Парпиевлар оиласи: «Хавотирга ўрин йўқ. Фазлиддин қори билан Мусулмонлар идорасида суҳбат бўлди, холос»

21:51 08.09.2018 14310

Куни кеча Тошкент шаҳар "Омина" жоме масжиди имом-хатиби Фазлиддин Парпиевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга фуқароларнинг диний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш мавзусида йўллаган видеомурожаати ҳамда жума маърузаси ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Бир қанча муддатдан сўнг имом Фазлиддин Парпиев йўқолиб қолгани ёки ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб кетилиб, унга босим ўтказилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Azon.uz мухбири ушбу ҳолат юзасидан Фазлиддин Парпиевнинг оила аъзолари билан боғланганида, улар Ўзбекистон Республикаси Президентига йўлланган видеомурожаат бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари имомни олиб кетишмаганини ва унга ҳеч қандай босим бўлмаганини билдиришди. Шунингдек, имомнинг оила аъзолари ҳам хотиржам эканлиги, уларга ҳам ҳеч қандай таҳдидлар қилинмаганлиги маълум бўлди. Имом Фазлиддин Парпиев Жума тезиси ва мурожаат юзасидан фақатгина Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига чақиртирилган ҳамда раҳбарият билан суҳбат ўтказилган.

Бу ҳақда қўшимча маълумотлар аниқланса, эълон қилинади.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!