Парвоз

20:05 13.08.2019 1341

Ёш альпинист чўққига байроқ қадаш истагига тушди. У чиқмоқчи бўлган тоғ унчалик баланд бўлмаса ҳам, бошқалардан ажралиб турган ҳолати сабабли ҳамма бу тоғга чиқишга журъат қилолмасмиш. Тоғнинг тик қияликлари, чуқур ёриқлари уста альпинистларни ҳам чўчитарди. Лекин таҳликали жиҳати шундаки, ёриқларнинг аксарияти қор билан қопланганди. Бу хавфли ҳудудда бахтсиз тасодифга йўлиққан йўловчилар юзларча метр пастга қулаб тушарди. Бу ердан ҳатто тоғ эчкилари ҳам қўрқар экан. Агар кексароқ такани раҳбарлик қилишга кўндира олишмаса, бўйинларини букиб ортга қайтишарди. Хуллас, бу тоғда қушлар ва эчкилардан бошқа жонзот кўринмасди. Шунингдек, баъзан тоғ сичқонлари учрамаса, бирор жонли мавжудодни учратишнинг ўзи маҳол эди.

Ёш альпинист тоғдаги бу машаққатларни яхши билишига қарамай қалбидаги истакка енгилди. Бир куни қатъий тайёрланиб, булутларга тегиб турган чўққи сари йўл олди.  Беш кундан кейин мақсадига етди, аммо бир қараса, бургутлар доира ясаган жойда соч-соқоли оппоқ бир одам учиб юрган экан. Йигит қаттиқ чарчаганидан ҳеч нарсани ўйлайдиган аҳволда эмасди. Кўзига кўринганни рўё санаб ўгирилиб кетаётган эди, “Ҳормасинлар!” деган овоз эшитилди ён томонидан.

– Чиндан ҳам уста альпинист экансан. Бир неча кундан бери сени кузатаман.

Ёш альпинист гувоҳи бўлаётгани ҳолатдан севиниб боладай қийқирди. Осмонда учиб юрган одам унга гапираётган эди.

Кекса киши йигитнинг ўпкасини босиб олишини кутиб:

– Сен бу чўққига чиққан учинчи альпинистсан, – деди жилмайиб. – Ўн беш йиллар олдин сенга ўхшаган бир йигит ҳам чиққан эди. Лекин бу ерда узоқ пайт қолиб, менга бир оғиз хабар бермасдан кетиб қолганди. Энди иссиқроқ бир нима ичиб, исиниб олишинг керак. Ундан кейин овқатланиб, дам оласан, иншаллоҳ.

Йигит турган жойида ерга чўккалар экан, кекса киши унга бир пиёла чой узатди. Атрофга чойнинг хушбўй ҳиди тарқади. Янги дамланган, қайноққина, хушбўй чой...

Чўққининг олд қисмидаги қояда бир ғор бор эди. Қария яшайдиган, ҳам ўзи, ҳам эчкиларини асрайдиган бошпана эди у. Шу ерда суҳбатга берилдилар.

Йигит тинимсиз саволлар бера бошлабди. Қариянинг қаердан келганини, кимлардан эканини, бундай баланд мақомга қандай эришганини сўради.

Қария меҳмонни ранжитмай барча саволларига жавоб берди. Аввал катта шаҳарда яшаганини, жирканч ботқоққа ботгандек саноқсиз гуноҳларга қўл урганини, алал-оқибат  шу тоққа қочиб ёлғиз ўзи яшаётганини, қисқаси, гуноҳлардан узоқлашганида, Роббиси уни гўзал мақомот билан сийлаганини чиройли ифода билан сўзлаб берди. Аммо негадир бу ерга олдин келган йигитлардан гап очмади. Йигит унинг сўзларидан қаттиқ таъсирланиб, шу қария каби умргузаронлик қилишни, Аллоҳга бандалик қилишдан бошқа ташвишни четга суриб, Самога юксалишни мақсад қилди. Агар у қариянинг ёнида қола олса, ҳамма ишлари мукаммал тарзда амалга ошар, ҳеч нарсадан шикояту норозилиги бўлмасмиш.  Кекса киши шу заҳоти йигитни огоҳлантирди:

– Бундай мақомотлар исталмайди, балки ато этилади. Асл мақсадимиз эса Аллоҳнинг розилигига эришишдир. Айниқса, само узра юксалишда...

Қариянинг қалби ҳеч кимга “Бўлмайди!” дейишга йўл қўймасди. Шунинг учун ёш альпинистни қатъий огоҳлантирди:

– Бу Аллоҳнинг иши, ато этишни истаса, У этади. Осмон қадар юксалиш учун ҳар қандай гуноҳдан узоқлашиш керак. Зотан кўкка юксалиш жуда ҳам хавфли. Ерда бирор гуноҳ қилсанг, яшаб юришинг мумкин, аммо осмонда гуноҳга қўл урсанг, барбод бўласан, унинг бадалини тўлаш мумкин эмас!..

Йигит ўзича бу ерда мени гуноҳга бошлайдиган ҳеч нарса йўқ дея ўйлади. Пастда фақат қўй-қўзилар, юқорида эса қушлар ва бургутлар бор. Кекса отахон беҳудага хавотир оляптилар, дея ўзича кулимсираб қўйди.

Кўкка юксалиш борасида кекса отахон ҳеч қандай кафолат бермаган бўлса-да, охир-оқибат меҳмонига бўйинсунди. “Майли, сен айтгандай бўла қолсин. Ҳар ишда бир хайр бордир”, – деди отахон.

Орадан беш йил ўтди. Йигит қариянинг яшаш тарзини кузатиб шуларни ўрганди. Қуръони каримни ёддан қироат қилар экан. Зикру шукр тилидан тушмасмиш.  Аввалги гуноҳлари учун кунда энг камида минг бор тавба қилармиш. Таҳажжудлар, нафл намозлари, минг бир турли зиклару, рўза ибодатлари ниҳоят кутилган мевани бера бошлабди. Ва бир Рамазон кунида, катта эҳтимол билан Қадр кечасида ердан бир неча метр кўтарилишга муваффақ бўлибди.  Ҳайитдан олдин бай   рамни бошлаб юборибди йигит. Севинганидан юраги шу қадар ҳаприқиб кетибдики, ҳали беш йил машаққат чекиб чиқиладиган юксакликка кўтариладиган ҳолатга келибди.

Кекса киши унинг аҳволини кўриб яна бир бор йигитни огоҳлантирди:

– Бу мақомотнинг ҳақини адо этишинг керак. Зинҳор ўзингни йўқотиб қўйма, жуда аччиқ тарсаки ейсин! Ибодатларингни яна-да орттир! Тоғдаман-ку деб ўзингни бепарво қўйиб юборма! Дунё ҳаётининг гуноҳлари тўрт томонимиздан ёмғир каби устимизга ёғади. Шубҳали нарсаларга асло яқинлашма! Айниқса, кўкка кўтарилганинг сари ҳеч беҳуда ўтирма. Бу мақомда хатолар қабул қилинмайди. Кейин жуда ёмон ағанаб тушасан. Оғиз-бурнинг қонга тўлади!

Йигит ўзига қатъий ишонган экан. Самода парвоз қилаётган қушлардан ўзи истаса ҳам унга зарар келмас экан. Қушларни ўлдирмайди-ку, ахир! Бир куни йигит яна кўкка парвоз қилибди. Аввал беш кундан тирмашиб чиққан чўққисини булутлар устидан туриб кузатиб, тафаккур қилаётган экан, янада баландроқда учиб юрган бир нимага кўзи тушди. Йўловчи учоғи экан бу, мовий бўшлиққа оппоқ чизиқлар чизган...

Йигит қизиқсиниб бир ҳамлада унинг ёнига чиқиб олди. Аввал қанотларидан бирига ўтириб олибди. Сўнг оҳиста бир панжарага яқинлашди.

Ичкарида юзлаб инсонлар бор экан. Юмшоқ ўриндиқларда яйраб кетаётганлар, гўдакларини эмизаётган меҳрибон оналар, ниҳоятда бежирим кийинган тадбиркорлар ва уларга хизмат қилишга ҳозиру нозир очиқ юзли, қадду қомати келишган, оҳу кўзли стюардессалар... Ҳар бири дунёда ягона гўзалдек. Йигит стюардессаларни кузата бошлаганида, иситмали бемордек қалтирай бошлабди ва ўша ондаёқ учиш қувватидан маҳрум бўлди. Пастга қулаб кетай деганда бир амаллаб учоқ қанотига тирмашиб қолди. Бу орада қўрқувдан чинқирса-да, учоқда ҳеч ким уни эшитмади, кўрмади. Кекса киши пастдан уни кузатиб турган эди. Ўн йиллик меҳмони учоқ билан бирга кўздан ғойиб бўлар экан:

  • Демак, бу ердан кетгиси келган экан, – дея ўйлади. – Хизматларим унга малол келибди. Лекин ўзи жуда чиройли учар эди, нега учоқнинг қанотига тирмашиб олди? Ундан аввал келган йигит ҳам бир учоққа тирмашиб кетган эди...

Жунайд Суави

Таржимон: Умида АДИЗОВА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!