўйлик бўладими, кўнгилхушлик қилишадими, энг муҳими учрашув, гап-гаштак, деб. Йўқ ундай эмас. Ўша сиз айтган нозик одамнинг “Биз ҳам ўзимизча яшайдиган кунларга етармиканмиз?” деб айтган гапларида катта маъно, катта армон, катта умид бор. Сиз билан биз ҳаётимиздаги ана шундай маъно, армон, умидларни топадиган, уларга йўл кўрсатадиган одамлар билан учрашишимиз, суҳбатлар қилишимиз лозим бўлади. Ҳаёт оламида тарбият-саҳобат каби таъсирли нарса йўқлиги шубҳасиздур. Ёлғиз инсонга эмас, барча жонлик мавжудотларда таълим-тарбия кўз олдимизда кўрилиб, бунинг натижалари бутун дунёга тарқалиб турмоқда. Ўқитиш-ўргатиш бу ён турсин, суҳбатнинг ўзи ҳам, суҳбатдошларга ўт билан сувдек тез ўтади. Шунинг учун ҳам ҳар кимга унинг суҳбатнинг йўлдошларига қараб баҳо берилади... Нуҳ пайғамбарнинг ўғли ёмон йўлдошларга қўшилиб эди, пайғамбарзодалик файзидан ажради. Асҳоби Каҳфнинг ити яхшиларга эргашиб, Қуръонда қиссаси айтилиб, ҳақ йўлидаги одамлар қаторига кирди.

Агар сиз айтган “Озод уюшма” яхшилиғ йўлида эл-юртимизга нафи тегадиган бўлса, уни сардорини қамашиб зулм қилишибди. Зотан, бугунги ҳуқуқ-тартибот идораларимиз зулмдан бошқа ишни билишмайди. Энди бугунги куннинг сиёсати шундайки, нима қилиб бўлса ҳам, халқни бошини икки оёғи орасига тиқиб, қўрқинчда ушлаб туриш. Айниқса, Ўзбекистон мамлакатимиз Масков маккорлари учун топилмас бойлик. Советга қарашли бутун ўлкалар давлат таркибида гавда мисоли бўлсалар, улар олдида Ўзбекистон ҳаёт берувчи жон ҳукмидадир. Бизнинг Ватанимиздан нималар чиқмайди? Бу бойликлар қаёққа кетаётгани ҳаммага маълумдир. Бирни бериб, мингни оладилар, шунга кўра ўтган чор ҳукумати давридан бошлабоқ Туркистон ўлкасини доимий равишда қўлдан чиқармаслик, имконини топса, бу ўлкаларни тўла мус тамлака қилиш сиёсати бошланмиш эди.

Биринчи дунё уруши чиқиши билан олам сиёсати ўзгарди. Ўша замон ўрис подшоҳлари тахтларидан ажралгач, бу мамлакатда коммунистлар фирқаси ғалаба қозондилар. Бунинг натижасида совет ҳукумати қурилиб, унга қарашли бутун ўлкаларда динсизлик, Худосизлик бошланди. Энди бу аждарҳодан қутулиш учун қандай чора қўлланиши керак деган масаланинг вақти ўтганидан бу ҳақда фикр юритиш зарурмикан? Бугун кўплаб дардини ичига ютиб юрган одамларнинг қўяётган саволи шудир. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ғойибдан хабар берган мўъжиза сўзларига қараганда ва ҳам ҳозирги (1968 й.) жаҳон сиёсатининг кетишича, олдимизда улуғ воқеалар бўлиши, шубҳасиздир...

Соғуний шундай дер экан, Абулборийга зимдан қараб қўйди. Шубҳа ўлсин,  – деди кўнглида у,  – Абулборийнинг менга содиқ шогирд эканига ишонаман. Аммо шундай бўлса ҳам яна ким билади... Йўқ, бу энди унга нисбатан туҳмат, маломат бўлади.

–  Ана шунақа гаплар, бўтам,  – сўзини давом эттирмоққа шайланди ўйларидан узилиб Соғуний. – Ўтган ойда Чехословакияда юз берган ёшларнинг кўтарилиши, ўзимизнинг “Пахтакор” стадионимиздаги ҳодисалар ўшандай воқеалардан эмас, деб ҳам айтолмайман. Аммо мен бугун мавжуд тузумни қурол билан, ур-тўполон билан ўзгартиришга мутлақо қаршиман. Ҳозирги замон буни кўтармайди. Бугун ҳамма нарсага қон тўкмасдан илм билан, ақл билан эришиш мумкин. Фақат бунинг учун сабр-тоқат, қатъият ва албатта, вақт керак.

(давоми бор)

Ёқубжон Хўжамбердиевнинг “Соғуний” китобидан олинди

ЭСЛАТМА: Сиз бу ва яна турли қизиқарли китобларни Азон китоблари нашриётининг телеграм каналидан топишингиз ва харид қилишингиз мумкин.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Канада 10 000 мусулмон уйғурни кўчиришни таклиф қилмоқда

686 22:10 02.02.2023

Самарканд Эрон ва Мовароуннаҳрнинг форс тилли шоирлари шеърларида

313 21:35 02.02.2023

Масхаралашми ёки сўз эркинлиги?

489 21:07 02.02.2023

Юрагини бўйсундиролмаётган аёл

905 20:05 02.02.2023

Тазйиқ ва қўрқув: Моди даврида ҳиндистонлик мусулмонлар ҳаёти

665 18:45 02.02.2023

Қуръон сура ва оятларини кириллчада ёзиб ёдласа бўладими?

1457 17:20 02.02.2023
« Орқага